June 1, 2023

АБДУЛЛА ҚОДИРИЙ ВА МАҚСУД ШАЙХЗОДА

Наим КАРИМОВ, академик

Мақсуд Шайхзоданинг адабий меросида ўзбек мумтоз ва замонавий адабиёти масалалари ва намояндаларига бағишланган мақолалар қанчалик кўп бўлмасин, уларда Абдулла Қодирий ижодига бағишланган бирорта мақолани ёки “Ўтган кунлар” романи ва унинг муаллифи тўғрисида айтилган икки оғиз сўзни топа олмайсиз. Ҳатто Абдулла Қодирий қамоққа олинганидан кейин НКВД ходимларининг талаби билан қарийб барча йирик ўзбек ёзувчилари мажбуран “Ўтган кунлар” романи муаллифини қораловчи маълумотларни берганларига қарамай, Мақсуд Шайхзодадан шундай материални ололмаганлар. Бунинг сабаби шундаки, 1937 йил қатағони арафасида Чўлпон ижоди билан шуғулланган ва у ҳақидаги адабий-танқидий рисоласини ёзиб тугатган Мақсуд Шайхзоданинг ҳам қатағон жабрини чекиши шубҳасиз эди. Шунинг учун у қатағон бўрони гурламасдан туриб, рафиқаси билан бирга она юртига – Озарбайжоннинг Агдаш шаҳрига бориб яширинишга мажбур бўлган.

Аммо орадан 15 йил ўтиб, совет давлатининг қатағон сиёсати кес­кин қораланган ва бегуноҳ маҳбусларнинг бир қисми олис ва совуқ ўлкалардан қайта бошлаганида яна НКВД ходимлари Чўлпон, Фитрат ва Абдулла Қодирийдек давлат ва маданият арбобларининг “жиноий ишлари”ни қайта кўра бошлаганлар ва яна А.Қодирийни кўрган-билган замондошларини мудҳиш идорага чақира бошлаганлар. Лекин ўша йилларда қатағон кампаниясига раҳбарлик қилган Сталин ва партия ўзини оқлаш мақсадида “Сталин хато қиладими?!”, “Партия хато қиладими?!” деган саволларни ўртага ташлаган ва бу демагогик саволларга “ҳа!” дея оладиган азамат йўқ эди. Шунинг учун ҳам мамлакат ва халқ қўрқув остида яшашда давом этди. НКВДга чақирилган гувоҳларнинг ҳам Чўлпон ва Фит­рат­лар изидан Колимадаги ўлим лагерларига юборилиши ҳеч гап эмас эди. Шунинг учун ҳам аксар гувоҳлар маҳбусларга 1937 йилда қўйилган айбларни тасдиқлашдан нарига ўта олмаганлар.

Мақсуд Шайхзода гарчанд 1937 йилдаги гувоҳлар орасида бўлмаган, ҳатто ўзи ҳам 50-йилларда уни кўролмаган, эришаётган катта ижодий ғалабаларини кўриб, уйқусини йўқотган манфур кимсалар туфайли қатағон азобларини бошидан кечирган эди. Шу сабаб ҳам терговчилар ундан ўзларига керак маълумотларни олиш учун унга ухлаш имконини бермай, тинимсиз калтак­ладилар. Мақсуд Шайхзода “Абу Райҳон Беруний” тарихий драмасини театрга ўз вақтида ёзиб топширмагани учун театр директори шоирни койиганида, у кўйлагини ечиб, елкасини кўрсатган. Елкаси калтак излари билан тўла шоир директорга қараб: “Искандаржон, миям ишламаяпти!” деган...

Қатағон азобини тортган ва яна тортиши мумкин бўлган шоир Абдулла Қодирийнинг “халқ душмани” эмаслигини айтиб, мардона ҳимоя қилган.

Келинг, яхшиси, Шайхзоданинг 1956 йил 12 апрелда терговчига гувоҳ сифатида берган кўрсатмаси билан танишайлик.

Аммо бу кўрсатмани сиз ҳурматли газетхонлар эътиборига ҳавола қилишдан аввал шуни айтишим керакки, ҳатто энг мард, энг ботир гувоҳ ҳам терговчини нима биландир чалғитиб, собиқ маҳбуснинг ватанпарвар, истеъдодли адиб эканлигини айтиши мумкин эди. Мақсуд Шайхзода терговчини чалғитиш учун Абдулла Қодирий сингари кекса ёзувчиларнинг социалистик реализм принципларини билмаслиги, бу метод 1934 йилдагина “кашф этилгани”ни, ке­йин “Ўтган кунлар” романида тасвирланган Худоёрхон замонида халқнинг эзилгани, ҳокимлар, амалдорлар ва бойларнинг зулм ўтказганини ошириб-тошириб гапирган. Дарвоқе, А.Қодирийни оқлаш жараёни бош­ланганида бу “приём”дан Иззат Султон ҳам маҳорат билан фойдаланган.

