October 20, 2023

БАРКАМОЛ АВЛОД ОРЗУСИ  

Мен доим таълим, таълим, муаллим, муаллим, деб таъкидлашим бежиз эмас. Чунки таълимни ривожлантирмасдан туриб юксак тараққиётга эриша олмаймиз. Ҳар қандай муаммонинг ечими ҳам, эртанги кунимизни ҳал қилувчи омил ҳам, шубҳасиз, таълимдир.

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ўзбек тили байрами куни арафасида Зангиота туманидаги “Баркамол авлод” болалар мактабида ўтказилган “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” кунларида оммавий мутолаа маданиятини шакллантиришнинг ўзига хос усулларидан фойдаланилди. Таълим муассасаси ва газета таҳририяти ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда мактаб ўқувчиларига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан тақдим этилган бадиий китоблар, газета, журналлар туҳфа қилиниб, янги нашрларнинг энг диққатга сазовор жиҳатлари хусусида маълумотлар берилди.

– Мактабимизда маданият ва санъат, техника, конс­трукторлик ва моделлаштириш, жисмоний тарбия ва спорт, ҳунармандчилик ва қўл меҳнати, туризм ва экология, олий таълим муассасалари ва мактабга тайёрлов, хорижий тиллар ҳамда ҳарбий таълим йўналиш­лари бўйича жами ўттиз тўртта тўгарак фаолияти йўлга қўйилган, – дейди “Баркамол авлод” болалар мактаби директори Муяссар Ҳабибуллаева. – Шундан йигирма тўрттаси тармоқ, ўнтаси ўз биномизда фаолият юритаётган тўгараклардир. Кундалик машғулотлар икки сменада ташкил этилган.

Айни пайтда қирқ нафар педагог саккиз юз йигирма икки нафар болага таълим-тарбия бериб, касб-ҳунар сирларини ўргатишмоқда. Мак­табимиз ўт­ган йили мукам­мал таъмирдан чиқарилган. Аммо замонавий жиҳозлар, компьютер, проектор ва бошқа ускуналар билан таъминлаш масаласи деярли очиқ қолганди.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси бош муҳаррири Ҳумоюн Акбаров билан учрашиб қолганимизда бу ҳақда айтгандик. У киши таҳририят бу масалада ҳомийлик қилиши мумкинлигини билдирганди. Кўп ўтмай мактабимиз юмшоқ мебеллар, стол, стул, шкаф, китоб жавонлари, компьютер, принтер, сканер ускуналари, умуман, керакли барча жиҳозлар билан таъминланди. Таҳририят ходимлари бугунги мураккаб шароитда ҳомийлик билан чекланиб қолмай, таниқли ижодкорларни мактабга бошлаб келгани, бадиий китоблар келтириб, ўқувчиларимизни китоб, газета, журналлар мутолаасига жалб қилаётгани бизни бениҳоя қувонтирди. Бунинг учун улардан бе­ҳад миннатдормиз.

Ҳарбий таълим тўгараги аъзоларининг чиқишлари тадбирга ўзгача файз ба­ғиш­лади. Ҳарбий кийимдаги ўғил-қизлар томонидан намо­йиш қилинган саф тайёргарлиги машқлари, қўл жанги, қурол-аслаҳалардан фойдаланиш маҳоратини кузатиб, келажак ишончли қўлларда эканлигига амин бўласиз. Айниқса, саксон ёшда бўлишига қарамай, ёш авлодга араб тилидан тўгарак машғулотларини ўтишга розилик билдирган Шукур Джанбоевдек профессор-ўқитувчиларнинг мактабга жалб қилингани айни муддаодир.

– Инглиз, араб тилларини ўргатадиган пулли курсларда ўқув жараёни қандай ташкил қилинган, самарадорлиги қандай, билмадим, – дейди Шукур Джанбоев, – аммо мен мутахассис сифатида саноқли бола билан индивудиал шуғулланишни маъқул кўраман.

“Баркамол авлод” бо­ла­лар мактабида яратил­ган шарт-шароитлар билан танишамиз. Таҳририят томонидан ҳомийлик ёр­дами сифатида берилган жиҳозлар ўқув хоналари, залларни безаб турибди. Ўқувчилар томонидан ясалган турли хил ўйинчоқлар, қўл меҳнати маҳсулотлари шкафлар токчалирига дид билан териб қў­йилган. Ихчамгина спорт зали, кутубхона, компьтер ускуналарию мўъжаз спорт майдончаси ўқувчилар ихтиёрида. Айтиш­ларича, мактаб фаолиятини кенгайтириш учун туман ҳокимлиги томонидан қўшимча янги бино ажратилаётган экан. Дарвоқе, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан мактабнинг модддий техник базасини мустаҳкамлашда туман ҳокимлигининг ҳам алоҳида ўрни бор, албатта. Зеро, шаҳар шароитида, айниқса, кўпқаватли уйларда яшайдиган ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мутасаддилар олдида турган долзарб вазифалардан биридир.

Баркамол авлод орзуси бизни таълим тизими билан ҳамкорлик қилишга ундаганидек, баркамол авлоднинг ҳам ўз орзу-­ҳаваслари бор. Бу орзу-ҳавасларни илм-маърифат билан қувватлантириш лозим. Шу мақсадда ташкил этилаётган “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” кунлари давом этади.

Шуҳрат АЗИЗОВ