МАСТ КИШИ ВА ХУШЁР ШАЙТОН
Ҳарбий таъминот бошқармасининг собиқ бошлиғи, истеъфодаги коллеж котиби Лахматов, ўз уйида столдаги ўн олтинчи қадаҳни ичиб юборгач, биродарлик, тенглик ва озодлик ҳақидаги ўйларга ботди. Бирдан лампа-шиша ёруғида шайтон сояси кўринди... Аммо сиз, китобхон хоним, сира чўчиманг. Биласизми, шайтон деганлари нима? Бу кўриниши хушбичим йигитча, ўзи қоп-қора, худди мойланган этикдай, шохдор ва маънили кўзлари қип-қизил. Аммо бошида, ҳали уйланмаган бўлса ҳам, шох... Соч турмаги la Капуль урфида тузалган. Танасини яшил тук қоплаган ва ундан ит иси анқийди. Орқасида учи найзадор думи ликиллайди... Бармоқ учларида – тирноқ, оёқлари – оттуёқ. Лахматов шайтонни кўргач, бироз саросималанди, аммо кейин, яшил шайтонлар умуман маст киши кўзига кўриниши одатдаги ҳол эканидан огоҳлиги учун тезда ўзини босди.
– Мен ким билан суҳбатлашиш бахтига мушарраф бўляпман? – мурожаат этди у чақирилмаган меҳмонга синчиклаб қараб.
Шайтон бу гапдан довдираб қолди ва кўзини ерга тикди.
– Сира тортинманг, – давом этди Лахматов. – Берироқ келинг... Мен бидъатга ишонмайман, мен билан самимий гурунглашсангиз бўлади... чин кўнгилдан... Ўзлари ким бўладилар?
Шайтон ҳадиксираб Лахматовга яқинлашди-да, думини ортга чўзиб, одоб ила таъзим бажо келтирди.
– Мен шайтон ёки малъунман... – ўзини танитди у. – Дўзах девонхонаси директори жаноб Иблис хизматида махсус ишлар бўйича ходимман!
– Эшитганман, биламан... Бениҳоя мамнунман. Марҳамат! Ароқ ичадиларми? Миннатдорман... Ўзлари нима иш қиладилар?
Шайтон яна баттар довдирай бошлади.
– Очиғини айтганда, тайинли ишим йўқ... – жавоб берди у томоқ қириб, “Ребус”га бурун қоқиб. – Авваллари, чинданам, бизнинг аниқ вазифамиз бўларди... Одамларни тўғри йўлдан оздирардик... уларни эзгулик йўлидан чалғитиб, ёмон йўлга солардик... Энди эса, бу вазифа антр-ну-суади, бир пулга қиммат, тупурдим... Биз тўсадиган эзгу йўлнинг ўзи ҳам қолмади. Ахир, одамлар биздан ҳам маккорроқ бўлиб кетди-да... Улар университетда ҳамма фанларни ўргангач, олов, сув ва бошқа барча синовлардан ўтишган! Мен сизга бир сўм ўғирлашни қандай қилиб ўргатай, ахир сиз, менсиз ҳам минглаб сўм ўмариб ётган бўлсангиз!?
– Шундайми... Аммо-лекин, аниқ бирон юмуш билан шуғулланарсиз?
– Бизнинг аввалги лавозимларни ҳозир фақат эслаш мумкин, ҳар ҳолда, ҳозир ҳам нималардир қиламиз... Чиройли хонимларни йўлдан оздирамиз, ўсмирларга шеър ёздирамиз, маст савдогарларни ойна синдиришга мажбур қиламиз... Сиёсатга, адабиётга, илм-фанга аралашмай қўйганимизга анча бўлди... Бу борада ўйлашнинг ўзи даҳшат... Орамизда кўпчилик “Ребус” билан банд, дўзахга тушгач, одамга айланиб чиққанлар ҳам бор... Бу шайтонлар истеъфога чиқиб, одам бўлиб, бой савдогар хотинларга уйланиб олиб, ҳозир давру давронини суряпти... Улардан айримлари адвокат, бошқалари газет чиқаради, умуман, ўта ишбилармон ва муҳтарам зотлар!
– Авф этасиз мени, қанча маош оласиз?
– Аҳвол ўша-ўша-а... – жавоб берди шайтон. – Ходимлар жадвали мутлақо ўзгармаган... Эски ҳаммом, эски тос – уй, уйни ёритиш ва иситиш давлат ҳисобидан, текин... Ахир, бизга мояна беришмайди-ку, чунки штатдан ташқари ҳисобидамиз, қолаверса, шайтонлик – фахрий лавозим... Умуман, очиғини айтганда, қаерга борма, тирикчилик оғир... Одамларга раҳмат, бизга пора олишни ўргатиб қўйишди, йўқса, аллақачон гадо бўлардик... Биргина шу даромад борки, тирикмиз... Осий бандаларга ризқини берасану қийиб қоласан... Иблис ҳам қариди, фақат Цуккини томоша қилишга қатнайверади, ҳозир ҳисоб-китобга сира тоқати қолмаган...
Лахматов шайтонга бир қадаҳ ароқ қуйиб узатди. У ичиб юборди ва роса мижғовланди. Дўзахнинг бор сир-асрорини очиб ташлади, тўлиб кетган юрагини бўшатди, йиғлади... У Лахматовга ёқди шекилли, уйида тунашга олиб қолди. Шайтон печ устида ухлади-ю, тун бўйи алаҳсираб чиқди. Эрталабга бориб ғойиб бўлди.