ОЛИСДА СЎНГАН ОЛОВ
Равшан билан шу ерда, Кавказдаги даволаниш масканида танишдим. Анча вазмин, ўйи ўйноқи, қони қайноқи эмас. Мулоҳазаси бут, хулосаси сукут. Кўнглини китоб нурлантирганини икки-уч гапидан билиб олдим. Адибу адабиётни яхши кўраркан. Катта устозлар тугул, каминага ҳам меҳри мавж, у-бу ёзганларимдан хабардор денг.
...Ошхонада иккаламиз битта столни эгаллаганмиз.
Тушлик маҳали унга синчиклаб кўз солдим; сездим, кайфияти тундроқ. Дилининг доғи тилига азоб беряпти чоғи, негадир миқ этмаяпти. Уч кундан бери уни бугун шундай тушкун ҳолда кўришим.
– Шаштингиз паст, иним? Тинчликми? – сўрадим емакдан сўнг.
– Ака, қўяверинг. Ўзимнинг дардим бу, – синиқ жилмайди.
– Яхши нарсаларни ўйланг. Ҳаммаси ўтиб кетади.
– Ака, бир илтимосим бор. Агар эртага вақтингиз бўлса, бирга Ессентукига бормаймизми? Яна ким билади, ёлғиз ўзим борсаммикин?
– Очиқроқ гапираверинг. Зарур экан, албатта, боравераман.
– Бир одам билан кўришишим керак.
– Ким билан кўришасиз? – Хаёлимда лаҳзада турли ўйлар чарх урди.
– Яхши албатта. Агар иложи бўлса, ташқарида гаплашсак.
Бино бурчидаги одамдан ҳоли ўриндиққа бориб ўтирдик.
Мен Равшан ҳақида озми-кўпми, у-бу нарсани билиб олгандим. Тунов кунги суҳбатимиз чоғидаёқ юриш-туриши бинойи, фикр-мулоҳазалари анойи, қирқ беш ёшдан ошиб-ошмаган, ҳавас қилгудек тадбиркор ва уддабурон одам эканини ҳам ҳис қилгандим. Ўзи яшаётган туманда анча-мунча ишларни қилиб қўйибди. Элда иззати, юртда ҳурмати бор. Чекка, тоғ олди ҳудудида иккита завод қурибди, қурилиш ашёлари ишлаб чиқаради. Ҳатто хориждан ҳам харидор топибди. Довруғига довучча хол урадиган даражада. Бироқ, айтдим-ку, вазмин, ўзини анча босиб олган, пул ҳидидан маст бўлиб, турган жойида учиб-қўнмайди.
– Ака, тоғам онамнинг ёлғизгина укаси. Қишлоқдан чиқиб кетганига ўттиз беш йил бўлди. Онам шўрлик деярли ҳар куни йўл қарайди. Касалманд бўлиб қолган, кўзи ҳам хира тортган.
– Тоғангизга нима бўлган? Нега ундай қилади? Онангизни йўқламайдими?
– Ўн икки ёшимда отам қазо қилди.Тўнғич фарзанд эдим. Биз – беш нафар боланинг увол-савоби онамнинг гарданида қолди. Икки синглим ва икки укам.. Хуллас, аҳвол шу, денг.
Тоғам ўрис мактабни тугатган. Институтда ҳам Россияда ўқиди. Саксонинчи йилларнинг охирлари... Вилоят марказида ишларди, ёши ўттизларда эди. Россиянинг қайси бир бурчагидан келиб, тажриба орттираётган қизга ўралашиб қолди. Хотини ва уч яшар қизчасини ташлаб, ҳалиги ўрис қиз билан Россияга жўнаб кетди.
– Уни ҳеч ким тўхтатиб қололмадими?
– Қаёқда... Онам йиғлади, қарғади, бари бефойда. Кўзи кўр, қулоғи кар тоғам ҳовлисини ҳам сотди.
– Ҳиммм... Ановига банди бўлиб қолган экан-да.
– Кўч-кўронини йиғиштираётган маҳал онам бизни эргаштириб тоғамникига борди. Кенжа укам бир ёшга ҳам тўлмаган эди. Эсимда, онам укамни менинг қўлимга тутқазиб, ҳаллослаб югурди. Мен онамнинг орқасидан бақириб борардим. Кетса кетаверсин, йўқ бўлиб кетса ҳам майли, деб чинқирардим. Эсимни таниб қолган бўлсам керак-да.
