November 24, 2023

ДОН КИХОТГА МАКТУБ  

Гўзал БЕГИМ

(эссе)

Мен ушбу эссени ёзишдан олдин узоқ ўйладим. Ўзимча унга шакл топмоқчи бўлдим ва уни Дон Кихотга, тўғрироғи, ўтмишга мактуб тарзида йўллашга қарор қилдим.Шундай қилиб:

Муҳтарам ғамгин қиёфали рицарь жаноб Дон Кихот! Мен нариги кўчада текинга ёнғоқ улашяпти деб, болаларни алдай туриб, ўзи ҳам уларга қўшилиб чопиб кетган Хўжа Насриддин Афанди юртидан бўламан. Ўзининг ёлғонига ўзи ҳам ишонадиган Афанди диёридан сизга меҳрли саломлар йўллайман. Қадим Бухоро шаҳрида Хўжа Насриддин ҳайкали олдида расмга тушар эканман, унинг баъзи одамлардан ақллироқ эшаги ва сизнинг Росинантингиз ҳақида ўйлаб қолдим. Зулм, зўравонлик, очкўзлик, нотавонлик устидан асрлар оша кулиб турган Хўжа Насриддин ва Сизнинг маънавий қиёфангизда уйғунликлар кўрдим. Шундай қилиб, ҳаёт баъзи одамлардан кўра, сизнинг Росинантингизу Насриддининг эшагига ҳайкал ўрнатишни афзал кўрди.

Сиз яшаган замон чучмал рицарлик романлари урчиган, Адабиёт ўз қиёфасини дарз кетган кўзгу орқали кузатаётган бир давр эди. Сиз ҳақингиздаги гўзал асар ана шу “бижғиган” романларга нуқта қўйди. Бугун эса, Адабиёт дарз кетган эмас, эҳтимол чил-чил синган кўзгудан ўз қиёфасини томоша қилмоқда ва намойиш этмоқда. Таъсир, тақлид, адабий ўғирлик, графоманлик – буларни туб илдиз-пилдизи билан суғуриб ташлаш мумкинми? Биз, Борхес таъбири билан айтганда, “ҳамма нарса ёзиб бўлинди” дейиш мумкин бўлган бир даврда яшаётган авлодмизми?

Айтинг-чи, жаноб ламанчлик Дон Кихот, илк тақлид, тўғрироғи, таъсир қачон пайдо бўлган, деб ўйлайсиз? Бу менинг фикри ожизимча, Одам Атонинг ўғиллари Қобил ва Ҳобил ҳақидаги ривоят билан боғлиқ бўлса кераг-ов. Бир қарға бошқа бир қарғани қандай ўлдирганини ва тумшуғи билан ерни ковлаб уни қай тахлит кўмганини кузатган Қобил ҳақида ўйлайманки, сиз ўқиган китобларда ҳам ёзилган. Шундан сўнг Қобил ҳам қарғага тақлидан ғазабга миниб ўз укаси Ҳобилни ўлдиради, дедингиз. Кўряпсизми, инсоният юрагидаги ваҳшийлик ҳисларини ёхуд эзгулик туйғуларини батамом йўқ қилиб бўлмагани каби, Адабиёт томирларидан ҳам тақлид ва таъсир деган тушунчани илдиз-пилдизи билан суғуриб ташлаб бўлармикан?!. Чунки тақлид инсониятнинг яратилиши билан узвий боғлиқдек. Тўғри, таъсирсиз, тақлидсиз Адабиёт ривожланмайди. Бироқ адабий ўғирлик, графоманлик каби иллатлардан адабиётни тозалаш учун адабиёт билан бирга сўз касалига чалинганларни ҳам профилактикадан ўтказиш зарурмикан?! Эҳтимол, уларни адабий ўғирлик дардига қарши эмлаш керакдир... Бунинг учун эса, француз шоири айтганидек, аввало, ичимиздаги ўзимиздан уялиш ҳиссини, ички ҳаёни тарбиялаш керак бўлар, эҳтимол.

Шакар ҳам оқ, туз ҳам оқ, дейди ўзбекнинг мутафвккир шоири ҳазрат Алишер Навоий. Ҳарқалай, биз ҳар биримиз тузни шакардан фарқлайдиган авлодлардан умид қилиб, қўлимизга қалам ушлаганмиз. Зеро, асл шеърни плагиатдан, романни графоман маҳсулотидан фарқлаш учун ҳар бир ижодкорга учинчи кўз – ички нигоҳ ато этилган.

