November 10, 2023

“ТАНОВАР”ГА НИМА ЕТСИН  

Автобус бир зумда йўловчилар билан тўлди. Уёқ-буёққа шошган ёш-яланглар дарҳол ўриндиқларни эгаллашди. Кексалар, тугун кўтарган аёлларга ҳам жой топилди. Орқа ўриндиққа жойлашиб олгач, олд ўриндиқдаги ёшларнинг суҳбати қулоғимга чалинди:

– Орқага ўтиб ўтирсак бўлармиди, ҳа деганда туриб жой беравермасдик.

– Орқада нима бор? Юрганда силкитади, белинг оғриб қолади.

Буни қаранг, фойда-зиённи билишади-я! Онахон бўлганимда-ку, буларга нима дейишни ўзим билардим. Бироқ бунгача ҳали кў-ў-ўп қовун пишиғи бор. Автобус бекатдан чиқмасидан шофёр магнитафонни ёқди: салонда шўх мусиқа янгради. Автобус тезлашгани сайин қўшиқ ҳам авжига чиқарди. Бир ёнда йўловчиларнинг ғала-ғовури, бир ёнда бола йиғиси, қолаверса, манави ашула… Алламбало қўшиқ тугаб, на хотинча, на эркакча овоз янграб қолди:

Бунчалар зўрсан, бунчалар гўзалсан жоним,

Сени соғинсам, бунчалар қийнайсан менни…

Воу-воу!

Қўшиғи “касал”лиги етмагандай, сўзни ҳам бузиб айтаётганини, “мени” деган сўзни “менни”лаётганини ўзи сезармикин бу шов­воз хонандалар? Шофёрга қарадим: димоғи чоғ, гўё қўшиқ аллалаётгандек, ичида ўзи ҳам қўшилиб айтаётгани аниқ. Ён ўриндиқдаги аёллардан бири ҳамроҳига қараб кулди:

– Тавба, артистлар энди вовуллаб қўшиқ айтадиган бўптими?

– Асти қўйинг, ишқилиб одам одамга вовулламасин…

Болалигимни эслайман. Таътил вақтлари қишлоққа – тоғамникига борардик. Тоғам мусиқа ўқитувчиси бўлгани учун меҳмонхонаси токчасида рубоб турар, аҳён-аҳён, айниқса, меҳмон қаршилаган кунлари чалиб берарди. Мени кўриб, қувониб кетди. Кўплашиб ичкари кирдик. Жамалак сочларига лента тақилган лўппи юзли қизча, яъни менга ҳайрат билан қараб турган тоғаваччаларим дадасининг овозидан ҳушёр тортишди.

– Қани, торни ол, – деди тоғам ўғлига. – Шаҳарлик қизимга куй чалиб берай.

Зум ўтмай хонада ажиб товуш тарала бошлади. Ҳаммамиз жим. Айниқса, мен, гўё нафас чиқарсам, куй адашиб кетгудек. Бунчалар ёқимли, бунчалар сеҳрли бўлмаса бу куй. Товуш секин-аста тинди. Чуқур нафас олиб, тоғамдан сўрадим:

– Бу нима?

– Рубоб. Миллий чолғумиз. Телевизорда кўргансан-а? Ҳофизлар қўлида чалиб, қўшиқ айтади-ку?

Анқайиб қолдим, шекилли, тоғаваччам қўшиб қўйди:

– Дада, ҳофиз дейсиз-а? Ҳали тушунмайди-ку?

Тоғам менга яқинроқ ўтириб, ҳофизнинг кимлигини, торнинг нималигини, уларнинг вазифасини эринмай тушунтирди.

…Йиллар ўтди. Яна қишлоқдаман. Тоғам худди ўшандагидек, фақат сочларига оқ оралабди. Кўплашиб хонага кирдик. Токчага қарадим. Тор ўша жойида. Унга қараб болалигимни эслагандек бўлдим, лабимга табассум ёйилди.

– Чалиб берайми? – деди тоғам. “Майли”, дедим.

Ёқимли куй чалинди. Бирор созни айнан ўз кўзинг билан кўриш, қулоқларинг билан эшитиш, навони қалбинг, руҳинг билан ҳис этиш ўзгача бўларкан.

– Хўш, қайси куй?

– “Тановар”.

Жавобда адашмагандим...

Автобусда кетар эканман, ўша кунлар, қишлоқ, тоғамнниг уйи, ва…тор кўз олдимга келди.

Йўловчилардан бирининг овози янгради:

– Магнитафониззи ўчиринг-да, шопир, қулоқ-мияни еди-ку?!

