December 8, 2023

ТУРҒУН АЛИМАТОВ ВА МАҚОМ АНСАМБЛИ

Атоқли созанда Турғун Алиматов 1947 йили Юнус Ражабий билан танишгандан сўнг, у кишининг таклифи билан Радиокомитет қошидаги миллий чолғулар ансамблига созанда сифатида ишга киради. Юнус Ражабий бошчилигидаги бу ансамблда 1952 йилгача ишлайди. Айнан шу йили ансамбль ўша давр сиёсати оқибатида тарқатилиб, миллий чолғу куй-қўшиқлари эфирдан узиб қўйилади. И.Сталиннинг вафотидан сўнг, илиқлик сиё­сати жамиятнинг турли соҳалари каби миллий мусиқага ҳам таъсир кўрсатди.

1957 йили Ўзбекистон Радиокомитети қошида Юнус Ражабий ва Дони Зокиров раҳбарлигида ўзбек халқ чолғу асбоблари оркестри ўз фаолиятини бошлайди. Оркестрга кўпчилик санъаткорлар қатори Турғун Алиматов ҳам таклиф этилади. Секин-аста оркестр қошида норасмий мақом гуруҳи фаолият бошлайди. Кейинчалик, мақом ансамбли расман ташкил этилмаган бўлса-да, ансамблга алоҳида жой берилиб, оркестрдан ажратилади. Мақом гуруҳи ижросидаги ёзувлар радио ва телевидение орқали бериб борилиши ва халқ яхши қабул қилгани ўтган асрнинг 60-йилларида мустақил мақом ансамблининг расман шаклланишига имкон беради. Бу даврни Турғун Алиматовнинг ижодий юксалиш даври, дейиш мумкин. Созанданинг куйларни бир неча мусиқа асбобида ўзига хос услубда ижро этишини билган Юнус Ражабий унга танбурни камон билан ижро этиб кўришни таклиф қилади. Чунки аср бошларида, Юнус Ражабийнинг айтишича, баъзи танбурчилар танбурда куйлар ижро қилиш билан бирга, гоҳида камон билан ҳам ижро қилишар экан ва буни сатода ижро деб аташар экан. Хуллас, созанда Ю.Ражабийнинг таклифини қабул қилади ва ҳаракатга тушади. Суҳбатдан роппа-роса уч ой ўтгач, Турғун Алиматов ансамбль қатнашчиларига сатода куй ижро қилиб кўрсатади. Бу созанданинг сознинг характеридан келиб чиқиб. ўз ижро услубига мослаштирган “Наво” куйи эди. Ансамблдагилар ҳали эшитмаган оҳанглар жилосидан ҳайратланиб, офарин айтишади. Юнус Ражабий эса созанданинг қўлидан тутиб, тўппа-тўғри ёзув студиясига бош­лаб бориб, тезда ёздиришга ундайди. Ўша ижро ҳамон эфирда бериб турилади. Кейинчалик оркестр ижросида ёзиб олинадиган халқ куйларида, албатта, сато жўрлигини қўллаш одат тусига киради. Замона зайли билан ҳозирда миллий мусиқамизда қўлланиб келаётган сато асбобини яратиш Турғун Алиматовга насиб этди.

