May 26, 2023

ҚУРЪОНИ КАРИМНИНГ ИБРОҲИМ СУЛТОН КЎЧИРГАН НУСХАЛАРИ

Соҳибқирон Амир Темурнинг маърифатли набираларидан бири Иброҳим Султон ибн Шоҳрух(1394-1435) томонидан кўчирилган Қуръони Каримнинг тўлиқ, яъни “Қуръони-жомий” нусхаси Нью-Йоркдаги “Metropolitan Museum of Arts” музейида сақланаётгани бизга маълум. Дарвоқе, мазкур музейда улуғ ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоийнинг (1441-1501) иккита девони ҳам мавжуд. Бу ҳақда аввал матбуотда “Алишер Навоий Америкада” номли мақоламизда қисқача маълумот бериб ўтган эдик (“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2016 йил 13 май сони). Батафсил маълумот олиш учун юқорида айтиб ўтилган мақолага мурожаат этиш мумкин.

Иброҳим Султон кўчирган Қуръони Каримнинг нодир нусхалари Метрополитен музейидан бошқа жойларда ҳам бор. Жумладан, Эроннинг Шероз шаҳрида жойлашган “Парс” ва Машҳаддаги “Астан Қудс Разавий” музейларида ҳам икки қўлёзма нусха борлиги маълум.

Метрополитен музейи 1870 йилда барпо этилган бўлиб, унинг хазинасида беш минг йил давомида инсоният яратган нодир санъат асарлари ва қўлёзмалар, топилмалар, шунингдек, турли буюмлар жамланган. Музейга ҳар йили дунёнинг турли юртларидан олти миллиондан зиёд одам ташриф буюради.

Музейда сақланаётган Қуръони Каримнинг Иброҳим Султон кўчирган нусхаси нью-йорклик филантроп ва спортчи, гилам ишлаб чиқарувчи йирик тадбиркор Александер Смит Кокран(1874-1929) номи билан боғлиқ. У 1913 йилда форс, туркий (эски ўзбек тили) ва араб тилларида битилган 23та нодир қўлёзма тўпламини музейга ҳадя этган. Уларнинг орасида Иброҳим Султон кўчирган нусха ҳам бор. Кокран Нью-Йоркдаги Колумбия университети ҳинд-европа тиллари факультети профессори Абраҳам Валинтайн Уилиамс Жаксон(1862-1937) билан ҳамкорликда мажмуа учун каталог тайёрлаб, “A Catalogue of the Collection of Persian Manuscripts, Including Also Some Turkish and Arabic” (“Форсий ва баъзи туркий ва арабча матнлар каталоги”) деган номда, изоҳ ва кўрсаткичларни илова қилган ҳолда Колумбия университетида 1914 йилда нашр эттирганлар. Профессор Жаксон ёзган кириш сўзида Александер Кокраннинг Шарқ нодир қўлёзмаларига қизиқиб қолиши уларнинг 1908 йили Эронга қилган сафари пайтида пайдо бўлгани ва шундан кейин Кокран қўлёзмалар тўплашни бошлаб юборгани ёзилган.

Профессор Жаксон ўша пайтдаги Шарқ нодир қўлёзмаларининг Ғарбдаги аҳамияти ҳақида фикр билдирар экан, кириш сўзида шундай дейди: “Форсча нақшинкор қўл­ёзмалар йилдан-йилга камайиб бормоқда, буни эксперт ва коллекционерлар яхши билишади, вa уларнинг баҳоси, албаттa, уларга чизилган нафис миниатюралар туфайли ҳaм ошиб бормоқда. Бундан тўрт-беш аср аввал бу (қўлёзма–Д.А.) ва бадиий нақшлар соҳасида Персия (Эрон–Д. А.) тенгсиз санъат намуналарини яратишга муваффақ бўлди. Қолаверса, форс фозилу уламолари хаттотликнинг тенгсиз усталари эдилар, чунки гўзал ҳуснихат санъати улар учун энг юксак ютуқлардан бири ҳисобланар эди... Тўғри, қандайдир бир муддат Персия Хитойдан баъзи бошланғич элементларни ўзлаштирди, яъни нозик чизиқлар (чизишни—Д.А.) ва бошқа хусусиятларни, лекин булар Трансоксания ва Туркистонда моҳир мўғул (турк—Д.А.) санъат усталари томонидан янада мукаммаллаштирилди…”.

