July 9, 2023

ТУРГЕНЕВ ВА МОПАССАН

Атоқли француз адиби Гюстав Флобер 1876 йили машҳур адабий йиғинлардан бирида Мопассанни Иван Тургенев билан таништириб қўяди.

“Ёш романистлар мактабининг энг истеъдодли вакили жаноб де Мопассан”, – деб таъкидлайди Тургенев ёзувчи асарларини нашрга тавсия этар экан М. М. Стасюлевичга.

Тургенев Мопассан ижодини қанчалик юксак баҳолагани замондошларининг хотираларида ҳам учрайди. “Бошқаларга қараганда у кўпроқ Ги де Мопассанга умид билан қарарди... – деб хотирлайди И. Я. Павловский. – Мопассан унга ўз асарларини қўлёзма ҳолида ўқиб берарди. Иван Тургеневнинг эътироф этишича, Мопассаннинг "Une Vie" (“Ҳаёт”) асари – ноёб дурдона. Бу асардан у шунчалик ҳайратга тушадики, ҳатто М. М. Стасюлевичга уни қўлёзма ҳолида сотиб олишни таклиф қилди...”

Мопассан ўзини Тургеневнинг шогирди деб санарди. Унинг “Телье уйи” номли ҳикоялар китоби шундай сўзлар билан чоп этилган: “Иван Тургеневга бағишланади – чуқур эҳтиром ва буюк ҳайрат билан. Ги де Мопассан”.

1880 йили Гюстав Флобер вафот этганидан кейин француз ёзувчилари орасида Тургенев учун энг яқин инсон Мопассан бўлиб қолади.

Мопассан ҳам, ўз навбатида, рус адибини бениҳоя ҳурмат қилади. У “Иван Тургенев” очеркида (1883 йил 5 сентябрда "Gaulois" газетасида эълон қилинган) ўзаро муносабатлар, нозик руҳий кузатувлар асосида рус адибининг портретини чизади. Бундан ташқари, Мопассан Тургенев ҳақида яна учта асар – “Нигилизм” сўзининг ихтирочиси” (1880), “Фантастик” ва “Тургенев ҳаётидан лавҳа”(Мопассаннинг “Қўрқув” новелласидаги лавҳа)ни яратган. Бу лавҳада ёзувчи ўзи Тургеневдан эшитгани – ўрмонда ақлдан озган аёлга дуч келгани ва унинг азоб-уқубатлари ҳақида ҳикоя қилади. Француз адиби, аслида бизга Тургенев “Овчининг хотиралари” китобига киритмоқчи бўлган, аммо киритолмаган фикрни тақдим қилади.

Тургенев номи XIX аср иккинчи ярми Франция маданияти тарихи билан чамбарчас боғланган. “Тургенев қиёфасида француз-рус адабий алоқалари тарихида илк марта бир давлатнинг буюк ёзувчиси бошқа мамлакатдаги буюк бир адабий ҳаракатни яратишда фаол ва бевосита иштирок этганини кўрамиз”, деб ёзади С. А. Макашин. Тадқиқотчи Тургенев Франция ёзувчилари билан дўстона муносабатда бўлган деган хулосага келади.

Бу фикрни Мопассан, А. Доде, П. Мериме, Поль Бурже ва бошқаларнинг Тургенев ҳақидаги мақола ва хотиралари ҳам тасдиқлайди.

Ги де Мопассан И. Тургенев ҳақида шундай ёзган эди: “У ўзи тўлқинланиб фахрланган Пушкин қаторида, шоир Лермонтов ва романист Гоголь қаторида Россия томонидан чуқур ва мангу эътироф этилмоғи лозим, чунки у Россия халқига бебаҳо ва боқий – ўз санъатини, ўлмас асарларини, дурдона ва боқий шон-шарафни қолдирди – бу ҳар қандай бошқа шон-шарафлардан юксак туради! Унга ўхшаш инсонлар ўз ватанига князь Бисмаркка ўхшаганлардан кўра кўпроқ хизмат қилганлар: улар дунёнинг олижаноб ақллари муҳаббатини қозонганлар.

У Францияда Густав Флобер, Эдмон Гонкур, Виктор Гюго, Эмиль Золя, Альфонс Доде ва давримизнинг барча машҳур санъаткорлари билан дўст эди”.