Ҳайдовчи пешона ойнасидан қаради. Йўловчи аёлнинг асаби таранглигини сезди шекилли, мусиқани ўчирди. Автобусдаги шовқин ҳам бирровга тинди. Аёл эътироз билдирган “воу-воу” таронаси бошқа йўловчиларга ҳам ёқмаган кўринади, мусиқа тингач, кўпчилик чуқур “уҳ” тортиб қўйди. Йўл олис бўлгани учун яна бошқа бир уловга чиқдим. Ана холос! Бу уловдаги таронани қаранг:

Мани мушукчам, мани балиқчам,

Сен менинг борлиғим, сен нозик эркам…

Бу қўшиқ тугаб, бошқаси уланди:

О, кабутарим мани, кабутарим мани,

О, олмахоним мани, индамай ўтир қани!..

Во ажаб! Шоирлар наздида гўзал ташбеҳлар ила зийнатланган, бадиий санъатлар, сўзнинг латиф қудрати билан гўзал мисраларда таърифланган аёл-қизларимиз замона зайли билан мушукчага, балиқчага, кабутарга, олмахонга айланиб қолса! Наҳотки, аёл-қизлар жониворларга қиёс­ланиб тутуруқсиз таърифланса? Бундай қўшиқлар ТВда, радиода бетўхтов айланишидан куласизми, куясизми? Пулинг бўлса, чангалда шўрва экан-да. Сершовқин, жазавали, ясама қофия, тинимсиз қайтариқ, ҳуда-беҳуда нола... Қўшиқчи “устахона”сида ясалган бундай “қўшиқ”нинг эфирга кетишию тарқалишини назорат қиладиган, кишилар ахлоқи, тарбияси, мусиқий дидига салбий таъсир ўтказадиган, тингловчини маънавий қашшоқлаштиришнинг олдини оладиган сифат назорати бормикан?

Тажрибалардан аён бўлишича, хунук мусиқадан муз таркибидаги молекулалар ўргимчак тўрисимон, ханжарсимон, ўткир тиғлар кўринишига, опера, симфония каби майин, сокин, ёқимли мусиқадан эса гуллар, капалаклар, нозик нақшлар кўринишига кирар экан. Мусиқа таъсирида инсон мия­си таркибидаги ўзгаришлар ҳам шундай кўриниш олиши жаҳоннинг етакчи психолог олимлари томонидан асослаб берилган.

Ўзбек қўшиқ санъатига адашиб кириб қолаётганларнинг “ҳунари” сув юзасидаги кўпикдек гап. Бодраб чиқаётган бундай “ҳунар” эгаларининг хазондай супурилиб кетиши, унгача озми-кўпми вақтни ўғирлаши ҳам рост. На ўзбекча, на европача кийимдаги йигитнинг:

Маней, маней, маней, сани севган боламаней,

Шошмай тургин ҳалей, сенга уйланаманей –

деб туриши миллий қадриятларнинг қайси мезон, қайси аъмолига мос келади? Энг яширин, энг некбин, энг покиза, бебаҳо бўлган кўнгил ҳислари, ишқ, никоҳ, оила каби муқаддас тушунчаларга бу қадар беҳаёларча муносабатда бўлиш, санъатга нисбатан хиёнат эмасми? Ўзи ёзиб, ўзи куй басталаб, техника қудрати боис “силлиқланган”, “пардозланган” минг турли овоз, нағмалар асаб эговидан ўзга нарса эмас! Экранни маза-бемаза клипларга тўлдирган хонандаларни кўриб, ўтган асримиз ашула ижрочилигининг забардаст вакиллари қаерда, дея жар солгинг келади.

Оташин “Лазги”нинг садоси, сўлим “Тановар”нинг жилоси, дилни сел қилгувчи “Муножот”, “Дутор баёти”, жонбахш “Дилхирож” – барча-барчасида ҳаёт нафаси, ишқ жозибаси, меҳр, соғинч, ҳижрон каби ардоқли туйғуларнинг нашъалари бор. Куйнинг бир ўрнида шодликни туйсанг, бир ўрнида кўзларингга ёш қалқийди. Бу шодлик, бу кўзёш санъатнинг сеҳридан, санъатнинг мўъжизакорлигидандир.

Талабалар ётоқхонасида ҳаёт қайнайди. Кўпларнинг қўлида телефон, бир-бирига қоришиқ турли тароналар. Таниш эшикни қоқаман. Ҳамхонам кулиб қаршилайди. Бирга чой ичамиз. “Жимлик зерикарли-да. Қўшиқ қўйсам дегандим, нима дейсиз?” Чарчоқ енгай деб турса-да, ҳамхонамнинг кўнглига қарайман.

Хонани мусиқа овози тутади. Ажаб, мен ёқтирган тарона.

– “Тановар”, – дейди дугонам. – Интернетдан топгандим, негадир шу куйни эшитгим келди.

Шу дам вужудимни чулғаган ҳорғинлик тумандек тарқаб кетди. Дилбар куйни тинг­лаётган ҳамхонамни қучиб олгим, айни дамда энг бебаҳо таронани тинглаётганини айтгим келди. Қадим санъатимизнинг навқирон мухлиси борлигидан, ёнимдалигидан севинчим тошади. Айни дам руҳимизга ором бераётган куй – маънавият садоси эди.

Шаҳноза РАЙИМОВА

Фарғона шаҳри