“ЭЛ ФАРРОШЛИКНИ РАВО КЎРСА...”
Шаҳар кўчаларини ҳар куни супуриб-сидириб турмасанг, ободончилик соҳасида қилган ишларинг бир пул. Йўлакка ташланган ножўя битта нарса бир зумда минглаб одамнинг таъбини хира қилади.
Мисолни ўзим яшайдиган Тошкент шаҳрининг Афросиёб маҳалласидан олақолай. Кўчага чиқиб, қай томон юрманг, элчихона, вазирлик, меҳмонхона, давлат муассасаси ё олий ўқув юрти қошидан чиқасиз. Бундай жойлар, албатта, нафақат ватандошлар, балки чет элликларнинг ҳам доимий назарида.
Тошкентда саҳар уйғониб, кўчага биринчи бўлиб мен чиқаман, деган одам адашади. Исботими? Илгари шоира Зулфияхонимга ёдгорлик ўрнатилган сўлим хиёбоннинг (ҳозир белорус адиби Якуб Колос бюсти қўйилган. Аҳоли у ерни ҳануз суюкли шоирамиз номи билан тилга олади) йўлакларини Тўйтепа, Бўзсувдан келадиган ажойиб сингилларимиз Умида Маърипова билан Одина Тожиева, этак томонини эса бектемирлик Рустамжон Мамадалиев аллақачон ёғ тушса ялагудек қилиб қўйган бўлади. Автоқатнов тинмайдиган катта, равон йўлларда эса Бўзсув томонлардан келадиган Тастангул Ўролова, Майрам Шерова, Соҳиба Дадаева, Нурхон Асомовалар жавлон ураётган бўлади. Ажаб, дейсан ичингда, улар шунча масофадан етиб келишга қачон улгура қолишди экан?
– Саҳар тўртда уйдан чиқамиз, – дейди Умидахон ийманибгина.
Саҳар тўртда йўлга чиқиш учун камида бир соат олдин уйғониш керак.
– Демак, Тошкент шаҳрини сиз уйғотар экансиз, – дейман ҳазиллашиб.
Умида кулиб қўяди. Дарҳақиқат, Тошкентни фаррошлар уйғотади, десак бўлавераркан.
Фаррош Рустамжон Мамадалиев эллик ёшини қаршилабди.
Иккита ўғли бор. Каттаси шофёр экан. Кичиги, мактабни тугатибди. “Худо хоҳласа, каттамизни уйлаймиз деб турибмиз”, дейди ички бир шукроналик билан. Рустамжоннинг айтишича, унинг онаси ҳам заводда фаррошлик қилган.
– Волидамиз ҳам бизни кўча супуриб катта қилувдилар. Худога шукур, йиртиқ-ямоқ киймадик. Мен ҳам болаларимни шу касб билан боқаяпман!
– Болалар фаррошлигингиздан ор қилишмайдими? – сўраймиз ундан.
Рустамжон фарзандлари томонидан бундай малолланишни ҳеч қачон сезмаганини айтди.
Хайрият, ота-онасининг топганини лоппа-лоппа еб, уларнинг касбидан ор қиладиган болалар қанча?!...
Яқинда интернетда Россияга бориб пулдор бўлиб кетган бир йигитнинг фикрларини ўқиб қолдим. У, ҳаётда не кўйларга тушмадим, хатто фаррошлик қилдим, деб ёзғирибди. Сўзларида мусофирчиликда фаррошлик мени очлик, яланғочликдан сақлади, деган шукроналикдан кўра, шаънимга ярашмаса ҳам ўзимга шу касбни раво кўрдим, деган аламли маломат силқиб турарди.
Ҳай, йигит-а! Шарқона қадриятлардан озгина воқиф бўлганингда, шу фикрингни айтмаган бўлармидинг! Гапларингни ўқиб бундан ўн беш-йигирма йиллар илгари пойтахтнинг турли даҳаларида кўча супуриб юрадиган оқсоқол ёдимга тушди. Этиксимон калишини судраб, гоҳ Оқилон, Кўкча, Ракат, гоҳ Самарқанд дарвоза томонларда пайдо бўлиб қоларди. Фаррош десангиз, у муқим бир жойни супурмасди ҳам.
