ОЙПАРИ
– Ким қўшиқ айтяпти? – сўрадим комьпютерда ишлаётган Муқаддасдан.
У ўгирилиб очиқ дераза томон қаради.
– Ҳа, уми, қўйсанг-чи, – деди бепарво.
Назаримда, қўшиқ хонага мезон шабадаси янглиғ майин оқиб кирарди.
Ажабо, ким экан у? Овози бунча ҳазин, ғамгин.
Қўшиқ биз турган кўп қаватли уйнинг қўшни айвонидан эшитиларди.
– Деразани ёп, халақит беряпти, – деди Муқаддас.
Истамайгина ойнани ёпдим. Энди қўшиқ элас-элас эшитилар, аммо жойимдан жилолмасдим.
Муқаддас табиатан ўзига ҳам, атрофдагиларга ҳам талабчан қиз. Пешонаси тиришиб, доим бир нималарни ўйлаб юради. Балки билгани муҳим бир нарсадир? Ҳар қалай, мнемоника, психология, мантиқий математика аталмиш фанларни бутун борлиғи билан қабул қиладиган бу қиз мендан чандон фарқ қиларди. Ўзимга келсак, унинг таъбирича, ўта бўш-баёвман, хаёлпараст, кўнгилчан.
Ҳозир ҳам комьпютерини чиқиллатиб ёзиб ўтирган қариндошимга қараб, икки қутбнинг одамлари бўлсак-да, бир хонада, битта шаҳар ва ягона шу оламда бизни бирлаштириб турувчи кўринмас ришталар борлигини ўйлаб қувондим. Ўйимни чамалади, шекилли:
– Нози, яхши қизсан-у, вақтнинг қадрига етмаслигинг ёмон-да, – деб қўйди у.
– Нима қилибмиз вақтни совуриб?
Унинг кўзойнак остидаги қисиқ кўзларига тикилдим.
– Мана, келганингга неча соат бўляпти-ку, дераза олдида туриб вақтни совуришдан бўлак ҳеч нарса қилмадинг.
– Қўйсанг-чи! – қўл силтади у. – Бир бедаво-да! Кўзи кўрмаса ҳам, овози оламни бузишини!
Дераза томонга хавотир билан қараб қўйдим.
– Кўзи кўрмайдими? Вой бечора, шунга касал деганмидинг?
– Касал демадим, бедаво дедим! – деди у кесатиб. – Бундоқ сўзнинг фарқига борсанг-чи, рақамларни тушунмаганингга яраша, унинг юраги хаста, сенинг тилингда нима дейилади, а, ошиғу бедавомиди?
– Бопладиз, сўзни фарқлай оладиган математик. Ошиғу беқарор дейилади. Бўпти, қани айт-чи, севиб қолганми ҳали йигит тушмагур, – дедим ҳамхонамнинг рўпарасига яхшилаб жойлашиб оларканман. У бўлса гапимиз ҳали тугамаслигини билиб, одатича, эшитмаганга олди ва компьютерига мук тушиб, ёзишга киришди.
– Менга қара, гапни бошладингми, тугат-да энди, – дедим жаҳлим чиқиб.
У бўлса муғомбирларча кўзимга тикилиб турди-да:
– Майли айтаман, фақат бозорлик қилиб келасан, – деди шарт қўйиб.
– Хўп, қани айт, – дедим шошиб.
Муқаддас бир зум деразага тикилиб қолди...
Бугун эрталабдан ёмғир ёғди. Кузнинг салқин ҳавоси этни жунжиктирса-да, ёқимли эди. Осмоннинг кулранг пардасини ийманибгина кўтарган офтоб фурсат ўтиб аста борлиққа яна нурини ёйди. Шундай мунис, шундай дилбар кунларда негадир Яшар ҳақида ўйлайдиган бўлиб қолдим. Тўғрироғи, унинг қалбидаги ғалаёнлари, изтироблари менинг юрагимда кечаётгандек эди. Ҳар гал бир девор нарида у эзилиб куйларди, мунглиғ шеър айтарди. Бир девор берида эса сел бўлиб уни эшитардим.