– Нега келдинглар? Менга ақл ўргатма. Ўзим биламан, нима қилишимни, – деб ўшқирди тоғам. Онам шўрлик дарвоза кесакисига суяниб, ҳолсиз ўтириб қолди.
– Шу беш нафар жиянинг ортида тоғ бўлиб, тоға бўлиб туролмасанг, бир келгиндини деб томирингдан, эл-эломондан воз кечсанг, қанақа эркаксан, – дея уввос тортди. Қаёқда дейсиз?! Айтдим- ку, тоғам чиндан ҳамма нарсадан, ўзидан ҳам воз кечиб бўлганди.
– Сенинг ишинг бўлмасин! – Тоғам онамнинг қўлидан ушлаб катта кўчага чиқариб қўйди.
Мен чидаб туролмадим. Гўдак укамни синглимга бердим-да, дарвоза олдидаги челакни олиб тоғамга қарата ирғитдим. Шунда онам қулоқ-чаккамга шапалоқ тортиб юборди. Тоғамни қарғаб йиғлади. “Сени гулдай хотиннинг, норасида гўдакнинг уволи тутсин”, деди.
– Бас қил, ундан кўра манави кучукваччаларингга тарбия бер, – деб менга қўлини бигиз қилди. Онам бир қалқиб тушди. Сўнг бошини эгиб жим бўлиб қолди-да, индамай ортга қайтди. Биз унинг ортидан эргашдик.
Тоғам бизни кучуквачча дегани жон-жонимдан ўтиб, қонимни қайнатса ҳам онамнинг изидан сасимни чиқармай келавердим. Ҳамон тоғамнинг: “кучукваччаларингга тарбия бер”, деб бақиргани қулоғим остида жаранглаб туради.
– Кейинчалик тоғангиз билан бошқа кўришмадингизми? – дейман музтар тортиб.
– Кўришдим. Тошкентда Университетда ўқирдим. Онамнинг қистови билан бир вақтлар туманимизда тоғам билан ҳамкорликда савдо-сотиқ қилган бойваччадан манзилини олдим. Москвага жўнадим. Уйини топиб бордим.
– Нима қилиб юрибсан? – деди анграйиб.
Негадир онам сизни кўриб кел, ҳолидан хабар ол, деб юбордилар, деёлмадим. Билмадим, нега шундай бўлди. Хуллас, рўпарамда безрайган ёт кимса олдида ғуруримни ерга ургим келмади. Хаёлимда: “Онам кўчада қолгани йўқ-ку”, деган ўй кечди.
– Ўзим, шунчаки, сизни бир кўриб кетай девдим.
Шу тобда ўзимдан ҳам ижирғаниб кетдим.
– Москвада ишламоқчимисан? – деди гапни салмоқлаб.
– Ишласам ишлайвераман, – дедим атайлаб.
Негадир у билан жанжаллашгим келарди.
– Менинг уйимга пропискага ўтмоқчисан, мақсадинг шуми? – деди у ижикилаб.
Жон-поним чиқиб кетди. Кимдир қулоқ чаккамга тарсаки тортиб юборгандек бўлди.
– Сен ифлоссан! – дедим-да, ортга қайтдим. Бор гап шу!
...Орага сукут чўкди. Равшан сигарет тутатди. Мен нима дейишни билмасдим. Бундай кўйга тушиб қолган “тоға”нинг таърифига ҳеч бир сўз тополмасдим. Шунақаси ҳам бўларканда, деб ўйлардим.
– Ундай бўлса, яна нимага кўришишим керак, деяпсиз? Бундан нима маъни бор? – дедим ердан кўз узмай.
– Айтдим-ку, онам бетоб. Бошимизга қиёмат соляпти. Кўнглимни бир чети гўристон бўлиб ётибди, тоғангни бир кўрай, излаб топинглар, деб йиғлайди. Охирги пайтлар ётиб қолди. Икки кўзи эшикда. Томоғидан овқат ҳам ўтмаяпти.
