September 22, 2023

“ҚАНИ, НАЙ БЕР МЕНГА...”  

Ҳалимжон Жўраев

Атоқли адиби Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” асари асосида яратилган бадиий фильм­да “Ўртар” (Машраб ғазали) ашуласини эшитганимда ўйланиб қоламан. Боиси, шубҳасиз, ғазал матни ва куй оҳанги таъсири. Зеро, бу қўшиқнинг куйи тингловчи қалбининг туб-тубига етиб боради, оҳанг юракларни сел қилади. Эҳтимол, бу мумтоз ашуланинг мусиқаси муаллифи Ҳалимжон Жўраев эканини кўпчилик билмас. Шу ўринда атоқли бастакор, профессор Раҳматжон Турсуновнинг устоз ҳақидаги фикр­ларини эслаш жоиз деб ўйлайман: “Мен 1961 йили, Тошкент давлат консерваториясида ўқиб юрган даврларим Ўзбекис­тон меҳнат резервларини тайёрлаш қўмитаси маданият уйи қошидаги ашула ва рақс ансамбли концерт дастурини эшитишга тез-тез бориб турардим. Мазкур ансамблда Ҳалимжон Жўраев билан танишдим ва яқиндан мулоқотда бўлдим. Ҳалимжон акага янги басталаган “Мунча соз” (Ҳабибий шеъри) ашуламни рубобда чалиб эшиттирдим, унга маъқул бўлди. Суҳбат асносида Ҳалимжон ака ўзи куй басталаган янги ашуласини эшиттирди. Бироз сукутдан сўнг “Яхши, оҳанги бетакрор мумтоз ашула яратилибди”, дедим. Бу ўша “Ўртар” (Машраб ғазали) ашуласи эди”.

“Ўртар” мусиқаси билан кўпгина қалбларни ўртаган бебаҳо инсон, ўзига хос ижодкор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, моҳир созанда, бастакор, доцент Ҳалимжон Жўраев илм-фан, санъат, адабиётнинг ўчоғи бўлган Наманган вилояти Чуст туманидаги санъаткорлар муҳитида камолга етди. Унинг ўзбек бастакорлари куй ва ашулаларини мукаммал эгаллаган санъаткор сифатида ўз ўрнини топишида атоқли ўзбек бастакорларининг хизматлари катта бўлди. Дони Зокиров, Саиджон Калонов, Комилжон Жабборов, Набижон Ҳасанов каби устоз санъаткорлардан сабоқ олиб, улар билан ижодий ҳамкорлик қилди. Бастакорлик, хусусан, мумтоз куй ва ашула ижрочилигида ёшлар орасида Ҳалимжон Жўраев устоз Д.Зокиров ва С.Калоновнинг ҳақиқий шогирди сифатида эътироф этилгани санъат мутахассислари ва шинавандаларига яхши маълум.

Устозлари кўмагида ва ўзининг интилиши, санъатга меҳри туфайли етук созанда сифатида танилган Ҳ.Жўраев бастакорлик истеъдодини ҳам синаб кўрди. Бу соҳада ҳам кўплаб халқчил куй ва ашулалар яратилишига муносиб ҳисса қўшди. Қарийб қирқ йиллик ижодий фаолияти давомида устоз юздан ортиқ ашула, куй, ялла ҳамда ўзбек халқ чолғулари оркестри учун асарлар басталади. Улар орасида “Ўртар” (Машраб ғазали), “Саодат баҳори” (Ҳ.Ғулом сўзи), “Сен йироқда” (Э.Воҳидов сўзи), “Ўзбекис­тон ипак йўллари” (Н.Нарзуллаев сўзи), “Интизор эмасман” (Фурқат сўзи), “Най навоси” (М.Қориев сўзи), “Бир қиё боққан билан” (С.Зуннунова сўзи), “Замонамни куйлайман” (Т.Тўла сўзи), “Бегим сизга” (Х.Худойбердиева сўзи), “Иқболим баланд” (Ҳ.Муҳаммад сўзи), “Рубоб учун лирик куй”, “Қўшнай учун пьеса”, оркестр учун “Рапсодия” ва “Поэма” каби элга манзур бўлган асарларни тилга олиш мумкин.