Муқаддасдан унинг Дилдора исмли қизга ошиқ бўлиб қолганини эшитганимдан бери беҳаловатман. Қорачиқларидаги бесаранжомликни беркитиб турган қуюқ киприкли, бўйчан, мўйлаблари эндигина сабза урган тиниқ юзли бу бўз боланинг азбаройи хафа бўлишини, уни хафа қилишларини истамасдим.
У билан танишишим кутилмаганда рўй берди. Кўчанинг бир четида хазон уюмларга тикилиб ўтирган йигит олдидан ўтиб кетарканман, у бошини хиёл кўтарди. Бу ўша йигитмикин, деган хаёлда қадамимни секинлатдим. Салом берди. Негадир таниш бўлмасак-да, шу тобда у билан гаплашгим келди. У ҳам шуни кутгандек ўрнидан турмоқчи бўлди.
– Ўтираверинг, безовта бўлманг, – дедим унга яқинлашарканман.
– Майли, сиз Муқаддас опаникига келгансиз-а? – дея сўради юзига табассум иниб.
– Ҳайрон бўлманг, зинадан чиқиб-тушганингизда қадам товушингиздан билгандим, бу ерлик эмаслигингизни, – деди у мулойим.
– Нозима опа десангиз ҳам бўлаверади, – дедим унинг ёнига чўкиб.
– Меники Яшар. Бувим қўйган бу исмни. Мени кўп яшасин деганлар-да.
– Чиройли овозингиз бор экан, уни асранг. Бу Худонинг сизга неъмати.
– Бувимга ўхшаб гапираркансиз, опа. Сизга қўшиқларим ёқдими? Тўғриси, кўп қаватли уйда баралла куйлашнинг имкони йўқ. Аммо айтгим келганда, нимагадир ҳамма нарсани унутаман. Фақат...
Яшар мен билган кишиларга ўхшамас, шу қадар беғубор эдики, қандай қилиб биллур идишдек соф юрагини сақлай олганига лол эдим.
Ўша кундан кейин биз у билан кўча-кўйда гаплашиб турдик. Ҳассаси билан теваракни чамалайдиган, оламни қулоқлари билан эшитиб тасаввур қиладиган Яшар мен учун бу дунёнинг тилсимига айланди. Чунки ҳар сафар уни янаям тушуна бошлар, мусиқага, адабиётга қизиқиши, билимдонлиги, хотирасининг фавқулодда кучлилиги унга нисбатан меҳримни оширарди. Опа-укадек бўлиб қолганимиздан Яшарнинг оиласидагилар, айниқса, онаси хурсандлигини билардим. Лекин кўпчилик, Муқаддасдан тортиб, бошқа қўни-қўшнилар бизни бирга боғни сайр қилишимизни, соатлаб гаплашиб ўтиришмизни, унга китоб ўқиб беришимни негадир ҳазм қилолмасди. Яшар кучли, иродали йигит эди. У ўзини руҳан бардам тутар, сира нолимасди. Кўришганимизда “Раъно”, “Танго”, “Умид”, “Хаёлимда” каби қўшиқларни мароқ билан айтар, яна янги мусиқалари, уларнинг хомаки парчаларидан куйлаб берарди. Кейин ҳамма қўшиқлари муҳаббат ҳақидалигини айтиб, маъюс бўлиб қолар, то ўзи айтмагунча мен ҳам ботиниб юраги тубидаги дард ҳақида сўрамас эдим.
– Сиз ҳаммасини биласиз-ку, – деди у бир куни дабдурустдан.
Индамадим, зеро, ёлғон гапиролмасдим.
