Сайлов тизими ва тамойиллари: ҚОНУНЧИЛИК ВА ФУҚАРОЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ
Ўзбекистондасиёсийтизимни, хусусан, унингмуҳимйўналишибўлгандемократиксайловтизиминишакллантиришбўйичакенгкўламлиислоҳотларамалгаоширилмоқда. Маълумки, демократик, эркин ва адолатли сайловларни ўтказишнинг мезон ва стандартлари БМТ, ЕХҲТ ва бошқа халқаро ташкилотлар ҳужжатларида ўз аксини топган.
Ҳозирги давр конституциявий ҳуқуқида мутлақ ва малакали кўпчилик овозига асосланган мажоритар сайлов тизимлари қўлланади. Macалан, АҚШ, Буюк Британия, Ҳиндистон, Мексика ва бошқа яна бир қанча давлатларда овозларнинг умумий сонидан мутлақ кўп овоз олган номзод сайланган ҳисобланади. Номзодлардан биронтаси ҳам етарлича овоз ололмаса, энг кўп овоз олган иккита номзод кейинги босқичга ўтади. Қайси номзод иккинчи турда кўпроқ овоз олса, ўша сайланади. Бунда партиялар ҳамда аъзоларининг ички имкониятлари кўпроқ ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Пропорционал тизимда эса, партиялар ўз дастури, амалдаги фаолияти билан одамларда ишончли, самимий тасаввур қолдириши лозим.
Пропорционал сайлов тизимида катта-катта сайлов округлари тузилиб, ҳар бир партия ўз вакилларининг рўйхатини илгари суради. Сайловчилар эса тегишли партиялар ёки оммавий ҳаракатлар томонидан кўрсатилган вакиллар рўйхати учун овоз беради. Овоз бериш натижаларини аниқлаш учун сайлов мезони, яъни бир депутатлик мандатини олиш учун зарур бўлган овозлар микдори (ёки квота) ўрнатилади. Бундай тизимда сайловчи амалда номзод учун эмас, балки сиёсий партия учун овоз беради. Сайловчилар овози белгиланган меъёр доирасида ва мутаносиб равишда депутатлар мандатлари сонини юзага келтиради. Бу ўринлар партия раҳбар органлари томонидан партиявий рўйхатнинг бош қисмидан жой олган номзодларга берилади. Бундай пропорционал сайлов тизими Исроил, Венгрия, Австрия, Дания, Испания, Польша каби давлатларда мавжуд.
Сайлов кодексида демократик сайловларни амалга оширишнинг асосий принциплари – умумийлиги, тенглиги ҳамда тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли, сайловда қатнашишнинг ихтиёрийлиги, уни ўтказишнинг очиқ ва ошкоралиги ўз ифодасини топади. Сайлов ҳуқуқининг умумийлиги халқаро ҳужжатларда мустаҳкамланган асосий принципларга киради. Бу қоида Ўзбекистон Конституцияси ҳамда Сайлов кодексининг асосий принципларидан бири сифатида эътироф этилган.
Тенг сайлов ҳуқуқи принципига кўра, Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси бир овозга эга. Сайловда ҳеч ким ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий ҳамда мулкий мавқеи, ирқий ва миллий мансублиги, жинси, маълумоти, тили, динга муносабати, машғулотининг турига қараб устуворликка эга бўлмайди.
Тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи принципига кўра, фуқаролар сайловда ўз хоҳиш-иродасини бевосита ифода этади. Овоз бериш жараёнида сайловчилар шахсий қараш ва фикрларидан келиб чиқиб, ўз танловини амалга оширади. Бунда агар фуқаро сайлов вақтида хорижда бўлса, у Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида тузиладиган сайлов участкасида овоз бериши мумкин. Қолаверса, Ўзбекистон сайлов қонунчилигида муддатидан олдин овоз бериш қоидаси кўзда тутилган. Сайлов куни касаллиги ёки бошқа сабабларга кўра, ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга. Сайловчи соғлиғи ёмонлиги туфайли ёки бошқа сабабларга кўра, сайлов участкасига кела олмаган ҳолларда участка сайлов комиссияси сайловчилар турган жойда овоз беришни ташкил этиши мумкин. Сайловда ихтиёрий иштирок этиш принципи фуқароларнинг ушбу сиёсий тадбирда ўз хоҳишига кўра, ҳеч қанақа мажбурловсиз қатнашишини англатади. Сайловчиларнинг хоҳиш-иродасини назорат этишга йўл қўйилмайди.