Қайси йили маҳалламизда бир киши вафот этди. Хилхонаси Яккасарой қабристонида экан. Майитни олиб бораётиб, ҳалиги фаррош Усмон Носир кўчаси йўлакларини супуриб юрганига кўзимиз тушди. Бироз ўтгач, ўша чол шошиб пешин намозини адо этиш учун масжидга кириб кетяпти. Ёнимдаги нотаниш оқсоқолдан унинг кимлигини сўрадим.
– Э, у кишими, асли, ҳеч нарсага муҳтожлиги йўқ. Локин, шу амални одат қилган. Беш вақт намозни қайси масжидга яқин бўлса, ўша ерда ўқийди. Оллоҳ розилигини одамларнинг йўлини тозалаб топаманмикан, деган сўфийлардан. Сарасоп солинг-а, жанозада ҳам қатнашади...
Намоз тугагач, “фаррош амаки” жанозада ҳам, маййитни қўйишда ҳам иштирок этди-да, кейин масжид кираверишидаги ариқчага ташлаб қўйган супургисини олиб, калишини судраганича, яна катта кўча томон жўнаб кетди...
Фаррошлик ҳам боқий дунё саодатига элтиши мумкин бўлган амаллар сирасига киришини, “Эл фаррошликни раво кўрса, супургини муқаддас тутгум” деган ҳикмат ҳам бежиз пайдо бўлмаганини ана ўша “ўзига тўқ фаррош” чол мисолида ҳам кўргандай бўлдим.
Фаррош бобо бу ёлғон дунёдан ўтдими, кўринмай қолди. Бандаликни бажо келтирган бўлса, Оллоҳ рози бўлсин! Тирик бўлса, умрини узоқ, имонини саломат қилсин!...
Бизнинг Афросиёб, Шароф Рашидов номидаги маҳаллалар кўчалари тозалиги Миробод тумани ободонлаштириш бўлими ишчи-хизматчилари зиммасида. У томони Жанубий Корея, Туркманистон элчихонаси, яна қанча идоралар. Бу томони беларус адиби Якуб Колосга ёдгорлик ўрнатилган сўлим хиёбон. Кечасию кундузи одам аримайди. Зиёратга келган хориж сайёҳларини ҳам кўп учратасиз бу ерда.
Уйинг қандайлигини меҳмон келганида кўр, деган гап бор. Бу борада кўнглимизни хира қиладиган ҳолатлар ҳам йўқ эмас. Энг оғриқлиси, кўп қаватли уйда ит боқиб, бўшантириш учун яшнаб турган кўкаламзорларга олиб чиқувчилар. Сен майсаларга озор етказмай деб авайлайсан. Аммо кимлардир кўппаги билан бемалол тепалаб, бамайлихотир “тўсиб” туришганини кўриш... алам қиларкан. Бу ишингиз яхши эмас, десанг сени ҳайвонот дунёси душманига чиқаришади. Жоҳил, бағритош одамга боққандай ўқрайишади. Ўдағайлаб қоладиганлари ҳам бор. Ортиқча гапирсанг, итига ғажитиб қўйишидан чўчиб, жимгина кетишга мажбур бўласан. Лайча тугул, бўрибосарларига бурундиқ тутиш ҳам аллақачон таомилдан чиқиб бўлди.
Сен тепалашга ботинмайдиган кўм-кўк майса устида эшакдай кўппаги билан истироҳат қилиб юрадиганларни кўриб ажабланмай ҳам қолдик. Бу ҳол одоб, ахлоқдан эмаслигини, тушунтирсанг:
– Ит кирмасин деб қаерга ёзган, кўрсат?! – деб талаб қилишади. Бундай мушкул аҳволдан қутқарадиган зорманда белгилар эса йўқ. Ноилож тилингни тишлайсан!
Худо хайрингизни берсин, майли, итингизни сайр қилдиринг. Фақат ҳожатини бизнинг “дом”имиз олдида амалга оширманг-да! Биламиз, итни кўп нарсага ўргатгансиз. Сайрини кўчада, ҳожатни уйда ёки махсус жойда амалга оширишини ҳам ўргатсангиз, нур устига нур бўлади!