Иброҳим Султон кўчирган мазкур нусха орадан икки асрча вақт кечиб, Бобурий подшоҳ Аврангзебнинг қўлига ўтган ва подшоҳ нусханинг охирги саҳифасига китобни милодий 1638 йилда ўқиб тугатганини, у улуғ аждодларидан мерос сифатида уни асраб-авайлашни ўз бурчи, деб билиши ҳақида ўз қўли билан дастхат битган. Бу ўша, Қуръони Каримнинг Иброҳим Султон томонидан кўчирилган Метрополитен музейида сақланаётган нусхадаги Аврангзеб дастхати:

Александер Кокран юқорида айтиб ўтилган каталогда бу дастхатнинг таржимасини ҳам илова қилган. Таржимадаги қавслар ичидаги изоҳлар Александер Кокран­га тегишли:

“Оллоҳ таоло. Унга ҳамду санолар бўлсин. Унинг номи билан.

Ҳақиқатни сўзловчи бу улуғ Китоб ва Муқаддас Матн, яъни Қуръони Карим, ўша замоннинг энг буюк султони ва замон подшоҳларининг энг улуғининг набираси ўз қўли билан кўчирган Муқаддас Китоб, Амир Темур Соҳибқирон ўғли Мирзо Шоҳрух ўғли, – ([Оллоҳ] уларга жаннатнинг энг улуғ боғларида муваффақият қозонишларига ёрдам берсин!) – Султон Иброҳимга [яъни Темурнинг набираси Иброҳим Султон], каминага (Аврангзебга – Д.А.) бу китоб ишониб топширилган ва уни авайлаб сақлаш каминанинг бурчидир. Мен – ул Зотнинг умумбашарий раҳматига ва пайғамбарининг шафоатига таяниб, суякларни тирилтирганда ва жасадни (?) тиклаганда (?) – камина султонлар султонининг ўғли ва энг адолатли подшоҳлар подшоҳи, Шиҳоб ад-Дин Муҳаммад Соҳибқирон Иккинчи, Шоҳ-Жаҳон – ғолиб император ва унинг салтанати абадий бўлсин! – ўғли Аврангзебман. Пайғамбарнинг ҳижрасидан кейин, бир минг қирқ саккизинчи йил [яъни 1048 ҳижрий = 1638-1639 милодий]. Унинг Эгасига ҳамду сано ва баракотлар бўлсин!”

Шероз ҳокими Иброҳим Султон, уни баъзи манбаларда Иброҳим Мирзо ҳам деб ёзадилар, жуда ўқимишли киши бўлган. Тарих ва география фанларини яхши билган. Ўз саройига олиму фозилларни йиғишни одат қилган, анжуманлардан баҳраманд бўлган, илмий-маърифий мулоқотлар ўтказган. Бугунги кунда оламга машҳур, Амир Темур тарихига бағишланган Шарафуддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асари мазкур шаҳзода саъй-ҳаракати билан яратилган эди. “Зафарнома” муқаддимаси таржимони, тарих фанлари доктори Омонулла Бўриев “Муқаддима”нинг ўзбекча нашрига сўзбошисида, Асомиддин Ўринбоевдан муқояса келтириб, Иброҳим Султоннинг адолатли ҳукмдорлиги, илмга чанқоқлиги, тақвога берилгани, юксак иқтидорли ва хотираси кучли экани, мўъжиза яратувчи моҳир хаттотлиги ҳақида ёзади.

Иброҳим Султон мазкур, Метрополитен музейидаги қўлёзмани 1427 йил 29 июлда кўчириб ниҳоясига етказган. Асар жами 535 вароқдан иборат бўлиб, муқоваси тўқ қизил-жигарранг тоза теридан ишланган. Тери муқовага нақшлар бостирилган, лекин ранглар ишлатилмаган. Китобнинг ўлчами 20,3га 14.0 см. Ҳар саҳифада ўн қатор мавжуд. Матн тилла, оловранг ва кўк рангдаги нозик нақшинкор ром ичига олинган. Ромнинг ташқарисида нафис кўк, оқ, оловранг, сиёҳранг, яшил ва тилларанг­ларда гулли нақшлар чизилган. Нақшлар фони тилларангда. Бу усул ромнинг ичидаги фонда ҳам қўлланган. Ҳар бир жумла охирида тилларанг юмалоқ шаклда катта нуқта қўйилган. Баъзи саҳифаларда матннинг ўзида ёки ромнинг ташқарисида кўк, қизил ва қора сиёҳларда изоҳлар ёки тузатишлар ёзилган. Ромнинг ташқарисидаги изоҳлар булутсимон шаклнинг ичига олинган ҳолда фондан ажратилган. Александер Кокран бу изоҳлар танқидий ва техник руҳда бўлиб, улар Иброҳим Султоннинг отаси Шоҳрух саройи­даги фозилу уламолар томонидан, қўлёзма битирилгандан кейин ёзилган бўлиши керак, деб тахмин қилади. Бу – Метрополитен музейи нусхасидан саҳифа:

