МИЛЛИЙ ҚАДРИЯТЛАРИМИЗ УЙҒУНЛИГИ
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси барча миллий, маънавий қадриятларни, халқимизнинг эзгулик, инсонпарварлик, бағрикенглик каби фазилатларини ўзида мужассам этган. Эътиборли жиҳати, мамлакатимизда “Инсон қадри учун” деган эзгу ғояни тўла рўёбга чиқариш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига доир халқаро стандартларнинг миллий қонунчилигимиз билан уйғунлигини таъминлаш, шунингдек, жамият ва ҳар бир фуқаро ҳаётига уларни татбиқ этиш Янги Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсатида бош мақсадга айлангани жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасида зиммасига олган халқаро мажбуриятларини самарали бажаришга қаратилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегиясида белгиланган вазифаларнинг изчил амалга оширилаётгани давлатимизнинг халқаро майдондаги обрўсини кўтармоқда. Бунинг далили сифатида Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг аъзоси сифатидаги фаол ҳаракати, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари ҳамда инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича махсус маърузачилар билан яқин ҳамкорлигини айтиш ўринлидир.
Эътиборли жиҳати, Президент Шавкат Мирзиёевнинг давлат ташрифи билан Доҳага ташрифи Ўзбекистон – Қатар ҳамкорлигининг тарихий босқичига айланади, ва албатта, ўзаро алоқаларнинг янада ривожланишида муҳим аҳамият касб этди. Қатар БМТнинг Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган резолюцияларига, хусусан, БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” (2018 йил декабрь), “Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш тўғрисида”ги (2022 йил июль), “Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги (2022 йил декабрь), шунингдек, ЮНЕСКО Ижроия кенгашининг “Тошкент декларациясини амалга ошириш бўйича кейинги тадбирлар ва ёш болалар тарбияси ва таълимини ўзгартириш чораларини кўриш бўйича мажбуриятлар тўғрисида”ги (2023 йил май) ва бошқа резолюцияларга ҳаммуаллифлик қилгани, қўллаганида кўриш мумкин.
Иккинчидан, мамлакатимизда қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ва “Қатар Миллий нигоҳи – 2030” дастури кўп жиҳатдан бир-бирига ҳамоҳангдир. Хусусан, икки мамлакатнинг ушбу муҳим ҳужжатлари миллий урф-одат ва анъаналарга мувофиқ жамиятни модернизация қилиш ва янгилаш, ҳозирги ва келажак авлодлар эҳтиёжларини қондириш, барқарор ривожланиш йўлида маъмурий-буйруқбозлик тизимини ислоҳ қилиш, барқарор иқтисодий ва ижтимоий тараққиётга эришиш, атроф-муҳит муҳофазасини таъминлаш сингари вазифаларни ўз ичига олган.
Қатарда буюк мутафаккир ва олимларимизнинг Ислом цивилизацияси ҳамда Мовароуннаҳр ва Арабистон ярим ороли ўртасидаги тарихий алоқаларни ривожлантиришга қўшган ҳиссалари эътироф этилади ва юксак қадрланади. Бу маданиятлараро мулоқотни янада ривожлантиришга кўмаклашаётгани баробарида сайёҳлик, жумладан, зиёрат сайёҳлиги борасидаги ҳамкорлик учун яхши истиқболларнинг очилиши ҳам, давлатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳуқуқий ҳимоясига бўлган ишонч, Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда бирлаштирувчи ва доимо олға етакловчи мамлакат сифатида тан олинганидандир.
Янгиланган Конституциянинг 20-моддасида “Ўзбекистон Республикаси фуқароси ва давлат бир-бирига нисбатан ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлар билан боғлиқдир.
Инсоннинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир ҳамда улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас.
Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилади. Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларнинг, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини белгилайди.
Давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керак.
“Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади”, деб белгилангани ўзи ҳам бугунги давр талабларига айнан мослигини таъминлайди.
Ҳар бир фуқаронинг ҳаёти, ҳуқуқ давлат томонидан қонуний ҳимояланиши эса, Конституциянинг 23-моддасида қуйидагича, яъни “Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлайди.
Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистондан ташқарига мажбурий чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга бериб юборилиши мумкин эмас.
Давлат хорижда яшаётган ватандошлар билан алоқаларни сақлаб қолиш ҳамда ривожлантириш тўғрисида халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ғамхўрлик қилади”, деб қайд этилган.