Уйимиз олди, деб маҳаллийчилик қилишимиз боиси, тунов куни катта булдоги билан сайр қиладиган бир йигитдан қайси домда яшашини сўрадик. Айтмади. Қўрс, анчайин беодоблигидан у бу атрофнинг боласи эмас!
Болтиқбўйи мамлакатларида йўлакка папирос ташлаган одам 50 доллар жарима тўлайди. Юксак маданият, соғлом турмуш тарзига амал қиладиган юртларда итнинг ахлати нари турсин, ерга ташланган “бучок” ҳам ўша ерда яшовчи аҳоли соғлиги учун жиддий тахдид саналади. Ит ахлати қуриб, атроф муҳитга хавфли микроб тарқатиши, касалликлар келтириб чиқариши илмий исботини топган!
Жанубий Корея элчихонасини қўриқлайдиган гвардиячи йигитларнинг ҳам бу борадаги фикрларини билгимиз келди:
– Анави хонимни огоҳлантирсанглар бўлмаймиди? – деймиз сал нарида итини бўшантираётган аёлга ишора қилиб.
– Э амаки, биз уларга бирон нарса деёлмаймиз. Ишинг элчихонани қўриқлаш, дейишади. Кеча биттасига танбеҳ берган эдик, устингдан порталга ёзаман, деб кетди. Айримлари шундоққина буткамиз олдида шу ишни амалга оширишади. Начора, тозалаб қўя қоламиз!..
– Элчихонадагиларнинг бу борада фикри қанақа? – дея қизиқамиз?
– Уларнинг бу ҳолга муносабатини, билмаймиз. Ҳар ҳолда, мақбул кўришмаса керагу, индашмайди...
Кўпчиликка малол келадиган яна бир ҳолат: сайилгоҳларнинг ажойиб курсиларида ўтириб, писта пўчоғини шундоққина биқинидаги махсус идишга эмас, оёғининг остига пуфлайдиганларни кўриб, улар ўз уйларида ҳам шундай қилишармикин, дея ажабланасан. Йўқ, улар уйида бу номаъқулчиликни эп билишмайди!...
Хиёбоннинг бир ёни Темирйўл бошқармаси. Катта идора бўлгани учун кунора мажлис. Бошқармага кириб кетган раҳбарини кутиб ўтирган шофёрлар ҳам писта чақиб “вақт ўлдиришади”. Аксарияти 40-50ни қоралаган одамларга писта чақманг, чиқинди ташламанг, дейишга ҳам истиҳола қиласан.
Фаррошларнинг айтиши бўйича, хиёбон янги очилган пайтда чиқинди ташламаслик, ит етаклаб кирмаслик ҳақида махсус белгилар бўлган. Демак, кимлардир уларни йўқ қилган. Ким йўқ қиларди? Жамоат жойларида итини майсага бўшантиришни одобсизлик, номаъқулчилик деб билмайдиган ноинсоф кимсалар, албатта.
ҚАТЪИЙЛАШИШ ФУРСАТИ КЕЛДИ, ЧОҒИ
Хосиятли бир касб баҳонасида, кўнгилдаги бир қанча гапларни айтиб олдик. Ҳар қалай, тозалик, покизалик борасида республикамиздаги умумий аҳвол қандайлиги чуқурроқ ўрганилиб, катта шаҳарлардаги кўчалар ва йўлаклар, кўкаламзор жойларга чиқинди ташламаслик, айниқса, кучук ҳожат чиқаришини таъқиқловчи белгилар ўрнатиш ўта аҳамиятли заруратга айланди.
Сўлим, гўзал хиёбонларимизнинг тозалиги ва озодалиги учун қайғуриш маданиятли инсонман, деган ҳар бир юртдошимизнинг бурчи эканини ирқи, миллатидан қатъий назар ҳар бир ватандош ҳис этишларини истардик.
Умуман, бирон чет эллик бу юртда ободончилик бобида хўп яхши ишлар қилинади, аммо тозаликка эътибор беришмайди, дея эскартишини кутмай, қонунларга зарур ўзгартишлар киритиб, ижросини ҳам қатъийлаштириш вақти келди.