– Дилдора билан мусиқа мактабига бирга борардик. У фортепиано бўлимида ўқирди. Жуда яхши чаларди. Мен қўшиқ куйлардим... Лекин уни уйдагилари ўқишга юбормай қўйишди, – деди у қовоқларини уйиб. Кейин бир ютинди-да, яна сўзида давом этди. – Бир гал кўчада дадасининг овозидан таниб, “Дилдорани мусиқадан айиришингиз жиноят”, дедим. У бўлса, жаҳл билан: “Бошқа йўлимдан чиқма, бола!”, деди. Кўрмасам ҳам биламан, у буни нафрат билан айтди. Шунда тушундимки, отаси мен учун уни санъатдан айирган. Қаранг, бу, ахир, жаҳолат-ку?! – деди овози титраб.
Шу тобда унинг қорачиқлари тез-тез айланар, вужудини ҳаяжон қамраганди. Мен уни тинчлантиришга уриндим.
– Сен тўғри гапиргансан, шундай қилган бўлса, у ростдан ҳам жоҳил экан. Хафа бўлма, истасанг Дилдора билан гаплашиб кўраман.
– Ростданми, сиз уни танийсизми? Танимасангиз ҳам бир кўришда биласиз уни. Чунки у мана шу шаҳар, йўқ дунёдаги энг чиройли қиз. Яна шунақанги гўзал куйлар чаладики, тинглаб маза қиласиз.
Тун кўкиш рўмолини осмон гумбазига ўраган паллада қандайдир бир нотаниш қуш сайрарди. Бу сас катта йўлнинг нариги тарафидаги қалин дарахтзор томондан эшитилар, тун пардасини ёриб чиқаётган қушнинг ноласи кўнглимга шу лаҳзада изтиробга қоришиқ ғусса соларди. Яхшиямки оламда соз ва сўз бор. Йўқса, зимистон тун бағри шу қуш овозисиз, тиллар сўз сеҳрисиз қоларди.
Тунчироққа тутиб китоб ўқирканман, мутолаадаги завқимни Муқаддасга ҳам илингим келди. У ҳозир хотирани мустаҳкамлаш машқларини қилар, аллақандай тушуниксиз расмлар соларди.
– Эшит, мана бу ажойиб афсона экан, – дедим китобдан бош кўтармай.
– Нима ҳақда? – сўради у қизиқроқ мавзудамикин деган ниятда.
Мавзуни айтсам рад этишини ўйладим-да, пинак бузмай афсонани ўқий бошладим.
“Қадим замонда Ойпари исмли бир гўзал қиз яшаган экан. Унинг ҳусни ўн саккиз минг олам ичра ягона бўлиб, ошиқлар туну кун унинг жамолини кўрмоқ умидида ҳасрат чекишаркан. Ойпари қанчалик меҳрибон, кўркам бўлса, отаси шунчалик қаҳри қаттиқ экан. Қиз балоғатга етиб, юзи олланиб, чиройи оламга тенглашиб борса-да, кўнгил қулфини бировга очмабди, ҳеч кимсага сирини сотмабди. Ошиқлари сони ортиб, ғам-ғусса тортиб юрган замонда қизнинг дили кутилмаганда машшоқ йигитга тушибди. Йигит дунёни қўшиққа тўлдириб, қизнинг кўчасидан куйлаб ўтар, Ойпарининг унга мафтунлиги ортавераркан. Ҳар гал йигит куйлаганда қиз ўзини дарчага урар, уни кўрмоқ умидида ўзини унутар экан. Йигит ҳам қизнинг жамолини кўрмоқ умидида унинг кўчасида сарсон-саргардон юравераркан. Кўп ўтмай, бу ҳолдан баджахл ота, дўсту ағёр хабар топибди-ю, машшоқ йигит бехабар қолибди. Хабар топиб, қиз олдига яшиндек учганида эса, дарғазаб ота қизини уй қафасига солган, Ойпари қанчалик сулув бўлса, қафас ҳам шунчалик бежирим, тилла тўсиқлар билан безатилган экан. Шундан кейин бир-биридан батамом айрилган ошиқ ва маъшуқлар туну кун бир-бирини куйлаб, ичикиб ўтибди. Бора-бора қиз ёлғизликда кўкдаги ойга, йигит эса ўз ўтида ёниб юрган офтобга эврилибди. Ер асрлар бўйи гир айланса-да, бу ошиқлар бир-бирига ета олмас, Ойпари чор атрофи юлдузли нур қафасида, машшоқ йигит эса тонги оқ, шоми қирмизи ёлғиз кунларда ғуссага тўлиб яшаб юравераркан”.
