ОЙЛАРНИ УХЛАТДИК ЭРТАКЛАР АЙТИБ
Қарагин, осмон кенг, ер ҳам бепоён,
Мен эса ҳаловат истайман сендан.
Қарагин, сени деб типирлайди жон,
Мен эса муҳаббат излайман сендан.
Чопаман, ҳув парқу булутни қувиб,
Топмасам, ўзимдан кетарман совуб,
Кўксимга бир роҳат излайман сендан.
Топишдик, суйишдик, дилга тўй бериб,
Айрилмоқ истамас эди-ку кўнгил.
Мен қолдим, узоққа кетдингми учиб,
Кўнгилга саёҳат излайман сендан.
Ойларни ухлатдик эртаклар айтиб,
Қуёшни уйғотдик саҳарлар билан.
Кутаман, биламан, келасан қайтиб,
Яна бир ижозат излайман сендан.
Дунё кенг, кўнглимиз ундан-да теран,
Яна бир гул суҳбат излайман сендан.
Қаршингда гуноҳкор бу қалбим билан,
Туганмас муҳаббат истайман сендан.
Онажон, тандиринг битди, нонлар ёп,
Юзларинг ял ёнсин чўғлар тафтидан.
Қоракуя теккан, кул чанги теккан,
Кулчалар олайин қайноқ кафтингдан.
Тандирдек ғамларни ёқарсан, она,
Чўғдек меҳринг билан тобладинг бизни.
Ҳар куним, тунимда сенсан парвона,
Нондек азиз билдинг ҳар биримизни.
Оловда қизарган юзларинг мунис,
Оловлар тафтидан қизарган кулча.
Қўлларинг ўпаман, юзинг ўпаман,
Қанча ғам кўрдинг бу кунни кўргунча.
Онажон, тандиринг битди, кулча ёп,
Қуёшдек оламга меҳрлар берсин.
Пойингда пойандоз, бўлсин-а кўксим,
Онажон, кўзларинг доимо кулсин.
Оҳ, кўксимнинг жони, нурлигим,