Юқорида Иброҳим Султоннинг ­Қуръони Карим қўлёзмалари Эрондаги “Парс” ва “Астан Қудс Разавий” музейларида сақланиши ҳақида айтиб ўтдик. Бизга бу ҳақда Шероз университети санъат тарихи кафедраси профессори Муҳаммад Содиқ Мирзо-Абулқосимий, 2019 йилда “Iranian Studies” (Эроншонуслик) журналининг 52-сонидаги “Ibrāhīm Sultān’s Musḥaf: The Qurʾān Calligraphed by Ibrāhīm Sultạ̄n in the Pars Museum” (“Иброҳим Султоннинг мусҳафи: “Парс” музейидаги Иброҳим Султон томонидан кўчирилган Қуръон”) деган мақоласида маълумот беради. Олим мақолада, асосан, “Парс” музейидаги нусханинг ўзига хос хусусиятлари, муҳим тарихий жиҳатларини таҳлил этган. Қуйида Парс музейида сақланаётган “Мунтахаб ас-сувар”(Танланган суралар) нусхасидан саҳифалар берилмоқда:

“Бу қўлёзма ҳижрий 830 йил Рамазон ойида/милодий 1427 йилнинг июнь ойида кўчирилган ва 834 йилнинг Рамазон ойида/мелодий 1431 йил май-июн? ойларида муқаддас Шоҳчироқ зиёратгоҳига ҳадя этилган”? деб ёзади профессор. Унинг хабар беришича, қўлёзма Иброҳим Султон ҳаётлигида, шахсан ўзи томонидан Шоҳчироқ мақбараси маъмуриятига ҳадя этилган. Бироқ 1936 йилгача мазкур қўлёзма қай ерда бўлгани ҳақида аниқ ҳужжатлаштирилган маълумот учрамаган. Манускрипт “Парс” музейига олиб ўтилгандан кейин эски каталог системаси бўйича 279 ва 430 рақамлари остида ва ҳозирда янги система бўйича эса 550 рақами остида сақланади.

Манускриптнинг муқоваси жигарранг табиий теридан ва ички қисми эса юпқа, лекин қаттиқ қоғоздан қилинган. Муқова ўлчами 66 см.дан 46 см. узунликдадир. Муқова маркази ва бурчаклари нақш билан безатилган. Ўттиз олтита, жами етмиш икки саҳифадан иборат.

Шуниси диққатга сазоворки, нусханинг ўттиз тўртинчи саҳифасида Иброҳим Султоннинг уни зиёратгоҳ маъмуриятига ҳадя этгани ҳақида битилган дастхати мавжуд. Бу дастхат саҳифа марказида рангли доира нақш ичига жойлаштирилган.

Иброҳим Султоннинг санъат мўъжизасига айлантирилган дастхати:

Ундан кейинги охирги икки варақ эса бўш қолдирилган. Метрополитен қўлёзмасидан фарқли ўлароқ, саҳифаларнинг умумий фони олтин ранг билан бўялмаган. Қўлёзмага Қуръони Каримдан 18та сура киритилган бўлиб, улар: 1) 1. Ал-Фотиҳа; 2) 20. Та-Ҳа; 3) 36. Яcин; 4) 42. Ал-Човра; 5) 44. Аз-Духон; 6) 76. Ал-Даҳр; 7) 92. Ал-Лайл; 8) 93. Ал-Ҳуҳа; 9) 105. Ал-Фил; 10) 106. Қурайш; 11) 107. Ал-Мўн; 12) 108. Ал-Кавсар; 13) 109. Ал-Кофирун; 14) 110. Ал-Наср; 15) 111. Ал-Масад; 16) 112. Ал-Ихлос; 17) 113. Ал-Фалақ ва 18) 114. Ал-Насдир.

Қўлёзмага берилган нақш услуби ХV асрда кенг тарқалган ранг-баранг гул услубига тўғри келади, деб ёзади олим. Бе­зак­ларда қизил, оқ, қора, зангори ва яшил каби турли хил ранглар ишлатилган, аммо асосий ранглар олтин ва лапис (кўк) рангдадир. (Метрополитен музейидаги нусха билан қиёслаганда бу қўлёзмада ранг­лар кам ишлатилган.) Манускрипт матни сулус ва райҳоний ёзувларида битилган. Сулус ёзуви қора сиёҳда ва катта ўлчамда, баъзи жойларда зарҳал рангда битилган. Райҳоний ёзуви ҳам мана шу йўсинда акс эттирилган. Диакритик белгилар ҳам қора ранг­ли сиёҳда. Ушбу иккита ёзувда нуқталар квадрат ва юмалоқ шаклдадир.