Сўроқ савол-жавоб тарзида эмас, балки гувоҳ Шайхзоданинг ёзма кўрсатмаси тарзида ўтган.

“СЎРОҚ” БАЁННОМАСИ

Абдулла Қодирийнинг исми менга у билан 1932 йилда шахсан танишганимга қадар маълум эди. 20-йиллар охири ва 30-йилларнинг бошларида “Ўтган кунлар” ва “Меҳробдан чаён” деган икки романнинг муаллифи совет ёшлари, зиёлилар – талабалар, шифокорлар, тарихчилар ва Ўзбекистон санъати арбоблари ўртасида жуда машҳур бўлган. Ҳатто А.Қодирийнинг озарбайжон тилига таржима қилинган ва Бокуда (Холид Саид таржимасида) нашр этилган “Ўтган кунлар” романи Озарбайжонда машҳур бўлган.

Абдулла Қодирий асарининг манзур бўлгани тасодифий эмас. Гап шундаки, ўтмишда ўзбек адабиётида насрий роман жанри бўлмаган. Абдулла Қодирий фойдаланиши мумкин бўлган қардош халқлар адабиёти, хусусан, озарбайжон, татар ва рус адабиёти тажрибаларидан фойдаланган ҳолда реалистик Европа романлари услубидаги биринчи ўзбек романини яратган эди.

Абдулла Қодирий бу романларни яратар экан, йирик бадиий асарларни яратишга қодир санъаткорларга хос истеъдодга эга эканлигини намойиш этган. Унинг романлари қизиқарли, ёрқин, инқилобгача бўлган Туркистондаги давр ва одамларни яхши билган кишининг қалами билан ёзилган. Бу романларнинг катта бадиий ва маърифий аҳамияти худди шунда. Бу романлардаги ғоявий позицияга келганда, қуйидагиларни чин юракдан айтиш керак: юқорида тилга олган икки роман мавзу жиҳатидан ХIХ асрнинг 50 – 60-йилларидаги ҳаммага маълум Қўқон хони Худоёрхон ҳукмронлик қилган даврга бағишланган. Бу хонликда (ўша вақтда Тошкент ҳам шу хонликка қараган) иқтисодий ва сиёсий таназзул натижасида уруш ва жанжаллар, қабилалар ўртасида тинимсиз можаролар авж олган давр эди. Бу хонликнинг тепасида бетайин, узоқни кўра олмайдиган, уқувсиз хон – Худоёрхон турган.

Ҳар икки романдаги воқеалар Фарғона (Қўқон, Марғилон) ва Тошкентда кечади. Абдулла Қодирий ўша даврдаги хон зулмига қарши, амалдорларнинг ўзбошимчалиги, сарой аёнларининг бузуқлиги, бошига салла ўраган чаёнларнинг очкўзлиги, мунофиқлиги ва текинхўрлигига қарши курашган олижаноб меҳнат аҳли ва илғор зиёлиларнинг образларини ишонарли ва ёрқин тасвирлаган. Шубҳасиз, социалис­тик реализм ўзбек адабиётига эндигина кириб келаётган бир вақтда Абдулла Қодирий тасвирга тортилган даврнинг барча тарихий муаммоларини хатосиз ҳал қилиш учун марксча-ленинча методни етарли даражада эгалламаган эди. Ҳа, ўша даврда ҳеч бир нарсада адашмаган ёзувчилар кўп бўлганми! Шу нарса муҳимки, Абдулла Қодирий хонлик давридаги феодал ҳақ-ҳуқуқни танқид қилган, зулм авж олган давлатдаги ёввойи тартибларнинг қурбони бўлган олижаноб, юрагида севги ва садоқат туйғулари жўш урган совет талабалари, комсомоллар ва бошқа кишиларнинг образларини самимий тасвирлаган.

Ёдимда, 1929 йили, Шарқ факультетининг талабаси бўлган вақтимда “Меҳробдан чаён” романининг ҳали босмадан чиқмаган типографик варақларини ўқиганмиз ва шу роман варақларини бир-биримизга ўқиш учун берганмиз. Китоб бизда, РАПП­даги “сўллар” айтганидек, ўтмишга нисбатан ҳайрат эмас, балки хонликдаги зулм ва зўравонликка нисбатан нафрат, Мирза Анвар ва Раънонинг мафтункор образларига нисбатан эса меҳр туйғуларини уйғотган.

