October 20, 2023

БИР ҲАРФ МУАММОСИ

ёхуд “ғалати машҳур”лар

Зиёлилари орасида “ғалати машҳур” деган тушунча бор. Бу айтилиши ва ёзилиши этимологик жиҳатидан она тилининг меъёрий қоидаларига изчил амал қилмаган, аниқроғи, шакл жиҳатдан хато, лекин халқ онги ва тафаккурида шундай ўрнашиб қолгани учун машҳур бўлиб кетган, деган маънони билдиради. Худди шундай “ғалати машҳур”лар бизнинг тилимизда ҳам унча кўп эмас-у, ҳар ҳолда, мавжуд.

Қуйида кундалик ҳаётимизда ишлатиладаган баъзи бир сўз ва ибораларга диққатни қаратамиз. Зора, уларни ишлатувчилар тегишли хулоса чиқариб олсалар.

“ТАЪБ”МИ, “ТАБЪ”МИ?

Мумтоз адабиётимизда кишининг хулқи, табиати, дид, савия ва сажиясининг даражасига нисбатан “табъ”сўзи ишлатилади. Бу “Мажолис ун-нафоис”да энг кўп тилга олинган сўзлардан биридир. Ўзбек тили имло луғатида бу сўз “таъб” шаклида хато ёзилган. Мумтоз адабий асарлар луғатида “таъб”, замонавий луғатларда эса “табъ” учрайди. Бу сўзни мумтоз адабиётимиз мутахассисларининг аксарияти “табъ” деб тўғри ишлатади.

“ТУЙИЛДИ”МИ, “ТУЮЛДИ”МИ?

Саводи лотин графикасига асосланган янги ўзбек алифбоси билан чиққан журналистлар сўзни хато тарзда “туйилди”, деб ёзмоқдалар. Тўғри, сўзнинг ўзаги “туймоқ” феълидир. Аммо ўзакка –ил нисбат қўшимчаси қўшилганда, “й” билан “и” қўшилиб яхлит бир товушни – “ю” графемасини ташкил этади. Бинобарин, уни “туюлди” деб ёзсак тўғри бўлади. “Туйилди”нинг маъноси бошқа. У дон ё бошқа уруққа кўра эзилди, майдаланди, гоҳо латта ё рўмолга нисбатан тугилди, деган маъноларда ишлатилади.

НУР УСТИГА ҚАНДАЙ НУР?

Нутқимизда муайян бир иш ҳадди аълосида бажарилса, “нур устига аъло нур” ибораси ишлатилади. Йирик тилшунос олим А.Рустамов ўтган аср сўнгги чорагида бу иборанинг шаклан хатолигини айтган. Яъни ибора таркибидаги “аъло” (ало) аслида “устига” сўзининг такрори экан. Шу боис уни “нур устига нур” шаклида ишлатиш тўғри экан. Шунга қарамай бу ибора нутқимизда ўрнашиб кетган. Уни ҳатто тажрибали ёзувчи ва журналистларимиз ҳам ғалатилигича ишлатаверади.

“ТУНАБ” НИМА, “ТЎНАБ” -ЧИ?

Тунда бировникида ётиб қолиш – тунаб қолишдир. Тўнаб эса, сал бошқача маънони билдиради. Тўнаш – ўғриликдир. Ота-боболаримиз шом чоғи ё кечаси қилинган ўғрилик ё талон-тарожни шундай аташган. Аниқроғи, қароқчининг иши тўнашдир.

“РЎЗҒОР” ВА “РЎЗГОР”

Бу икки сўзнинг ҳам ўзаро фарқи бор. Рўзғор кичик жамоа – оила дегани. Баъзилар у ёки бу егуликни харид қилсалар, рўзғор қилдим, дейдилар. Бу нотўғри. Рўзғор учун бозор қилдим дейилса, тўғри бўлади. Рўзгор эса, умр, ҳаёт демакдир. Бу сўз мумтоз шеъриятимизда кўп учрайди. Масалан, Нодирабегимнинг машҳур “Тушимда кўрсам эдим” ғазалида шундай сатр мавжуд:

Кўз очмайин ғамидан рўзгорим ўтгучидир.

Шоира Амир Умархонни эслаб, унинг ғами билан умрим ўтмоқда, деяпти. Бу жойда сўзни “рўзғорим” деб ёзиш ва айтиш хатодир.

“ПОЙАБЗАЛ”МИ Ё “ПОЙАФЗАЛ”МИ?

Сўзнинг ўзаги абзал – нарса, буюм дегани. Шунингдек, от анжомларининг умумий номини ҳам абзал деймиз. Афзал – яхши дегани. “Пойафзал” деган сўз нутқимизда мавжуд эмас. Оёқ кийимини тикувчи аксарият устахоналар пештоқига “Пойафзал устахонаси” деб хато ёзилган. “Пойабзал” деб ёзилса тўғри бўлади.

“ХАСМ” ВА “ҲАСМ”

Хасм – мумтоз адабиётда бисёр учрайди. Рақиб, ағёр, душман деган маъноларни билдиради. Ҳасм эса “ҳақи”, “тегишли” деган мазмунга эга. Иккинчи сўз луғатларда деярли учрамайди. Унинг маъносини мен ёши улуғ устозлардан эшитганман.”Қиз бола бировнинг хасми” дейиш нотўғри. Охирги сўзни “ҳ” ёрдамида ёзиш ва талаффуз қилиш тўғридир.

“ЯССИ”МИ, “ЁСТИҚ”МИ?

Нутқимизда чала ё ўртамиёна бажарилган иш ҳақида “юмалоқ ясси бўлибди”, деган ибора ишлатилади. Талай дўстларимиз, ҳатто, олимлар ҳам иборадаги “ясси” сўзини “ёстиқ”, дея ғалати қўллайдилар.

“ОЗИҚА” ВА “ОЗУҚА”НИНГ ФАРҚИ

Бу икки сўз шаклан ўхшаш. Уларни фақат бир ҳарф (товуш) фарқлайди. Шаклда тафовут борми, демак, маънода ҳам ҳар хиллик бўлади. Афсуски, айрим ёзувчиларимиз, айниқса, журналистлар бу икки сўз ўртасидаги фарқни англамайдилар. “Озиқа” – мавжудлик, предметлик хусусиятига эга. “Озуқа” бундай эмас. Аниқроғи озиқа – ем (пичан, хашак, беда ва ҳоказо). Озуқа эса, ундай эмас. У мавҳум отга киради. “Маънавий озуқа” дейиш тўғри. Бироқ бирикма таркибидаги сўзни “озиқа” шаклида ёзиш ниҳоятда қўпол хатодир. Газета ўқиган одам ундан озуқа олади, зинҳор озиқа эмас.

Хуллас, бу каби нуқсонларни жузъий ё майда деб бўлмайди. Уларни қанча тез тузатсак, шунча яхши.

Абдураҳмон ПИРИМҚУЛОВ,

филология фанлари доктори