“БАҲОРИСТОН”НИНГ ТАРЖИМАСИ ТОПИЛДИ
Хоразм аҳли бисотида ноёб қўлёзмалар ҳамон бисёрлигига қайта-қайта гувоҳ бўлмоқдамиз. Ўтган 2022 йил сентябрь ойида Хива шаҳар ички ишлар бўлими тўққизта нодир китобни Хоразм Маъмун академияси тасарруфига топширгани бунга бир мисол.
Қувонарлиси, улар орасида Саъдий Шерозийнинг “Гулистон” асари туркий таржимаси ҳам борлиги, айниқса, уни Муҳаммад Ризо Огаҳий шахсан ўз қўли билан ёзгани аниқлангани ўзбек манбашунослигида катта янгилик бўлди. Тадқиқот асносида эса, бизни янада муҳим илмий кашфиёт кутиб турганини ҳали билмас эдик.
Шоир, муаррих ва мутаржим Огаҳийдан битта девон, олтита тарихий ва ўн тўққизта таржима асар мерос бўлиб қолган. Шеърий ва тарихий китобларининг қўлёзмалари бизгача тўлиқ етиб келган, таржималари эса ҳали яхлит тадқиқ этилмаган.
Хива хонлигида бадиий ижоднинг таржимонлик йўналиши ҳам ривожланган эди. Бу даврда бир асарнинг ҳатто беш хил таржимасини учратиш мумкин. Мутаржим маҳоратига эса, саройда хон бошчилигидаги анжуманларда баҳо бериларди, энг яхши ишлар пул мукофоти ва совғалар билан тақдирланарди. Таржимонларнинг пешқадамларидан бири Огаҳий мироб эди. Огаҳий ижодининг илк йилларида форс тилидан тарихий асарларни таржима қилишга тутинган. Маҳорати ошиб боргани сари бадиий асарларни назмдан назмга ўгира бошлаган. Унинг таржимонлиги хусусида илк маълумот А.Вамбери (1832–1913) китобида келтирилган. Венгриялик сайёҳ-олим Хоразмда шеъриятга қизиқиш кучлилиги тўғрисида сўз юрита туриб, шундай ёзади: “Хивада икки ака-ука билан танишдим. Бири Мунис бўлиб, ажойиб шеърлар битади; айримларини кейинчалик нашр қилдирмоқчиман. Иккинчиси Мироб. Улкан сабр билан Мирхонднинг катта тарихий асарини фарзанди учун, гарчи ўғлининг ўзи ҳам форс тилидан хабардор бўлса-да, ўзбектуркий лаҳжасига ўгирмоқда. Бу иш йигирма йил давом этган, лекин бирор кимса олдида эътироф этишдан уяларди. Зеро, диний илмлардан бошқаси билан шуғулланиш юзакичилик ҳисобланади”. Огаҳий форс тилидан ўн саккизта ва туркчадан битта асар таржима қилган. Йирик олим Юрий Брегел (1925–2016) адибнинг таржима асарлари рўйхатини йиллар кетма-кетлигида тузишга қийналган. Аммо огаҳийшунос олим Нурёғди Тошев худди шундай хронологияни шоирнинг ўзи девонида берганини аниқлаган. Фатхулла Ғанихўжаев тузган Огаҳий асарларининг фиҳристида 72та қўлёзма саналган. Кейинги тадқиқотларга кўра саноқ 78тага етди.
“Зафарнома”, “Саломон ва Абсол”, “Ҳашт беҳишт”нинг таржималари қўлёзмаси ҳанузгача топилмаган. Яқин-яқингача “Баҳористон” асари ҳам шу рўйхатда эди.
Мақола аввалида ёзганимиздек, яқинда Хоразм Маъмун академиясига топширилган нодир китоблар орасида “Гулистон”нинг туркий таржимаси ҳам бўлиб, айнан ўша жилдга бугунги ўзбек манбашунослиги учун ниҳоятда муҳим топилма – “Баҳористон”нинг туркий таржимаси ҳам киритилгани аниқланди. Икки дидактик мазмундаги асар ягона муқова ичига бириктирилгани бежиз эмас, албатта. Абдураҳмон Жомийнинг “Баҳористон”и Саъдий Шерозийнинг “Гулистон”и таъсирида битилган. Муаллиф асарни ўн яшар ўғли Зиёвуддин Юсуф учун дарслик-қўлланма сифатида яратган. Янги топилган тўққизта қўлёзмадан бири “Гулистон”нинг туркий таржимаси ва Огаҳийнинг дастхати экани тўғрисида олимлар Комилжон Худойберганов, Абдулла Ўрозбоев хулоса берган. Нодир манбанинг фото нусхаси мақола муаллифига юборилгач, мазкур фикр яна бир бор тасдиғини топди. Қўлёзма 200 варақдан иборат бўлиб, шарқ қоғозига кўчирилган, ҳошияда тузатиш ва қўшимчалар бор. Асосан шеър таржималарининг қўшимчалари ҳошияда берилган. Қўлёзмада колофон йўқ, бу ҳам унинг дастхат нусха эканига бир далил. Ҳижрий 1279 (мелодий 1862-1863) йил санаси кўрсатилган.