– Қара, худди Яшарнинг қисматига ўхшаркан-а? – дедим Муқаддасга.
Аммо дугонам аллақачон ухлаб қолган, сочлари боя ўзи чизган расмлар узра ёйилиб ётар, шу онда фалак узра Ойпари ҳам унга кулимсираб қараётгандек эди.
У қўшиқ куйларди. Бу қўшиққа сентябрнинг бирда ҳазин, бирда оромбахш кунлари ҳам жўр бўлар, деразага юз босган дарахтлар зангор ва сариқ япроқлари билан хонандани гўёки олқишлар, шу тобда бутун табиат унга жўр бўлар, чамамда фақат мана шу алвон оламгина уни тинглар, йигит кўнглини улкан бир қалб билан тушунарди.
– Оббо, яна бошладими бу? – деди Муқаддас деразаларни маҳкам беркитаркан.
– Нега ёпасан, эшитяпман, ахир? – деразага яқинлашганимда Муқаддас рўпарамда турарди.
– Менга қара, Нози, мазанг жойидами ишқилиб. Охирги пайтлар шу бедаво билан гаплашавериб, сал бошқача бўлиб қолдингми дейман?
– Бу нима деганинг, уялмайсанми, ахир, у эътиборга муҳтож бола. Нимаси ёқмаяпти сенга?
– Бир менга эмас, ҳеч кимга ёқмаяпти. Кеча дадам ҳам: “Нози у билан кўп кўришавермасин, ҳар қалай кап-катта қиз. Менга ортиқча гап-сўз керакмас”, деди. Хўш, нима қиласан шу бе... шу бола билан учрашиб. Худо уни шундай яратган бўлса, нима қилиш керак энди.
– Менга қара, тоғамга айт, биз у билан шунчаки опа-укадек гаплашамиз. Уни тушунадиган одам керак. У фақат эшитади, сену бизга ўхшаб кўришдан мосуво. Шунчаки, одамгарчилик юзасидан қиламан буни.
– Хўп, тушундим дейлик. Лекин ҳамма нарсада меъёр бор. Ана онаси, ука-сингиллари олиб юрсин. Ўзи қўшиқ айтиб, ҳаммани безор қилгани етар. Қўшнилар кўнгли ярим деб индамаяпти, бошқа бўлганида йиғиштир тинғир-пинғирингни дерди аллақачон.
Гапиришга оғиз жуфтлаган ҳам эдим, кўча томондан шовқин эшитилди. Назаримда, овозлар Яшарларнинг деразаси томондан келар, ўшқираётган эркак киши эди. Муқаддас шартта деразани очди.
– Менга қара, сен бола яхши гапга тушунмайсан, шекилли. Онангга айтдим, сенга айтмадими? Жўжахўрозга ўхшаб қичқирмасин, дедим. Яна Дилдоражон эмиш. Нима, қизим сенга эрмак бўлдими? Кўзинг бўлганда кўрсатиб қўярдим! Яна бир марта қизимни тилга олганингни эшитсам, ўзингдан кўргин бола. Шу юришинг камлик қилаётган бўлса, овозингни чиқмайдиган, қулоғингни эшитмайдиган қилиб қўяман!