Республикамизда яширин овоз бериш ҳуқуқи қонун билан кафолатланган. Овоз бериш, шу жумладан, муддатидан олдин овоз бериш ҳамда сайловчи турган жойда овоз беришнинг яширинлигини таъминлаш сайлов комиссияларининг асосий мажбуриятларидан бири сифатида белгилаб қўйилган.
Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи соҳасидаги халқаро стандартлардан яна бири адолатли сайлов принципидир. Бу сайловларнинг даврийлигини қонун билан белгилаб қўйиш, сайловолди кампаниясини олиб боришда номзодларга тенг имкониятлар тақдим қилиш, сайловларнинг очиқ ва ошкоралиги, сайлов жараёнининг барча босқичида кузатувчилар иштирок эта олиши ҳамда мустақил суд демакдир. Мустақил суд тизими сайлов жараёнини нохолислик, фирибгарлик ҳамда сохталаштиришдан самарали ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутади. Ўзбекистон сайлов қонунчилиги сайлов ҳуқуқлари бузилиши ва сайлов жараёни субъектларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш имкониятларини кафолатлайди.
Ўзбекистон Республикасининг сайлов тизими мамлакат Конституцияси ва сайлов тўғрисидаги тегишли қонунлар билан тартибга солинади.
Ўзбекистон миллий сайлов тизимини шакллантириш жараёнида халқаро сайлов стандартларининг асосий талаблари инобатга олинган. Янгиланган Ўзбекистон Республикаси Конституциясида алоҳида қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади, бундан ушбу Конституцияда назарда тутилган муддатидан илгари сайлов ўтказиш ҳоллари мустасно. Сайловлар умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Ўзбекистон Республикасининг ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эга.
Ўзбекистон Республикаси Президенти муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини тайинлашга ҳақли.
Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек, суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмас. Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлик учун суднинг ҳукмига кўра озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этиш ҳуқуқидан фақат қонунга мувофиқ ҳамда суднинг қарори асосида маҳрум этилиши мумкин. Бошқа ҳар қандай ҳолларда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмайди. Ўзбекистон Республикаси фуқароси бир вақтнинг ўзида иккидан ортиқ давлат ҳокимияти вакиллик органининг депутати бўлиши мумкин эмас. Сайлов ўтказиш тартиби қонун билан белгиланади.
Қонунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловларни, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг референдумини ташкил этиш ва ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан фаолиятининг асосий принциплари мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик ва адолатлиликдан иборат бўлган Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тузилади.
Сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган кодекснинг 14-моддасида “Марказий сайлов комиссиясининг ваколатлари”, “Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш ва ундан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари” режасининг қайд этилганлиги ўзига хос янги жараёндир. Мазкур кодексда белгиланганидек, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати ваколатли давлат органларининг ахборот базаларига мувофиқ сайловчи фуқаролар, уларнинг доимий ва вақтинча яшаш жойлари манзиллари ҳақидаги ахборотни ўз ичига олган давлат ахборот ресурсидир. Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати ваколатли давлат органлари томонидан тақдим этиладиган ахборот негизида шакллантирилади ва янгилаб турилади, сайлов кампанияси даврида эса тегишли участка сайлов комиссиялари томонидан аниқлаштирилади.
Ҳар бир участка сайлов комиссияси тузилганидан кейин уч кун ичида сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатида тақсимланган мазкур участка сайловчиларининг дастлабки рўйхатини олади. Демак, бу йилдаги сайлов жараёни техник-технологик жиҳатдан янгича усулда амалга оширилади. Жумладан, сайлов участкасида овозларни санаш баённомасининг нусхасини дарҳол жойлаштириш тартиби белгиланганки, бу ўз вақтида шаффофликни, очиқликни ва адолатни таъминлашга хизмат қилади. Сайловларнинг ошкоралиги сайлов кампаниясини оммавий ахборот воситаларида ёритишни кўзда тутади. Бутун сайлов кампанияси том маънодаги ошкоралик асосида ўтказилади. Ошкоралик сайлов комиссияларининг сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш, жумладан, овозларни санаб чиқиш, овоз бериш натижаларини аниқлаш ҳамда сайлов натижаларини белгилаш тадбирлари очиқ ўтказилишидан далолатдир.
Ҳар бир фуқаро сайлов жараёнида сайлов округи ва участкалари тузилиши, сайлов комиссияларининг таркиби, уларнинг жойлашган ери ҳамда иш вақти, Президентликка номзодлар, овоз бериш ва сайлов якунлари ҳақида ахборот излаш, олиш ҳамда тарқатиш ҳуқуқига эга.