July 20, 2023

ЗОМИН ТОҒЛАРИДАН БОШЛАНАР ПАРВОЗ

Ҳар қандай жамият тараққиётида ҳал қилувчи ролни ушбу жамиятнинг келажаги бўлган ёш авлоднинг соғлом ва баркамол ривож­ланиши ўйнайди. Шунинг учун ислоҳотларимизни кенгайтириш ва самарадорлигини янада ошириш масалаларида биз замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлган ғайратли, ташаббускор, ҳар томонлама ривожланган ёшларимизни ўзимизга таянч деб биламиз.

Шавкат МИРЗИЁЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Илк сатрини битаётган ижодкор ўзи очаётган янги дунёнинг остонасида турганини ҳис этмоғи қанчалик фараҳбахш. Ватанга садоқат, халққа муҳаббат туйғулари шу остонада куртак ёзиб, умуминсоний қадриятларга эврилади. Санъатнинг сеҳри ҳам шунда – у ўз соҳибини улуғлаб, номини мангуликка муҳрлайди. Ёшлик руҳи билан ҳамоҳанг бўлганида эса, сўз санъатининг парвози янада юксалади, биз яшаб турган дунёни турфа рангларга тўлдиради. Ёшлик шижоати билан яралган асарлар тунда долғаланган ой шуълалари, тонг саҳарда шудрингли япроқ юзига тушган илк қуёш нурлари сингари гўзал бўлади.

Давлатимиз раҳбарининг ташаб­буслари билан ташкил этилган Зомин семинар-кенгаши шу тариқа сара истеъдод эгаларини етказиб бериб, адабиётимизнинг бугунги тараққиётини, келажагини таъминлашга хизмат қилмоқда. Зомин тоғларининг эпкинлари эсиб турган дилбар гўшаларга юртимизнинг турли ҳудудларидан келиб шеър ўқиётган, насрий, публицистик асарларини устозлар муҳокамасига тақдим қилаётган ёш истеъдод эгаларини олис чўққидан мағурур боққан бургут полапонларига қиёслаш мумкин. Зеро, улар полапонларини юксак қоялардан учирма қилгани сингари беқиёс табиат сирлари, шаршаралар ҳамда қалбидарё одамлар истеъдод эгалари руҳини янада юксак парвозларга илҳомлантиради. Ниятлар, тилаклар, дуолар ижобат бўлади – Зомин тоғларидан бошланган парвоз самоларни кўзлайди. Ёшларнинг тоза руҳи, самимияти, очиқлиги ва энг муҳими, ижодий камолотга интилишлари бу дилбар гўшаларга янада файз бағишлайди.

1997 йилдан бошлаб давом этиб келаётган ёш ижодкорларнинг Зомин адабий анжуманлари адабиётимизга жуда кўплаб иқтидор эгаларини етказиб берди. Устозимиз – Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Орипов лутф этганидек, “Энг муҳими, ҳеч бир лофсиз, баландпарвоз гапларсиз, баралла айта оламизки, оққан дарёларимиз оқиб турибди экан. Айни чоғда ёшларимизга баъзи топшириқларимиз ҳам йўқ эмас. Инсон ўз қалбини қанчалик тадқиқ этса, ўша қалбда яшайдиган Халқ ҳамда Ватан туйғуларини ҳам шунчалик теран ва самимий тадқиқ этмоғи лозим”.

Зомин семинар-кенгашида ҳар гал ёш ижодкорларнинг ижод намуналари билан танишиб, янги истеъдодлар кашфиётига гувоҳ бўламиз. Ўзбекис­тон Ёзувчилар уюшмаси билан бир қаторда Жиззах вилояти ҳокимлиги, турли жамғармалар, муассасалар бу ишга камарбаста бўлишади. Шу тариқа, Абдулла ака айтганидек, “Зомин адабий мактаби” деган атама адабиётимиз тарихидан мустаҳкам ўрин топди.