Эътиборли жиҳати эса, Конституциянинг 24-моддасида белгилаб қўйилганидек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ таъминланиши, халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ҳимояланиши кафолатлаб қўйилди. Конституциямизнинг 13-моддасида белгиланган “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади”.
Мана шу нормаларнинг ўзи ҳам Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳурмат қилиш бўйича олиб борилган барча ҳаракатлар халқаро ҳужжатларга тўлиқ мос келишини тасдиқлайди.
Шунингдек, Ўзбекистон, инсон ҳуқуқлари бўйича 80дан ортиқ халқаро ҳужжатларга, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг олтита асосий шартномаcи ва тўртта факультатив протоколига қўшилди. Бу ҳужжатларда Ўзбекистон ўз зиммасига олган мажбуриятларини бажариши юзасидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва шартномавий қўмиталарига мунтазам равишда миллий маърузаларни тақдим этиб келмоқда. Мамлакатда Экологик таълимни ривожлантириш концепцияси амалга оширилмоқда. Ўзбекистон иқлим ўзгаришлари бўйича Париж битимига қўшилди.
Бундай ўзаро ҳамкорлик натижасида ташқи сиёсатда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича алоқаларнинг бутунлай янги шакллари ва натижалар қайд этилди. Жумладан, инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд декларацияси қабул қилинди. Ўзбекистон “Самарқанд руҳи”ни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”ни тасдиқлади.
Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Тошкент декларацияси қабул қилинди. Ўзбекистоннинг Халқаро меҳнат ташкилоти конвенциялари доирасида халқаро мажбуриятларини, шунингдек, ушбу ташкилот томонидан тақдим этилган пахта йиғим – терим кампанияси мониторинги якунлари бўйича тавсияларни бажариши, жумладан, 2017 – 2020 йилларда Ўзбекистонда муносиб меҳнат бўйича дастурнинг амалга оширилиши халқаро ҳамкорлар томонидан ижобий баҳоланди. 2022 йилдан мажбурий меҳнат бўйича қўйилган шартларнинг бекор қилиниши стратегик аҳамият касб этди.
“Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси”нинг БМТга аъзо давлатлар қонунчилигидаги ўрнига эътибор қаратадиган бўлсак, мазкур халқаро ҳужжатнинг янгиланган Конституция билан ҳамоҳанглигига амин бўламиз.
Янгиланган Конституцияда қайд этилган моддалар билан ўттиз моддадан иборат бўлган “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси”нинг моддалари ўзаро уйғундир. Бу эса, “Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларининг халқаро ва миллий қонунчиликдаги ҳимояси”ни кўрсатади. Жумладан, “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси”нинг 3-моддасида белгиланганидек, “Ҳар бир инсон яшаш, эркин бўлиш ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқларига эгадир”.
Мамлакатимизда “Инсон қадри ва манфаатлари учун” деган эзгу ғоя асосида демократия ва адолат тамойилларини мустаҳкамлашга қаратилган туб ислоҳотлар амалга ошираётир, “Ўзбекистон – 2030” тараққиёт стратегияси қабул қилиниб, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Барқарор ривожланиш мақсадлари”га уйғун мақсадлар қўйиб, Ўзбекистон ўз зиммасига олган барча мажбуриятларни тўла ва қатъий бажараётир. Бу ислоҳотлар натижасида ва халқнинг турмуш даражасини оширишга қаратилган сиёсат туфайли мамлакатимизда 2017 йилдан буён камбағаллик икки баробарга камайди ва бу кўрсаткич 2030 йилда 7 фоизга туширилиши мўлжалланган. Айниқса, аҳолини ичимлик суви, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа ижтимоий хизматлар билан таъминлашнинг ўзи инсон қадрини улуғлашга хизмат қилади.
Бошланган ишларни изчил давом эттириш ва унинг самарадорлигини таъминлашда давлатнинг, халқаро ҳамкорликнинг, халқаро жамоатчиликнинг роли ва аҳамияти катта бўлади. Бу жараёнларнинг конституция даражасида мустаҳкамлангани конституциявий кафолатни таъминлайди, миллий қадриятларимизнинг барҳаётлигини тасдиқлайди. Зеро, ҳар бир халқ, миллат ўз истиқлолига эришганидан сўнг жаҳонда янги мустақил давлат сифатида ташкил топганлиги, мақсади, истиқболини Конституция билан мустаҳкамлайди. Чунки дунёдаги мавжуд конституцияларнинг барчаси уларни ижод этган халқнинг, миллатнинг сиёсий тафаккури, маънавияти ва маданияти билан узвий боғлиқдир.
Тошкент давлат шарқшунослик университети профессори,