– Нима қилай? Москвага учдим. Унга ялиниб-ёлвормоқчи эдим. Онам, сенинг опанг, сени кўрмоқчи, деб дод солмоқчи эдим. Уйига бордим. Хотини билан дам олиш учун Ессентукига кетган экан. Хизматкорига пул узатувдим манзили-ю, ҳатто, телефон рақамини ҳам ёзиб берди. Қўнғироқ қилдим. “Онам сўнгги бор сизни кўрайин деяпти. Эртага ёнингизга учиб бораман. Ҳеч бўлмаса, бораман, деб телефонда гаплашинг” дедим. Анчагача жим турди. Бўпти, кейинги ҳафта кел, деди.
Ессентукидаги санаторияларда жой йўқ экан. Бу ерга келиб жойлашдим. Мана, ҳафта ҳам ўтди, эртага боришим керак.
– Бўпти, албатта борамиз, – дедим мен.
...Йўлга чиқдик. Шаҳар четидаги ҳашаматли санатория эшиги олдида қўриқчи ҳужжатларимизни текширди.
Керакли одамга қўнғироқ қилинглар, деди. Равшан “тоға”си билан телефонда гаплашди. Бизни ичкарига киритишмади. Фаввора ёнидаги ўриндиққа ўтирдик. Кутаяпмиз. Равшан ҳаяжонланяпти. Менинг ҳам аҳволим уникидан кам эмас. Бир маҳал улкан ойнаванд эшик икки ёнга сидирилиб очилди-да, гуржи кучукни боладай қилиб кўтариб олган, хўппа семиз, эгнига ёшига номуносиб, енгсиз ҳарир илвасин илиб, тизза иштон кийган шляпали кимса чиқиб келди. Ортидан оппоқ този итни етаклаган дароз жувон ҳам кўриниш берди. Жувон нариги ўриндиққа бориб чўкди. Ҳалиги шляпали кимса бизга яқинлашгач, ҳардамхаёл бўлиб ўтирган Равшан ўрнидан дик этиб турди. Улар бир - бирига қараб қолишди. Шляпали томоқ қирди. Мен унинг ўсиқ қошлари остидан қаҳр билан тикилган нигоҳи, қон қочган юзида қотган тушуниксиз бир ифодани англаб, “тоға” деган шўрамат шу бўлса керак, деб ўйладим. Буни рўйи – турқига ўзбекликка ёт ҳамма нарса сингиб кетгандай туюлди.
– Сенмисан? – деди шляпали ўқрайиб.
Шляпали ўриндиққа чўкди. Равшанга зимдан назар солди. Кўксидаги кучукчанинг бошини силади. Борлиқни сукунат ютди.
– Т... Т... Шу, хуллас, онам бетоб. Сизга илҳақ бўляпти.
Қаҳркўз шляпали атрофига, аниқроғи, анови дароз хотин томонга бир қараб қўйди. Шу тобда нариги курсидаги дароз жувон ўрнидан туриши ҳамона оқ този ит унинг олдига тушиб, хонимни биз томонга етаклаб кела бошлади. Ҳа, ит уни биз томонга етакларди. Аёл бизнинг қаршимизга келган чоғда “тоға” ўлгур унга русчалаб гап қотди:
Жувон худди қаршисида ўзга сайёраликлар турган каби бизга анграйиб, киноя биланми, чинми, ишқилиб, шундай деди:
У менинг ёнимдаги курсига келиб ўтирди.
– Болалар энди пихи-хихи қилмасдан, русча гаплашамиз. Ҳар ҳолда..., – деб жувонга бош ирғаб қўйди. – Русчани биласизларми, ўзи? Кеннойинглар олдида русча гапиринглар.
Менинг кўксим қаърида нимадир узилиб кетгандай бўлди, юрагимда оғриқ қўзғалди. Равшаннинг лаблари пир-пир учди.
– Туринг, энди тушунарли. Қайтамиз, – дедим Равшанга.
– Тўхтанг ака, гапимни гапириб олай. Равшан “тоға” ва жувоннинг юзига қараб, оғир хўрсинди. “Тоға”нинг кўксида талтайиб турган кўйи тилини чиқариб ҳансираётган гуржи кучукка яқин келиб, унинг бошчасига секингина чертиб қўйди ва хонимнинг ёнидаги оқ тозига ҳам бир боқиб, илжайди.
