December 29, 2023

ИМКОНИЯТЛАР ДАВРИ  

Газетанинг шу йил 24 ноябрдаги сонида профессор Марям Ашурованинг “Ечимини кутаётган муаммолар” номли мақоласи босилганди. Ушбу мақола юзасидан таҳририятимизга мутахассислардан акс садолар келди. Қуйида шундай мақолалардан бири билан танишасиз.

Янгиланаётган Ўзбекистонда янгича дунёқараш, илғор ғоялар ва ҳар томонлама ривожланиш, маънавий баркамолликка интилиш жараёнлари Қўғирчоқ театри санъатида фаолиятида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Қўғирчоқ театри ижодкорлари давр талабига мос миллий колоритни акс эттиришга интилмоқда, қўғирчоқлар турлари ва тизимларининг хилма-хиллиги ортиб, тасвирий ва ифодавий ечимларнинг янги шакллари ўзлаштирилмоқда. Бироқ ушбу санъатдаги ютуқлар муаммолардан холи эмас. Бу борадаги энг долзарб масалалардан бири режиссёрлик санъати билан боғлиқ. Шу ўринда айтиш жоизки, Қўғирчоқ театри режиссура санъатининг ўзига хос хусусиятлари ва тенденцияларини ёритишга қаратилган тадқиқотлар яратиш масаласи соҳа олдидаги муаммолардан бирига айланди. Аввало, режиссёрлик санъатининг бадиий жиҳатдан баркамол театр томошаси яратиш жараёни соҳа мутахассислари эътиборидан четда қолди. Қолаверса, қўғирчоқ театри драматургияси ва актёрлик санъати тарихи, шаклланиш ва ривожланиш босқичларини ёрутувчи кенг қамровли тадқиқотларнинг етишмаслиги ҳам ушбу соҳа олдида турган муаммолардан бири. Бир сўз билан айтганда, замонавий ўзбек қўғирчоқ теат­ри тарихи ва бугунги ҳолатига оид тадқиқотлар яратишда анча орқада қолдик. Ўзбек қўғирчоқ театри тарихини чуқур тадқиқ қилган ва ўрганган олим, санъатшунослик фанлари доктори, профессор М.Қодировнинг тад­қиқотлари соҳадаги ягона фундаментал иш бўлиб қолди.

Замонавий ўзбек қўғирчоқ театри режиссурасида янги оқим, янгича дунёқараш юзага келмоқда. Бу борада режиссёр Ш.Юсуповнинг “Юрт тумори Тўмарис”, “Баҳром ва Дилором”, “Гамлет”, Д.Йўлдошеванинг “Яна Андерсен”, “Қарсилдоқ”, “Оҳ, бу Хўжа Насриддин”, Ф.Хўжаевнинг “Чўп қўғирчоқ” спектакл­ларини мисол сифатида келтириш мумкин. Аммо соҳада янгилик яратаётган режиссёрлар саноқли. Айниқса, вилоят театр­ларида маҳоратли режиссёрларга талаб юқори. Ваҳоланки, репертуар танлаш, ижодий жамоанинг меҳнатини юзага чиқариш, театр салоҳиятини ошириш режиссёрнинг касбий маҳоратига боғлиқ. Қўғирчоқ театрларимиз режиссурасида кўзга ташланаётган долзарб муаммолардан бири собиқ анъаналар ва эскича дунёқарашга қарши курашиш жараёнлари билан боғлиқ. Янгилик яратаётган, жаҳон тажрибасига интилаётган режиссёрларнинг изланишлари, биринчи галда, театр ижодкорлари томонидан инкор этилаётгани, қайсидир маънода бу соҳа равнақига тўсиқ бўлмоқда. Ҳар бир режиссёр ўз имконияти ва мавқеидан келиб чиқиб, иш юритмоқда. Шунинг учун ҳам қўғирчоқ театрларида ижодий жараён нотекис кечмоқда.

Сўнгги ўн йилликда қўғирчоқ театри учун кадрлар тайёрлаш билан боғлиқ муаммолар юзага келди. Сабаби, ўз касбига фидойи ёшлар камайиб бормоқда. Ёш кадрларнинг ўз вилоятларига бориб ишлашдан бош тортаётгани боис, вилоят театрларининг аксарияти ўрта маълумотли ҳаваскорлар ва коллеж битирувчилари қўлида қолмоқда. Масалан, актёрлик йўналишида таҳсил олаётган талабаларнинг аксарияти ўз фаолиятини бош­қа соҳада давом эттиришга интилади. Боиси, қўғирчоқ теат­ри актёридан тинимсиз меҳнат, ирода, матонат ва сабр, умрини жонсиз қўғирчоққа бағишлаш, у орқали ўзлигини топиш каби масъулиятли вазифаларни уддалаш талаб этилади. Қолаверса, театрга келган ёш актёрнинг маоши бугунги кун ёшларини қониқтирмайди. Бинобарин, ёш актёрларнинг ижодий қобилиятларини ривожлантириш билан бирга ушбу соҳага меҳр-муҳаббатини мус­таҳ­кам асосда шакллантиришга кўпроқ эътибор қаратиш зарур. Актёр саҳна нутқи, рақс, пантомима, саҳна ҳаракати, ритмика, қўғирчоқ ясаш ва уни бошқариш технология­си, мусиқа асослари, қўшиқчилик, жисмоний маданият, болалар ва катталар психологияси, театр тарихи борасидаги билимларни мукаммал ўзлаштирса-да, лекин меҳнатсевар бўлмаса, барчаси бефойда.

Профессионал театр пайдо бўлибдики, қўғирчоқ театри драматургияси оқсаб келаётган соҳалардан бири бўлиб қолмоқда. Қўғирчоқ театр­ларимиз репертуарининг аксарият қисмини жаҳон драматургияси эгаллаган. Ўз вақтида маҳоратли драматургларнинг ижодий мероси ўрганилмади, чуқур таҳлил қилинмади ва тўплам ҳолида чоп этилмади. Шу боис, қўғирчоқ театри драматургиясининг ўзига хос қонун-қоидалари, техникалари ҳақида аниқ тасаввур шакл­ланмади. Бу соҳа алоҳида фан сифатида ўқитилмади.

Сўнгги йилларда аждодлар тарихи ва хотирасига бағишланган миллий асарларнинг кўлами ва бадиий савиясининг ортиши қўғирчоқ драматургияси фаоллашаётганини кўрсатади. Бугунги кунда Т.Мирзо, М.Ашурова, Г.Қўлдошева, К.Дилмонов каби драматургларнинг турли жанр ва мавзудаги саҳна асарлари мавжуд. Лекин, муаммо шундаки, ёш драматурглар бармоқ билан санарли даражада. Замонавий пьесаларга эҳтиёж юқори. Боиси, қўғирчоқ театрида янги имкониятлар даври бошланди. Ушбу давр жадал суръатларда ривожланиб борар экан, театрнинг жамият ҳаётидаги иштирокига турлича таъсир кўрсатиши тайин. Айнан болаларни театрга жалб этиш мақсадида эмас, балки бундан-да каттароқ марраларни кўзлаб, замон талаби асосида асарлар яратиб, миллий санъатимизни дунёга ёйишга қодир кадрларни тарбиялашимиз лозим. Шундагина қўғирчоқ театр­лари нафақат болалар, балки катта ёшдаги томошабинларни ҳам ўзига чорлайди.

Малоҳат ТУРОБОВА,

театршунос