August 11, 2023

ЭКРАНДА – ЎЗБЕК ҚИЗИ  

Ўзбек қизи! У олис юртда узоқ нуқталарга кўз тиккан, умид билан кун санаётган юртдошларини, қуролдошларини, санитарка Раҳимани, жондоши Ася Куликни, қизлик ғурурини, орини, шаънини, бир сония ҳам хиёнат қилмаган муҳаббатини – Рус­тамини душмандан асради, кичик жусса, катта юраги ила ҳаммасини ҳимоялашга уринди, уддалади...

Ушбу икки соатлик фильм узоқ йиллик урушнинг даҳшати ва бу урушда ўзбек қизларининг мардонавор курашини ўзида мужассам этган. Балки эриш туюлар, аммо неча-неча асарлар ишланди, қанчаси ўзбек кино санъатининг дурдонаси, дея эътироф ҳам этилди. Саҳналаштириш ишларидан тортиб, оператор маҳоратининг ёрқин намунаси бўлган фильмларимиз ҳам етарли. Аммо «Ўзбек қизи» улардан фарқли ўлароқ, салмоқли асар бўлибди. Шу ўринда постановкачи режиссёр Акбар Бектурдиевнинг, кастинг раҳбари Анжелика Суринованинг меҳнати ва зукколигини эътироф этмай бўлмайди. Айсенем Юсупова, Йигитали Мамажонов, санитарка Раҳима ролида Феруза Саидова, Мастура хола, колхоз раиси ва барча актёрларнинг вазифаси ўта аниқлик билан тушунтирилган, томошабин эътиборини чалғитадиган дағалликлар деярли йўқ. Аслида танланган актёрлар ҳам ўз вазифасини сифатли ижро этиб беришган.

Масалан, Йигиталининг ўрнида ким ҳам чин ўзбек йигитининг бунчалар метиндек иродасини кўрсатиб бера оларди. Бу рол айнан Йигиталининг роли. Санитарка Раҳиманинг урушнинг оловли ўчоғида, мерган снайперлар кузатиб турган ва ҳатто, басавлат жангчилар киришга юраги бетламаётган жанг­гоҳларга кириб, савлатли йигитларни ажал чангалидан олиб чиқишлари... Ўзбек актрисаси ижросидаги Раҳиманинг матонатини бошқа актриса ижросида кўрмагандим. Қайси жангчининг жони оғриб, азоб чекаётган бўлса, кўз юмиб тура олмаслик шу аёл ижросида астойдил жонлантириб берилган. Бир сўз билан айтганда, бу роль тўла-тўкис Феруза Саидованики эди.

Актёрлар ҳам, саҳна ортида меҳнат қилувчи ҳар бир масъул ўз ишини юқори даражада бажарган. Овоз операторларидан тортиб, тасвир монтажчисига қадар ўз ишини профессионал даражада адо этган.

Айсенемнинг бош ролга танлангани эса бу алоҳида мавзу. Биламиз, юртимиз кино санъатида истеъдодли актрисалар кўп ва уларнинг қобилиятига шубҳа бўлиши мумкин эмас. Лекин Айсенем ижро этган роль учун нафақат иқтидор, балки матонат зарур эди. Актёр ўйнаётган ролида яшамас экан, жараённи, ҳолатни ҳис қилмайди, ҳис қилмас экан, томошабинни ўз оламига олиб киролмайди. “Ўзбек қизи” каби асар ичида яшамоқ эса, оғир вазифа экани томошабинга аён. Сабаби, фильмни томоша қилар экансиз, Айсенем роль ижро этмаганини, балки фильмда яшаганини пайқайсиз. Сиз фильм кўриш асносида Айсенемнинг ёнида, урушнинг оғир жабҳаларида бўласиз, унга тиргак бўласиз, жони оғриса, сиз ҳам қийналасиз. Ҳатто бир сонияда, ёхуд оний лаҳзаларда ҳам актриса ижросида сохталикни сезмайсиз. Сиз фақат жангни кўрмайсиз, айни пайтда, ўзбек диёрининг иқлимини, табиатини, одамларининг меҳрли эканини, уруш майдонидан икки карра оғир меҳнат қилишаётганини кузатасиз. У том маънода жонкуяр миллатнинг элпарвар қизи бўла олган...

Жангда Жамиладек қаҳрамонлар кўп ва улар орасида ўзбекларнинг, ўзбек қизларининг борлиги қалбингизда ғурур уйғотади. Ҳа, уларнинг барчаси юртига, ёрига содиқ Рустамларини, қуролдош дўстларининг ҳаққи-ҳурматини, олис юртда узоқ нуқталарга кўз тиккан, умид билан кун санаётган юртдошларини ҳимоя қилишди. Ўзбек қизлари эди улар...

Отабек АБДУМАЛИКОВ