Шу ўринда Ҳалимжон Жўраевнинг созандалик санъатига алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. Зеро, санъаткор най ва рубоб чолғуларини чертишда бе­қиёс ижрочи эди. Айниқса, унинг най ижроси таҳсинга сазовор. Устоз шоир Абдулла Ориповнинг “Қани, най бер менга, дўстгинам” номли шеърида шундай сатрлар бор:

Кўзларимга бу ёруғ олам

Кўринмоқда бирам суюмли.

Қани, най бер менга, дўстгинам,

Тўкай тўлиб кетган кўнглимни.

Дарҳақиқат, Ҳалимжон ака най чалганда кўз олдингизда бу ёруғ оламнинг тенгсиз жозибаси намоён бўлиб, кўнгил тубида ётган ҳисларингиз юзага қалқиб чиқарди. Созанда узоқ йиллар давомида (1961 йилдан) Ўзбекис­тон радиоси ҳузурида ташкил этилган ўзбек халқ чолғулари оркестрида етакчи найчи бўлиб фаолият кўрсатди. Най ижрочилигида юксак малака ва маҳоратни эгаллаган санъаткор асосий эътиборни ҳар бир асарнинг бадиий мазмунини ифода этишга ва бунда товушларнинг табиий тароватини тингловчига етказиб беришга қаратди. Товуш ва унинг ифодаси бўлмиш бетакрор “нола” ва “қочиримлар” санъаткорнинг най санъатидаги бош тамойилини белгилайди. Зотан, Ҳалимжон Жўраев “Ёввойи чоргоҳ”, “Ёввойи ушшоқ”, “Чўли Ироқ” каби мумтоз куйларни нафас узмай ижро этганки, бунинг ўзи алоҳида бир мавзу.

Ҳ.Жўраев созанда ва бастакорлик санъати билан бирга мураббий – педагог сифатида ҳам самарали фаолият олиб борди. Устоз узоқ йиллар давомида ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида ёшларга мусиқа санъати сирларидан сабоқ берди. Унинг сабоқларидан ибрат олган шогирдлари бугун устоз ишини давом эттираяптилар. Қайси соҳада бўлмасин, мураббийлик энг шарафли касблардан ҳисобланади. Ҳар бир касб эгасининг келажакдаги мавқеи, шахсий интилишлари, аввало, мураббийга боғлиқ. Энг муҳими, мураббий фидойи бўла олиши керак. Ёшлар ниҳоятда кузатувчан бўлади. Шу маънода педагогнинг билимдонлик даражаси уларни дарҳол жалб этади. Устоз Ҳалимжон Жўраев дарс­ларни мазмундор, ижодий ва услубий жиҳатдан пухта ташкил этиши, мусиқанинг амалий сирларини ўрганишдек вазифаларга талаба – ёшларни қизиқтира олиши туфайли ҳурматга сазовор бўлган устоз даражасига етишди. Устознинг, шунинг­дек, бир қатор ўқув ва услубий ишлари, жумладан, фан дастурлари, ўндан ортиқ мақолалар ва “Най навоси”, “Ёш найчи”, “Ўртар” номли ўқув қўлланмалари нашрдан чиққан. Педагоглик фаолияти натижалари бўйича доцент илмий унвонига сазовор бўлган.

Ҳалимжон Жўраев созанда сифатида Финляндияда ўтган VIII халқаро ёшлар фестивалида, Болгарияда ўтган Ўзбекистон адабиёти ва санъати ўн кунлиги, Миср Араб Республикасида Ўзбекистон санъати кунларида қатнашиб, Германия, Греция, Ҳиндистон, Туркия, Кипр, Чехословакия, Япония каби мамлакатларда ижодий сафарларда бўлиб, ўзбек санъатини дунёга танитишга самарали ҳисса қўшган санъаткордир.

Фредерик Шопен “Бир вақтнинг ўзида ҳам композитор, ҳам ижрочи бўлиш ҳақиқий бахтдир”, деган эди. Дарҳақиқат, устоз Ҳалимжон Жўраев умри давомида ана шундай бахтни туйиб яшади. Зеро, устоз созанда, бастакор, доцент Ҳалимжон Жўраевнинг халқимиз дилидан жой олган ранг-баранг асарлари, педагоглик маҳорати ёшлар учун ибрат мактабидир.

Нозим ҚОСИМОВ,

Ўзбекистон давлат Хореография академияси профессори