Шу ўринда эътироф этиш зарурки, Янги Ўзбекистонда адабиётга эътибор давлат аҳамияти даражасига чиқди. Қайси учрашув, қайси йиғин бўлмасин, албатта, Президентимизнинг адабиёт, китоб, таълим, устоз, маънавий камолот, руҳий етуклик ҳақида алоҳида таъкидлаши анъана тусини олди, десам муболаға эмас. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига пойтахтимиз марказидаги Миллий боғда янги бино қуриб берилгани, бу ерда Адиблар хиёбони барпо этилгани, давлатимиз раҳбарининг мазкур хиёбонга 2020 йил 20 май куни ташрифи давомида берган топшириқлари, Алишер Навоийдан бошлаб Муҳаммад Юсуфгача 24 нафар ижодкорга ёдгорлик ҳайкаллари ўрнатилгани, бу ёдгорлик ҳайкалларига пойтахтимизда жойлашган олий ўқув юртлари масъул этиб белгилангани, олий ўқув юрти доирасида ўзи масъ­ул бўлган ижодкор номида стипендия, нишон ташкил этилиши, илмий тадқиқотлар олиб борилиши, фильмлар яратилишида, китоблари чоп этилишида, музейлари ташкил қилинишида ташкилий жиҳатдан ҳам, маънавий-маърифий жиҳатдан ҳам ҳар томонлама қўллаб-қувватланишни ҳис этамиз.

Очиқ осмон остидаги аудитория — Адиблар хиёбони ҳамиша очиқ дарслар билан банд бўлиши, ёшларнинг қадами канда бўлмаслиги, энг асосийси, бу ердаги руҳ барча йигит-қизларнинг қалбига сингишига эришиш ҳаммамизнинг асосий вазифамиз бўлиши кераклиги биз учун дастуриламалдир. Хиёбонда Ҳазрат Навоий юксакликдан туриб, ўз издошларини ортидан эргаштираётгандек, уларга устозлик қилаётгандек туюлади. Адиблар хиёбони оддийгина хиёбон эмас – ўзбек адабиётининг олтин дарвозаси. Бундай маскан жаҳонда кам. Адиблар хиёбонидан таралган нур мамлакатимизнинг турли бурчакларидаги мактаб-лицейларда, адабиёт масканларида давом этади. Шу маънода, ёш ижодкорлар учун нуфузи ва мақомига кўра том маънода чинакам адабиёт байрамларига айланган анжуманда – Зомин тоғлари бағрида, Ўриклисойдан янграган овозлар бу ерга келиб туташганда янада баландроқ пардаларда жаранглайди, дунёни забт этгудай руҳий қувват касб этади.

Устоз адиблар Пиримқул Қодиров, Жуманиёз Жабборов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Тўлеп­берген Қаипбергенов, Ибройим Юсупов, Ҳусниддин Шарипов, Турсуной Содиқова, Ҳалима Худойбердиева, Александр Файнберг, Турсунбой Адашбоев, Исмоил Тўхтамишев, Йўлдош Сулаймон, Муҳаммад Юсуф, Анвар Обиджон, Абдували Қутбиддин сингари таниқли ижодкорлар бугун орамизда йўқ. Аммо уларнинг овозлари, сабоқлари Ўриклисой қирғоқларида қайта ёдимизга тушади. Барчаси Зомин анжуманининг илк қалдирғочлари қалбида сақланиб қолган. Уларнинг ижодидан тузилган алманах-баёзлар, “Биринчи китобим” туркумидаги илк китобларида ўша тарихий лаҳзаларнинг излари бор.

Бу йил бизга илк шеърий машқларини тақдим этаётган сирдарёлик Ситора Наимжонова, хоразмлик Сардор Саъдуллаев, тошкентлик Нигора Асқаралиева, наср йўналишида қалам тебратаётган бухоролик Гулзода Ғайратова, навоийлик Озодахон Мардонова, болалар адабиётини ривожлантиришга бел боғлаган андижонлик Дилшода Абдумуталлибова, қашқадарёлик Шоҳида Жўраева, сирдарёлик Сарвиноз Қазақова, бўлажак адабиётшунослар – бухоролик Зарнигор Жумаева, жиззахлик Холида Мусурмонова, сурхондарёлик Шаҳзод Тўхташев, бадиий публицистика соҳасини танлаган навоийлик Дилафруз Қўшоқова, наманганлик Гулсевар Умматалиева, янги таржималари билан абадий дўстлик кўприкларини бунёд этишни ният қилган тошкентлик Мафтуна Умарова, бўлажак драматург бухоролик Шаҳноза Ҳакимова сингари юз нафарга яқин ёш қаламкашларнинг асарларини жамлаб, “Энг гуллаган ёшлик чоғимда” номли ёшлар баёзини нашр эттирдик. Шунингдек, бу китобдан қорақалпоқ, тожик, рус, қозоқ тилларида ижод қилаётган ёшларимизнинг ижод намуналари ҳам ўрин олган. Ўйлаймизки, ёшлар баёзи уларнинг Зомин тоғларидан бошланажак юксак парвозларга чоғлайди.

Сирожиддин САЙЙИД,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси