November 10, 2023

ҚАЛТИС ҲАЗИЛ  

(ҳажвия)

Фақат кийимигина одам башара қилиб турган, аслида тарашадек қотиб кетган бир киши трамвайда тик туриб кетмоқда. Йўловчилар унчалик кўп эмас. Ўриндиқда ўтирган кўҳликкина жувон озғин кишидан кўзини узмаяпти. Буни ўз вақтида пайқаган киши ўнғайсизлана бошлади. “Во ажабо! Менга ҳам қиё боқадиган аёл зоти бор экан-да, бу ёруғ дунёда!” деб кўнг­лидан ўтказди. Яна хавотирланиб, “Балки менинг атрофимдаги бирор танишига қараётгандир?” деб ўйлаб, эҳтиёт шарт теварагига кўз югуртириб чиқди. Йўқ. Ундай эмас экан. Жувон ундан ҳамон кўз узмай, трамвай тўхташи билан ўрнидан турди-да, “Юринг тушамиз”, дегандек унга имо қилди. Озғин киши “Менга айт­япсизми?” дегандек бармоғи билан ўзини кўрсатди. Аёл “Ҳа!” аломатини қилиб бош силкиди. Трамвай тўхтади. Иккиси бекатда тушишди. Одамлар тарқалиб, трамвай кетгач, жувон:

– Яхшимисиз, акажон?.. – дея гап бошлади.

Озғин киши ҳаяжонланиб:

– Ра-раҳмат! – деди ич-ичига тушиб кетган кўзларини пирпиратиб.

– Бу ёруғ жаҳонда бирор аёл зотининг ҳожатини чиқарганмисиз? – сўради жувон сирли кўзларини унга тикиб.

– Қўлдан келса, ҳа-ҳаракат қиламиз, – деди ўнғайсизланиб.

Жувон гапни чўрт кесди ва секин:

– Мана менинг турар жойим, телефоним. Шанба куни кечқурун соат саккизда сизни уйимда кутаман. Алдамайсиз-а? – деди ишва билан момиқдек қўлларини унинг елкасига аста қўйиб.

– Йўқ, асло! Албатта бораман!

Аёл хайрлашиб кетди.

У ўзини худди ўзга сайёраликдек ҳис этиб, атроф­га аланглаб, бекатда бир нафас туриб қолди. “Ё, тавба!” деб юборганини ўзи сезмади.

Тунлар тўлғониб, бедор ўтказилган икки кун ҳам аччиқ ичакдек чўзилиб, ниҳоят шанба келди. “Куёвтўра” сартарошхонада соч-соқолини олдириб, яхши атирдан сепишни илтимос қилди. Фақат байрам кунлари ва тўйларда киядиган кийим­ларини кийиб, кечқурун йўлга тушди. Юрак жонивор қафасга тушган ёввойи каптардек бежо гупиллайди.

Мана, ниҳоят, у ширин хаёллар оғушида эшикни тақиллатди. Ичкаридан “ҳо­­зир” деган майин овоз эши­тилиб, эшикни ял-ял атлас­дан кўйлак кийиб олган ўша таниш пари очди.

– Ассалому алайкум!.. Келинг! – деб меҳмонни ичкари уйга таклиф қилди. – Яхши келдингизми? Қийналмадингизми уйимизни қидириб?

– Йўқ, йўқ! Жуда осон топдим.

– Жуда соз! Хўш, нима қиламиз энди? Сиз бегонасираманг. Демак, гап бундай: манави ичкари уйга кириб, ечинасиз. Мен ҳозир... – дея чиқиб кетди жувон.

Озғин киши ҳар қанча ҳайрон бўлмасин, эркаклик ғурури, лафз устунлик қилиб, жувоннинг айтганларини бажаришга мажбур бўлди. На илож?...

Бироз вақтдан кейин жувон битта ёш боласини ичкарига етаклаб кирди ва эти суягига ёпишиб кетган ярим яланғоч кишини бармоғи билан кўрсатиб:

– Агар шу бугундан бош­­лаб мен берган овқатни емайман, десанг, манави амакингдай тарашага ўхшаб қоласан. Уқдингми? – деди дағдаға билан. Сўнг “Минг бор узр, ака. Мени кечирасиз, сиз бажарадиган холис хизмат шу эди. Энди кийинаверинг, рухсат. Фақат хафа бўлмай кетасиз-а, акажон”, деди ва ранги докадек оқариб, аранг кийиниб олган бечора “меҳмон”ни кўча эшигигача кузатиб қўйди.

Жаҳонгир ПИРМУҲАМЕДОВ