Абдулла Қодирийнинг учинчи романи – “Обид кетмон” тўғрисида шуни айтиш керакки, бу роман ҳам ўзбек қишлоғида социалистик қайта қуриш ҳақида ёзилган биринчи жиддий, катта романдир. Бу роман жиддий нуқсонлардан холи эмас. Муаллиф ишчи, деҳқон образида ўзбек деҳқонларининг тарихий тақдирида рўй берган ижобий ўзгаришни тасвирлашни истаган ва бунга маълум даражада эришган. Ҳозир менинг ихтиёримда Абдулла Қодирий романлари матни бўлмагани учун бу асарларни аниқроқ тавсиф этишга қийналаман ва менинг бу асарлар ҳақидаги фикрларим бундан қарийб йигирма йил аввал олган таассуротларимга асосланган, бунга ҳар доим ҳам енгил эришилмаган. Бундан ташқари, менга шу нарса маълумки, йигирманчи йилларнинг ўрталарида (ёки бироз кейин) Абдулла Қодирий Гоголнинг “Уйланиш” комедиясини ўзбек тилига биринчи бўлиб таржима қилган. Ва у (Қодирий таржимасида) драматик театр саҳнасида қўйилиб, катта муваффақият қозонган. Ҳамза номидаги театрнинг кекса артистлари (масалан, ЎзССР халқ артисти Сайфи қори Алимов) ҳозиргача Абдулла Қодирий таржимасидаги бу пьесадан олинган ажабтовур ибораларни такрорлаб юришади.

Мен шахсан Абдулла Қодирийни адабий ташкилотлар қайта қурилган, РАПП тугатилган ва ВКП(б) МКнинг 1932 йил 23 апрелдаги қарори асосида СССР ёзувчиларининг ягона ташкилоти тузилган вақтдан бери биламан. Абдулла Қодирий ўша йилларда Ёзувчилар уюшмасида тез-тез бўларди. Адабий журнал таҳрир ҳайъатининг аъзоси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳайъатининг аъзоси. СССР ёзувчилари биринчи қурултойининг делегати ва ҳ.к. Мен унинг ҳеч қаерда ва ҳеч қачон енгил-елпи латифа айтганини эшитмаганман. Мен Абдулла Қодирийнинг нимадандир норози ёки шўроларга қарши кайфиятда бўлганини кўрмаганман. Биз Ёзувчилар уюшмасида – ёш шоирлар, Абдулла Қодирий эса машҳур ва масрур ёзувчи бўлганига, фавқулодда камтар ва содда бўлганига қарамай, мен, бир йигитча, Шарқнинг катталарга ҳурмат деган анъанасига риоя қилиб, у билан, икки ҳамкасабадек, тенг гаплашишга журъат этмаганман. Мен ва бизнинг авлодимиз ундан ўзимизни маълум бир масофада ушлаб турар, аммо ҳаммамиз уни ор-номусли, меҳнатсевар, билағон ва истеъдодли ёзувчи сифатида ҳурмат қилардик.

Бир воқеа эсимда. 1933 йили Тошкентга атоқли француз ёзувчиси Пол Вайян-Кутюрье келган. Ёзувчилар уюшмасида бўлган қабул маросимида Абдулла Қодирий ҳам қатнашган. Вайян Кутюрье хайрлашув пайтида таниқли ўзбек ёзувчиларидан автограф ёзиб беришни сўраган. Абдулла Қодирий В.Кутюрье берган дафтарга ўзбек тилининг араб графикасида ниманидир ёзиб берган. Кейин ҳамма эшитсин, деб тахминан қуйидаги мазмундаги жумлани ўқиб берган. “Мен озод бўлган Ўзбекистоннинг кекса ёзувчисиман. Бизга шу масалада рус большевиклари ёрдам берди. Энди мен Сиз, француз коммунисти орқали Франция­нинг пошнаси тагида эзилиб ётган Шимолий Африка халқларига ўз истакларимни йўллайман: улар ҳам мустақилликка эришсин! Умид қиламанки, француз большевиклари бу масалада уларга ёрдам беради”.

Ўйлайманки, Абдулла Қодирий қандай позицияда турганини тушуниш учун шу сўзларнинг ўзи етарли бўлса керак. Юқорида қайд қилинган Абдулла Қодирий романларининг ман этилиши ўзбек совет адабиёти тарихини қашшоқлантириб қўйди, халқимиз бир неча авлодининг тўғри тарбияланишига, бадиий ва маърифий тарбияланишига катта зарар келтирди.

Баённомада менинг сўзларим тўғри ёзилган ва мен уни ўқиб берганман.

Сўроқ қилувчи: Гришченко имзоси, Туркистон Ҳарбий округи прокурорининг ёрдамчиси, адлия подполковниги

Сўроқ қилинувчи Шайхзода имзоси, гувоҳ.

1956 йил 12 апрель”.

Бу йил машҳур ўзбек шоири, адабиётшунос олими ва таржимони Мақсуд Шайхзоданинг таваллуд топганига 115 йил тўлади. Умид қиламизки, республикамиз жамоатчилиги ўзбек адабиёти, маданияти ва илм-фани тараққиётига улкан ҳисса қўшган Мақсуд Шайхзоданинг юбилейини муносиб нишонлайди.

Наим КАРИМОВ, академик