– Шу кучукваччаларни тарбия қилиб юрибсизларми? Майли, юраверинглар. Менинг онам эса бир этак кучукваччани эмас, инсон боласини инсон қилиб тарбиялади. Ҳа, қарғиш ёмон... Ёмон экан... Сенларнинг кунинг шу кучукваччаларга қолган, – деди.
У рус тилида шундай равон ва таъсирли гапирдики, ҳангу манг бўлиб қолдим. “Тоға” шўрлик ҳансираб, юз-кўзини дастрўмол билан арта бошлади. Хоним эса илон чаққандек бир сапчиди-да, Равшанга қараб бақрайиб, тош қотди. “Тоға” ўрнидан турмоқчи бўлган эди, Равшан ғазаб билан ўшқирди:
“Тоға” карахт бўлиб қолди. Равшан энгашиб унинг юзига нафрат билан тикилди:
– Рус тилини биламан. Сенчалик биламан, лекин ўзбек тилини отамдай буюк, онамдай улуғ, боламдай азиз, юртимдай муқаддас кўраман. Сенда... Ҳа, сенда шу нарса йўқ. Сенинг томинг ўйилиб, ўша ердан иймонинг оқиб кетган.
Равшан бу гапларни ҳам русчалаб айтдики, очиғи, умрим бино бўлиб, “томнинг ўйиғидан иймон оқиб кетган” каби иборани эшитмагандим. “Тоға” эс-ҳушидан айрилган одам сингари хунук илжайди-да, хотинига қаради. Хотинининг ҳам ранги ўчди. Гезариб - бўзариб ўрнидан турди-да, ит етовида туёғини шиққиллатиб қолди.
Равшан курсига чўкди. Қўлини дуога очиб, юзига фотиҳа тортди. Тиловат қила бошлади:
– Аъуузу биллаҳи минаш - шайтоониир рожиим. Бисмиллаҳи роҳмааниир - роҳийм. Алҳамдилуллаҳи роббил - ъааламийн...
У фотиҳани адо этиб, дуога яна қўл очиб, юзига тортди.
– Энди қайтдик, ака, – деди ўрнидан туриб. – У аллақачон ўлган экан. Ҳа, ўшандаёқ ўлган эди. Жигар экан-да, онамиз буни тан олмаганди. Энди бориб, унинг ўлганини айтаман.
Машина орқа ўриндиғига чўккан куйи хаёлга ботиб, кўзларини юмиб олган Равшанга бирор сўз айтиш, тасалли беришга ожиз эдим. Шу маҳал унинг қўл телефони жиринглаб қолди.
– Укам қўнғироқ қиляпти. Телефонни ҳозир онамга беради, – деди овози титраб.
Мен Равшанга қарадим. Телефон ҳамон жиринглаяпти. Гаплаша қолмайди. Назаримда, шу матоҳ ҳозир бомбага айланиб, портлаб кетадигандай.
– Телефонга жавоб берсангиз-чи, – дедим тоқатимга ўт кетиб, – ахир...
– Ассалому алайкум, меҳрибоним, жоним онам! Соғлигингиз яхшими, онажон?!. Ҳа, ҳа, онажоним, кўрдим. Яхши. Яхши, тоғам яхши. Ҳозир биргамиз, – деди иҳраб ва телефонни менга узатди.
Мен нима қиларимни билмай, эсанкираб турдим.
– Олинг, жон ака, бирор нарса денг, онамнинг аҳволи оғирга ўхшаяпти...
Мен гарангсираган кўйи телефонни қулоғимга тутдим. Ожизона, хаста бир ингроқли, синиқ сас эшитилди:
– Қудратжон... Қудратим, ўзингмисан иним? Омонмисан? Худога шукр, овозингни эшитдим... Келаяпсанми, жоним укам?... Кел... Сени бир кўрсам, кейин майли...
Бўғзимга нимадир тиқилди, ич-ичимдан йиғи тошди. Кўз олдим хиралашиб, юзимни изтироб ёшлари куйдирди.
– Опажон, менман. Яхшиман. Ўзингиз яхшими, опажон?! Бораман, бораман, опажон...
Тилимга бошқа гап келмади. Чидай олмадим. Телефонни ўчирдим. Ботинимда ўт ёниб, аъзойи таним қақшади. Ичимдан отилган йиғини тўхтатолмасдим.