Моҳир созанданинг танбур ва сато асбобларини аввал кўрилмаган услубда қўллаши ва ижро этиши кўпчилик томонидан юксак баҳоланарди. Лекин бу санъатнинг ҳақиқий қадрловчиси Юнус Ражабий эди. Зеро, Т.Алиматов миллий мусиқа анъаналарини эъзозлаган ҳолда, ижрода новатор ва модернист эди. Ҳар соҳада бўлганидек, янгиликни тез ва тўғри қабул қилолмаслик туфайли созанданинг ижросига муносабатлар турлича эди ва ҳар сафар Юнус Ражабий уни ҳимоясига оларди. Келишмовчиликлар сабаб созанда бир неча бор ишдан бўшаганида, Юнус Ражабий ҳар сафар: “Сиз ҳеч кимга керак бўлмасангиз ҳам, менга кераксиз”, деб унинг яна ишга қайтишига сабаб бўларди. Аслида айнан шу зиддиятлар Турғун Алиматовда ўз санъатига ишонч ва ғурур туйғусини кучлантирар, санъатининг ривожига, шахс сифатида шакл­ланишига ижобий таъсир кўрсатарди. Айтиб ўтиш жоизки, мумтоз куйларни ўз услубида ижро этиш билан бирга, Т.Алиматов бир қанча халқ(фольклор) куй-қўшиқларини қайта ишлаб, уларни мумтоз мусиқа намунасига айлантирди. Вақт ўтиб у киши жўрлигида қўшиқларини ёздиришга ҳавасманд­лар кўпая борди. Авваллари Турғун Алиматов кекса санъат дарғалари Жўрахон Султонов, Ортиқхўжа Имом­хўжаев, Бобохон ва Акмалхон Сўфихоновга эргашиб ижро қилган бўлса, эндиликда ҳофизларни ўзининг ижро услубига мослаштирадиган бўлди. Натижада ҳофизларнинг аввал ижро этиб юрган асарлари бошқача талқинда ифодали янграй бошлади. Шунинг учун ҳофизлар ижроларини айнан Т.Алиматов билан биргаликда ёздиришга навбат кутадиган бўлишди. Ўша даврда машҳур бўлган Алижон Ҳасанов, Сирож Аминов, Ориф Алимахсумов, Исҳоқ Катаев, Эсон Лутфуллаев, Умар Отаев, Алижон Эркаев, Ҳалима Носирова, Саодат Қобулова, Шаҳодат Раҳимова, Меҳри Абдуллаева, Берта Давидова, Коммуна Исмоилова, Холисхон Қодирова, Ҳадия Юсупова ва бошқа хонандалар Т.Алиматов танбури жўрлигида ижро этган асарлари билан репертуарларини бойитдилар.

Мақом ансамблидаги фаолиятининг яна бир муҳим томони шунда эдики, ансамбль аъзолари Шашмақом билан яқиндан танишишди. Албатта, санъаткорлар мақомлардан хабардор бўлишган, жумладан Шашмақомдан ҳам. Лекин тўлиқ Шашмақомни биладиганлар йўқ эди. Шу боис Юнус Ражабий Бухородан Шашмақом билимдони Борух Зиркиевни олиб келиб, унинг ёрдамида қўшиқларни ёздиргани катта аҳамият касб этди. Мақом ансамбли респуб­ликанинг энг нуфузли жамоасига айланди, махсус концертлар, кўрсатувлар намойиш этила бошланди. Хуллас, мақом ансамбли оддий бир мусиқа жамоаси эмас, балки республиканинг академик мусиқа марказига айланган эди. Тарих нуқтаи назаридан қисқа муддат ичида “Шашмақом” китоби ёзилди, тўлиқ аудио ёзуви қилинди, 1973 йили “Шашмақом” телефильми суратга олинди. Устоз санъаткор Турғун Алиматов ушбу жараёнларнинг ҳаммасида фаол қатнашди. Буларнинг барида у кишининг алоҳида ўрни бўлгани, шубҳасиз, албатта. Зеро, фильмда сато ва танбурнинг яккахон ижросидан ўринли фойдаланилган ва куйларга қараб Турғун Алиматов танбурларнинг турли хилларини ишлатган. Қолаверса, маълум куйлардан ташқари, у кишининг ўзига хос бўлган, умумий “Нола” номи билан аталувчи импровизацион асарлари ҳам фильм­да ишлатилган.

Мақом ансамблининг ташкилотчиси ва унинг беназир раҳбари бўлган Юнус Ражабий олдига қўйилган мақсад сари интилиб, бор куч-ғайратини ишга солиб, ўзбек халқи учун беқиёс маънавий бойлик қолдирди. Устознинг вафоти Турғун Алиматов учун катта йўқотиш эди ва унинг руҳий ҳолатига таъсир қилди. Бир муддут у мусиқа фаолиятини тўхтатиш ҳақида хам ўйлади, лекин ўзида куч топиб, фаолиятини давом эттиришга қарор қилди ва 1985 йили нафақага чиққунига қадар шу ансамблда ишлади.

Алишер АЛИМАТОВ