Қўлёзма кодикологик жиҳатдан тавсифланмаган эди, мақола муаллифи Хоразм сафари пайтида қўлёзма саҳифаларини рақамлади. “Гулистон” асари тарижимаси 2а–112б варақларини эгаллаган. “Баҳористон” таржимаси эса 113а–198б варақларидан жой олган. Ҳали қўлёзмани кўрмасдан, фақат электрон нусханинг 8 варағидан бир жилдда икки асар мавжуд деган тахмин қаердан туғилди, деб ўйларсиз? Бундай тахминга китоб сўнгги варағини синчиклаб ўрганганимизда келинди. Сабаби, сўнгги варақ “Гулистон” таржимасининг якунига ўхшамади. Қолаверса, китобнинг 200 саҳифадан зиёдроқлиги ҳам жилдда иккита асар бўлиши мумкин, деган тахминни кучайтирди. Биламизки, “Гулистон” ҳам, “Баҳористон” ҳам тахминан 100 варақли асарлар ҳисобланади, албатта, бунда котибнинг хат тури, қўлёзма ўлчами, қоғоз ва сиёҳ туси, сатрлар ҳаммаси инобатга олиниши керак эди. Илмий ишим Муҳаммад Ризо Огаҳийнинг “Зубдат ул-таворих” тарихий асарига бағишланган эди. Тадқиқот давомида Огаҳийнинг барча асарларининг қўлёзмалар фиҳристини тузган эдим. Асар якуни “Гулистон”га ўхшамагани боис, тадқиқотимнинг иловалар қисмида асар қўлёзмалари жадвалини очдим. Жадвалда “Гулистон” таржимасидан сўнг “Баҳористон” асари келган эди ва бу асар таржимасининг қўлёзмаси топилмаган, деган қайд битилган эди. Кейинги ҳаракатим, агар бу асар машҳур бўлса (унинг машҳурлигига эса шубҳам йўқ эди), Огаҳийга қадар ёки ундан кейин бу асарнинг ўзбек тилига таржимаси бўлиши мумкин, деган тахминни аниқлашга қаратилди. Интернет қидирув тизимга асар номини киритдим. Профессор Шоислом Шомуҳаммедов таржимаси чиқиб келди. Демак, бу асарнинг Шоислом Шомуҳаммедов томонидан ҳозирги ўзбек адабий тилига ўгирилган вариантини қўлёзманинг сўнгги варағи билан солиштириш керак бўлади. Шундай қилинди ҳам. Қўлёзманинг сўнгги варағида “эй фарзанди дилбандим...” сўзлари Шоислом ака таржимасида ҳам мавжуд эди. Ўзбек манбашунослигида янги бир таржима қўлёзмаси топилгани, қолаверса, бу Огаҳий таржимаси экани мени жуда қувонтирган эди. Тошкент давлат шарқшунослик университетида очиқ дарс бериш жараёнида бу янгилик аниқланган эди. Дарҳол, Тошкент давлат шарқшунослик университети қошидаги Халқаро огаҳийшунослар кенгаши раиси Қудратилло Омоновга сим қоқдим. Шунингдек, Хоразм Маъмун академияси илмий ходими Дилмурод Бобожоновга телефон қилиб, қўлёзманинг тўлиқ электрон нусхасини сўрадим. Кечга яқин, китобнинг тўлиқ электрон нусхаси қўлимда эди. Экранда унинг тахминан ўрта варақларини очганимда, “Баҳористон” асарининг дебочаси борлиги аниқланди.
Икки таржимани бир асрлик катта давр ажратиб турса-да, матннинг бир-бирига жуда ўхшашлиги чиндан ҳам ҳайратланарли эди. Абдураҳмон Жомий қаламига мансуб “Баҳористон” асаридан Огаҳий амалга оширган туркий таржиманинг ҳозирча дунёда ягона нусхаси шу тариқа кашф этилди. Огаҳийнинг шахсий дастхатини аниқлаш усуллари бугунги кунда мутахассисларга яхши маълум. Аввало, дастхат нусхаларининг колофонида котиб номи кўрсатилмайди. Қолаверса, шоир дастхати осон таниб олиш мумкин бўлган хусусиятларга эга.
Дастхат қўлёзмасида Марказий Осиё минтақасига хос ва Огаҳийда ҳам учрайдиган имловий фарқларни кўрамиз.
Яна бир қимматли тарафи, мазкур қўлёзма нафақат дастхат, балки қоралама нусха ҳамдир. Яъни тўлдириш ва ўчиришлар билан кўчирилган. Бу эса, адибнинг ижодий лабораториясини ўрганиш, таржимонлик маҳорати ва сўз қўллаш усулларини аниқ мисоллар асосида тадқиқ этишга бой материал беради. Қўлёзманинг айрим саҳифалари фото нусхаси билан танишиш асносида тўлиқ вариантини ҳам кўришга эҳтиёж сезилди. Бунда Хоразм Маъмун академияси илмий ходими Дилмурод Бобожонов яқиндан кўмак берди. Шу ўринда Тошкент давлат шарқшунослик университети қошидаги Халқаро огаҳийшунослар кенгаши номидан Хоразм Маъмун академияси директори, биология фанлари доктори, профессор Икром Абдуллаевга ҳам ҳамкорлик учун миннатдорлик билдирамиз. Умум-туркий мумтоз адабиётимиз яна бир таржима асар билан бойиди ва бу янгилик билан илм аҳлини қутлаймиз.