December 1, 2023

ТЎТИЁ ТУПРОҚ  

Қўзи ДАВЛАТ

(ҳикоя)

Бу гал хизмат сафари анча чўзилиб кетди. Уйдагиларни шундай соғиндимки, иложи бўлса, улар олдига ҳозироқ учиб борақолсам, дейман. Вагон деразасидан поёнсиз далаларга, қир-адирларга боқар эканман, аллақандай куч мени “тезроқ-тезроқ”, деб олдга ундаётгандай бўларди.

Уйга кечқурун кириб келсам, Муҳаббат Санобарни эндигина боғчадан олиб, кечки овқатга уннаётган экан. Мен томон пилдираб талпинган Санобарни даст кўтариб, дўмбоққина юзларидан ўпиб олдим, жингалак сочларини силаб эркалатдим...

Уйда ҳеч нарса ўзгармабди.

Аммо... аммо столим устидаги ваза тўла тупроқ ва кўм-кўк арча шохчасига кўзим тушиши билан яна ярам янгиланди. Бошим айланиб, бир зум анқайиб туриб қолдим. Юзларим оқариб, лабларим титрий бош­лаган бўлса керак, бундан қўрқиб кетган рафиқам:

– Раҳимжон ака, нима бўлди сизга, бетобмисиз, – деб мени диванга ўтқазди. – Йўлда анча чарчагансиз, бирпас дам олинг, ҳозир аччиқ чой қилиб бераман, ўтиб кетади.

Муҳаббат шундай деди-да, ошхонага чиқиб кетди. Диванда чўзилганимча шипга қараб ётар эканман ҳеч нарса, ҳатто Санобарнинг бидиллаши ҳам қулоғимга кирмас эди. Вазадаги тупроқ ва арча шохчаси билан боғлиқ воқеа кўз олдимдан кино тасмасидай бир-бир ўтарди.

* * *

Дадамни армияга чақирганларида мен эндигина беш ёшга тўлган эдим. Уни бир гуруҳ хоразмлик йигитлар билан пароходга чиқарганларида ойимнинг Амударё бўйида юм-юм йиғлагани эсимда.

Дадам немис фашист босқинчилари билан бўлган шиддатли жанг­ларда Мосвадан Прагагача бўлган шонли йўлни босиб ўтган. Аммо... аммо мен буни ҳар гал ҳаяжонсиз эслай олмайман.

Томоғимга бир нарса тиқилгандай бўлиб, этим жунжикади. Кўз олдим қоронғилашиб, бошим айланади. Чунки ойим номига келган қора хатда шу сатрлар битилган эди: “Сизнинг эрингиз Жуманиёз Каримов Прага учун бўлган жангларда қаҳрамонларча ҳалок бўлди”.

Шундан сўнг ойимнинг қандай аҳволга тушганини айтиб ўтирмайман. Лекин у ўзини йўқотиб қўймади. Отамнинг йўқлигини билдирмай далада ишлади, укам ва мени инжилтирмади...

Кўпдан бери қилиб юрган орзуим ниҳоят ушаладиган бўлди. Яқинда бир гуруҳ сайёҳлар билан Чехословакияга боришимни эшитиб, хурсандлигимдан ўзимни қўярга жой тополмай қолдим. Ахир, мен отам юрган йўллардан бориб, у қон тўккан шаҳар ва қишлоқларни ўз кўзим билан кўришга муяссар бўламан. Ким билади дейсиз, балки отамнинг қабрини ҳам топиб оларман. Кетиш олдидан ойим ҳалигача асраб қўйган ўша машъум хатни менга тутқазиб: “Отанг қабрини албатта изла, зора топарсан, болам”, дегани қулоғим остида жаранглаб кетди.

* * *

Москва – Прага поезди Чехословакия пойтахтига кечқурун етиб келди. Эрталаб бизга шаҳарнинг энг гўзал жойларини, тарихий ёдгорликларини кўрсатишди. Экскурсия раҳбаримиз тушдан кейин Прага учун бўлган жанг­ларда жонларини қурбон қилган мард жангчилар дафн қилинган “Ольшан” қабристонини зиёрат қилажагимизни айтганда, менда яна умид учқунлари порлаб кетди. Вақт сира ўтмас, юрагим нимагадир талпинар, ўртоқларимнинг сўзи қулоғимга кирмас эди.

“Ольшан” қабристони мен тасаввур қилганимдан бутунлай бошқача экан. Катта боғ ичига ўрнашган бўлиб, ер қор билан қопланганига қарамай, кўм-кўк майсалар орасида қўйилган қабртошлари ёнидан ариқларда зилол сув оқиб турибди. Боғ доимо одамлар билан гавжум.

Бироқ менинг вужудимни тамоман бошқа нарса чулғаб олган. Наҳотки... наҳотки топа олмасам отамнинг қабрини! Ахир, у шу шаҳарда ҳалок бўлган-ку. Қабр тош­лари орасида кезар эканман, кўзим олазарак бўлиб, чор-атрофга термиламан.

Бутун истакларим пучга чиқиб, бўшашиб кетдим. Руҳан эзилиб қабрис­тонни тарк этишга чоғланаётган эдимки, бехосдан бутазор орасидаги мармар тошга ўйиб ёзилган “Гвардия­чи сержант Жуманиёз Каримов 1917 – 1945 йиллар”, деган сўзларга кўзим тушаркан, худди ток ургандек сапчиб тушдим ва қабр устига отилдим. Отам қабрини қучоқлаб хўнграб йиғлаб юбордим.

– Отам, менинг отажоним! Йиғи аралаш юрагимдан отилиб чиққан сўзларни эшитган ўртоқларим бир зумда атрофимни қуршаб олишди. Шу зайл қанча ўтирганимни билмайман. Фарзандлик меҳри туғён урган юрагимнинг бир парчаси шу ерда қоладигандай қабристонни тарк эта олмасдим.

Шу-шу кўзларимга тўтиё бир сиқим тупроқ ва арча шохчаси солинган чиройли ваза столимни безаб туради.

Ахийри, отам қабридан бир сиқим тупроқ ва қабр устида энгашиб ўсган арча дарахтидан кичкина шохча синдириб олдим...

Қўзи ДАВЛАТ