May 5, 2023

ШОИР BA ШЕЪР ҲАҚИДА  

Ғафур ҒУЛОМ

МАЪНО BA МАЗМУНИ ЎҒИРЛАНГАН ШЕЪР

Алишер Навоийнинг замондошларидан қайсидир бир шоир унинг ҳузурига келиб, шикоят бошлади:

– Қачон бирор шеър ёзар бўлсам, бошқа шоирлар менинг шеъримдаги маъно ва мазмунни ўғирлаб, ўзлариники қўшиб оладилар, ҳайронман...

– Мен ҳам сизнинг шеърларингиздан ҳеч қандай маъно ва мазмун тополмай, ҳайронликда эдим, сабаби бор экан-да, – дебди Навоий.

ЮЗ БАЙТИ БИР ПУЛЛИК ШЕЪР

Яна бир шоир мушоира мажлисида узун бир шеърни ўқигандан сўнг, Навоий олдида мақтана бошлабди:

– Бир пуллик шам ёниб бўлгунча юз байт шеър ёза оламан. Бугун ўқиган шу икки юз байтлик қасидамни икки пуллик шам ёниб ўчгунча ёзганман.

– Кўриниб турибди, – дебди Навоий, – кўриниб турибди. Шунинг учун ҳам ҳар юз байтингизнинг қиммати бир пул экан.

ҚАНДОЛАТ ШЕЪР

Бир ёш шоир бир баркашчага писта, новвот, пашмак, ҳар хил қандолатлар тўлдириб, устига иккита шеърни қўйиб, Афандига юборибди.

“Ҳурматли мулла Насриддин амаки, иккита шеър юбордим. Ўқиб, ўз фикрингизни айтсангиз, хатолари бўлса кўрсатсангиз...” деган битта илтимоснома ҳам ёзиб қўшибди. Узоқ вақт Афандидан жавоб ололмаган шоирча яна хат ёзибди:

“Устод мулла Насриддин амаки, бундан уч ой бурун иккита шеъримни сизнинг фикрингизни олишга юборган эдим, ҳали ҳам жавоб ололмадим...”, деган мазмунда сўров қилибди. Бу хатга Афандидан тезда жавоб келибди.

Афанди шундай жавоб ёзган экан:

“Шогирдимиз мулла фалончи. Ширинликлар орасида келган ҳар икки шеърингизни мазза қилиб нов­вот шимиб ўтириб ўқиб чикдим. Эндиги гал шеър қўшиб юбормай, қандолатларнинг ўзинигина юборсангиз ҳам шеърдай қабул қила берамиз. Ҳурмат билан: Мулла Насриддин”

Ғафур ҒУЛОМ