Профессор Муҳаммад Содиқ Мирзо-­Абулқосимийнинг айти­шича, Иброҳим Султоннинг устози Пир Муҳаммад Шерозий (ХIV-ХV) отлик хаттот бўлиб, у олти турдаги ёзувларда ҳуснихатнинг моҳир устаси бўлган ва кўплаб зиёратгоҳ ва ёдгорликларга битиклар ёзган. Иброҳим Султон араб, яъни “ал-ақлам ал-ситта” хаттотлик ёзувларининг олти туридан икки, яъни “муҳаққақ” (тўлиқ) ва “сулус” (учдан бир) нафис ёзув турини кўпроқ ҳуш кўрган. Масалан, Эроннинг Персеполис шаҳридаги Тахара саройи­да Иброҳим Султон битган учта, Шерозда Пол ибн Ҳамза зиёратгоҳида битта дастхат бор. Дастхатлар ҳам сулус услубида ёзилган. Oлимнинг таъкидлашича, Иброҳим Султоннинг ўзига хос услуби бўлганини, яъни у катта ҳарфлар билан ёзишни ҳуш кўрганини кузатиш мумкин, дейди. Қуйида Иброҳим Султон кўчирган “Мунтахаб ас-сувар” нусхасидан бир саҳифа берилмоқда:

Юқорида айтиб ўтилганидек, “Мунтахаб ас-сувар” 1427 йилнинг 29 июнида кўчириб бўлингани кўрсатилган. Ғаройиби шулки, Метрополитен музейида сақланаётган қўлёзма ҳам айнан шу кунда битирилган. Бунинг устига, иккала қўлёзманинг илова матнлари бир хил тарзда ёзилган. Албатта, фақатгина иловалари бир кунда ёзилган бўлиши мумкин, деб тахмин қилади олим. “Мунтахаб ас-сувар”нинг ёзилиши ва ҳадя этилиши орасида тўрт йиллик фарқ бор, яъни қўлёзма битирилгандан кейин тўрт йил ўтгач, мелодий 1431 йил май куни Шоҳчироқ зиёратгоҳига ҳадя этилган. Орадаги тўрт йиллик кечикиш сабаби буйруқ чиқариш, қўлёзмани тўлдириш, нақшлар билан безаш ва китоб қилиб боғлаш каби жараёнлар билан боғлиқ бўлиши мумкин, дейди олим. Бундан ташқари, бу Қуръони Карим бошқа сабабга кўра кўчирилган ва кейинчалик Шоҳчироқ зиёратгоҳига ҳадя қилинган бўлиши мумкин. Бироқ бунга ойдинлик киритиш учун чуқурроқ тадқиқот олиб борилиши керак бўлади. Шунингдек, олим мақолада биз юқорида эслаб ўтган Иброҳим Султон ёзган яна бир – Астан Қудс Разавий кутубхонасида сақланаётган учинчи қўлёзма ҳақида ҳам қисқача маълумот беради. Бу қўлёзма саккизинчи имом Али ар-Ризо мақбараси муассасига ҳадя этилган, лекин у ҳозирда мазкур кутубхонада сақланади. Бу қўлёзма 1424 йилда, сулус ва райҳоний ёзувларида, “Мунтахаб ас-сувар” услубида ёзилган. Афсуски, олим қўлёзма ҳақида бошқа маълумот бермайди.

Иброҳим Султон кўчирган Қуръон нусхаларининг Метрополитен ва Эрон музейларида сақланиб келинаётгани ва бу манускриптлар Темурийлар адабиёти, тарихи ва санъатини дунёга кўз-кўз қилиб келаётгани биз учун катта қувончли ҳодисадир. Улуғ бобомиз ва Темурийлар тарихига алоқадор кичиккина бўлсин хабар, қўлёзма ёки бош­қа маълумот – барчаси бизга азиз ва қадр­лидир. Уларни қидириб, топиб, тадқиқ қилиб халқимизга туҳфа этиш тарихчи олимлар олдида турган долзарб вазифалардан. Умид қиламизки, келажакда ҳали улуғ бобомиз даврига тегиш­ли бошқа қўлёзма-манускриптларни ҳам топишга муяссар бўламиз.

Дилбархон АҲМЕДОВА,

Вашингтон университети магистри

АҚШ