October 13, 2023

БРЭДБЕРИНИНГ АДАБИЙ МЕРОСИ  

Рэй Брэдбери ўзидан улкан адабий мерос: деярли мингга яқин турли жанрдаги асарлар қолдирган! Уларнинг саккиз юздан ортиғи – романдан бошлаб ҳикояларгача – барча жанрларда ёзилган.

ФАҚАТ ИЛМИЙ ФАНТАСТИКА ЭМАС

Рэй Брэдбери жаҳон адабиётида илмий фантаст ёзувчи сифатида танилган бўлса-да, унинг асосий асарлари фэнтези ва эртак (ёки ривоят) сингари жанрларда ёзилган. Бредберининг асосий хизмати шундаки, илмий фантастика жанрини кенг китобхонлар оммаси орасида тарғиб этди. Унга қадар мазкур жанрга деярли эътибор қаратилмасди.

ЎРТА МАЪЛУМОТЛИ

Адиб бор-йўғи ўрта мактабни тамомлаган. Оиласи камбағаллиги сабабли на коллеж, на университетда ўқиган. Мактабни битиргач, газета сотиш билан машғул бўлган. Аммо бу борада у кўп ташвиш чекмаган: “мен университет эмас, кутубхонани тугатганман”, деган.

РЭЙ БРЭДБЕРИ ВА КИНЕМАТОГРАФИЯ

Брэдберининг асосий иши ёзувчилик бўлса-да, кино унинг ҳаётида муҳим аҳамият касб этган. Машҳур Хичкок билан самарали ҳамкорлик қилган ва “Қушлар” фильми сценарий муаллифи бўлишига бир баҳя қолган. Брэдбери ижодий фаолиятида кўплаб киносценарийлар ёзган, унинг сценарийси асосида суратга олинган машҳур фильм – “Моби Дик”. Брэдбери таниқли совет кино режиссери Сергей Бондарчук билан шахсан таниш бўлган.

ИЖТИМОИЙ ФАЛОКАТ

1932 – янги йил байрамида Брэдберига ўйинчоқ ёзув машинкаси совға қилишади. Орадан беш йил ўтгач, 10 долларга ҳақиқий ёзув машинкаси сотиб олади. XX ва XXI асрларда эришилган бир қанча буюк ихтироларга қарамай, ёзув машинкаси Брэдберини мамнун этган камдан-кам ихтиролардан бири эди. “Фаренгейт бўйлаб 451” асари ва айрим ҳикояларида у “қулоққа тақиладиган” радиотелефонларни башорат қилган ва уларни одамларни ёлғизлатиб қўядиган “ижтимоий фалокат”, деб баҳолаган. У ҳеч қачон компьютердан фойдаланмаган, 2009 йилга келиб, интернетни “асосан, вақт совурадиган пуч нарса”, деб атаган.

БИР КУНИ...

Бир гал Брэдбери, ўзининг фикрича, барча муваффақиятсиз ва бўш ҳикояларини йиғиб, ҳовлисида катта гулханда ёқади. “Икки миллион сўзни ёқиб юбордим”, деган экан кейинчалик ўзидан хафа бўлиб. Бу воқеа унинг “Фаренгейт бўйлаб 451” номли романига асос бўлган. Қизиқ, романнинг номидан маълумки, қоғознинг ёниш даражаси ҳақиқатан цельсий бўйича 451 даражадир. Брэдберининг хонасида F-451 автомобиль рақами турган, аммо ёзувчи ҳеч қачон машина ҳайдамаган экан.