Жаноб Дон Кихот, мен сизга мактуб йўллашга ботинолмай анча пайтгача Айова кўчаларида ўзим билан ўзим гаплашиб юрдим. Рус ёзувчиси Иван Тургеневнинг Гамлет билан сизнинг қиёфангизга қиёсий ёзган мақоласини ҳамда Владимир Набоковнинг сиз ҳақингиздаги маърузаларини ўқиб чиқишимга тўғри келди. Набоковнинг сизга нисбатан айтган кес­кин фикрларидан дилим пича ғаш бўлди. Ахир, мен одоб сақлаш, киши дилига озор етказмаслик ҳар нарсадан устун қўйиладиган юртда тарбия топганман-да. Баъзида одоб сақлаш ҳақиқатни айтишдан ҳам устун қўйилган пайтларни кўриб катта бўлганман.

Сиздаги орзунинг мўллигини, тасаввурнинг кенглигини, тантилик ва чапаниликни кўриб, баъзан ўзбекка ҳам ўхшатиб юбораман. Бошингизга битта дўппи қўндирилса, бас. Ўзбек адабиётида яратилган асарлардан ва асар қаҳрамонлардан юқорида тилга олинган хислатларни қидирдим.

ХХ аср бошларида ўзбек адабиётида Абдулла Қодирий деган ёзувчи ўтган. Унинг “Ўтган кунлар” номли севги романи тўйи бўлаётган ҳар бир йигит-қизга никоҳ тўйи куни совға қилинади. Гап бу роман ҳақида эмас, адибнинг “Калвак Махзумнинг хотира дафтаридан” номли асари ҳақида. Ушбу асарда ҳам ҳаёт ва инсон феълидаги ғадир-будирликлар, сатангликлар устидан кулиш ниҳоятда кучли тасвирланган.

Шунингдек, ХХ аср ўрталарида яшаб ижод этган Ғафур Ғуломнинг “Шум бола” қиссасида уйини ташлаб кетган ёш ўзбек боласининг турли-туман, қайғули, оғриқли воқеалардан ўзининг шумлиги, уддабуронлиги билан қутилиб кетган қаҳрамони саргузаштлари, ҳаётнинг аччиқ картинаси кулгили тарзда тасвирга олинган. Бироқ ҳали сизнинг рицарлик шуҳратингиз ҳақидаги ушбу гўзал асар бизнинг ўзбек тилига таржима қилинмаган бир пайтда Абдулла Қодирий ёки Ғафур Ғулом бу асар билан таниш бўлганига шубҳам бор.

Кесатиқ ва киноянинг ўткирлиги, қаҳрамонларининг руҳиятидаги кенг­лик, тасаввур ранг-баранглиги ХХI асрда яшаб ижод этаётган Эркин Аъзам, Мурод Муҳаммад Дўст каби ёзувчиларни ва уларнинг ақлли, бироқ дарвештабиат ва чапани қаҳрамонларини ҳам эсга солди.

Жаноб Дон Кихот, булар хожам Сервантеснинг Ўзбекистондаги тақлидчилари экан-да, деб ғазабланманг, тағин. Йўқ, асло ундай эмас. Мен қаҳрамонлар характерининг очилишидаги уйғунликни, ёзувчиларимиз ижодидаги батафсиллик, тилнинг кучини назарда тутдим, холос.

Биз айни пайтда тараққиёт ғала-ғовурларининг шиддатли даврида нафас олаяпмиз. Бугун Сизнинг ёки Санчонинг узундан- узоқ мактубларингиз урфдан қолиб бўлган. Биз одамлар бир-бирлари билан интернет ёки мобил алоқалар орқали битта “оk” ёки “улыбка”лар билан гаплашадиган бир замонга тушиб қолганмиз. Давр шу қадар шитоб билан одим отяптики, шоирнинг гулзор ёки бирор водийда қўлига қоғоз-қалам олиб хаёл суриб ўтириши энг гўзал сокинликка ўхшаб туюлади.

“Ёмон асарга қарши яхши асар ёзиб курашмоқ керак”, дерди менинг устозим. Бу қайсидир жиҳатдан сизнинг ақлсиз доно яроқбардорингиз Санчо Пансонинг “Эшак учун эгарни жазоламайдилар” деган мақолига ҳам уйқашдир.

Азизим, Дон Кихот! Мактуб ёзиш баҳона адабий таъсир, тақлид ҳақида фикр­лашга уриндим. “Денгиз тўлқинланганда енгил хас-хашаклар юзага чиқади, дуру гавҳарлар барибир денгиз тубида қолади”, дейди шарқ мутафаккири Жалолиддин Румий. Мен ҳам қалбим мавжлангандаги пўртананинг митти бир парчасини сиз билан ўртоқлашдим, холос.

Сизга мактуб йўллаётганимни эшитгач, неча юзлаб ўзбек сўз шайдолари ҳам улар номидан сизга салом айтишимни илтимос қилишди. Дарвоқе, сизга ўзбек мухлисларингизнинг самимий меҳри ва саломини етказиш онлари мен учун ҳам шарафлидир.

Сизга шарқона эҳтиромимни йўллаш имкониятини яратганларга ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Гўзал БЕГИМ