Қўшни эшикнинг “тарссс” этиб ёпилганидан ҳушимга келдим. Рангим оқариб кетди, шекилли:
– Нози, яхшимисан? – деди Муқаддас афт-ангоримга тикилиб.
Мен эса шошганча Яшарнинг уйига чопдим. Айвонга қандай етиб борганимни билмайман. Ичкарига кирдиму, бурчакка тиқилиб олганча унсиз йиғлаётган шўрлик онаизорни, айвон олдида эса қўллари мушт бўлиб, юзи қизарган, танаси титраб, қорачиқлари кўз косасида тинмай айланаётган Яшарни кўрдим...
Ўйлаб кўрганмисиз? Агар дунё битта рангда бўлганида у қандай бўларди? Менингча, сариқ. Чунки ҳаёт синовлари, изтироблари, кўзёшлари билан шу рангда. Кулгуларнинг синиқлиги, тушларнинг рўёлиги, кечанинг армони-ю эртанинг насибаси ҳам айнан сап-сариқ.
Тоғамникига бормаганимга йиллар бўлди. Оила, бола-чақа билан ўзимни овутдим. Бугун эса шу томонга йўлимни бурдим. Таниш маҳаллага кирарканман, юрагим бир орзиқди. Ўшанда ҳам бу макон хазонрезгига тўла эди. Теваракда таниш бир изтироб кезар, у деразалардан тошиб кўчаларга, гулзорларга, ундан ўтиб кўнгилларга кириб борарди. Аниқроғи, ғам-ғуссали кунларини ёмғирлари ювиб юборадиган азим бу шаҳарчада яшовчи тошюракларнинг эмас, икки дилнинг ардоғида яшарди бу туйғу.
Ўша куни Муқаддас билан то ярим тунгача гурунглашиб ўтирдик. Ўтган-кетганни эсладик. Табиийки, Яшарни сўрадим. Кўзини чет элда даволатишганини, ҳозир ҳам ўша ерда ўқиётганини айтди. Юрагим бир қалқди. Айниқса, шунча кўргуликларига яраша шифо топаётганини, ўша қаттиқ изтироблари кўриш қобилиятига ижобий таъсир кўрсатганини, шифокорлар эса буни тиббиётда камёб ҳодиса, деб айтишганини эшитганимда мижжам севинчдан намланди.
Дилдора-чи, дерсиз? У ҳам бир тўкис бахт эгасидир, ким билсин. Уни ҳатто кўрмадим ҳам. Ота-онаси уйдан чиқишини ман этиб, боёқишни қанча азобга қўйишди экан ўшанда. Дилида не гап бор эди, қоронғулигича қолди. Нима бўлганда ҳам у дунёси зимистон бир йигитнинг ҳаётига нур бўлиб кирган, ўта нозик, кулгулари шалоладек, юраги мовий осмондек тиниқ қиз бўлгани аниқ. Йўқса, уни Яшар бу қадар севиб қолармиди?!
Математик дугонамга келсак, у негадир бошқача бўлиб қолган, ҳаётни рақамлар шаклида кўрадиган қариндошим тушмагур энди бироз ўйчан, ўзига ўхшамасди.
Кўзим илинибди. Ногаҳон қандайдир товушдан уйғониб кетдим. Вақт алламаҳал бўлган, кўкдан ойнинг нури уй ичини тўкис ёритар, очиқ деразадан чигирткалар хонишию дарахтзор тарафдан тун қушининг сайроғи қулоққа элас-элас чалинар, бироқ ҳозир тун саслари қулоғимга кирмас, зеро, не кўз билан кўрайки, дераза олдида Муқаддас кўкдан кўз узмай, маҳзун-маҳзун хиргойи қиларди:
Сен ишқдирсан, юрагимнинг гавҳари,
Сокин дилим эрур мулки – заргари.
Ҳолим тошлар билди, бир сендан бўлак,