December 29, 2023

ТУПРОҒИНГДАН ҚУВВАТ ОЛДИМ  

Зиё НАЖМИЙ

ВАТАН

Қўлга тутдинг ушбу созим, куйла деб, жоним, Ватан!

Бир умр куйлай сени, эй, тоза виждоним, Ватан!

Тупроғингдан қувват олдим, офтобингдан кўзга нур,

Сен ишончим, сен таянчим, ҳам шараф-шоним, Ватан!

Фахр этарман Яссавийнинг покиза руҳи билан,

Асли насли соф, мусаффо, тўғри иймоним, Ватан!

Сен учун айлай фидо мен неки имкон танда бор,

Сенга фойдам тегмаган кун тўхтасин қоним, Ватан!

Тил берибсан мақтагин деб, боғларингни мақтайин,

Тупроғида бол унувчи шаккаристоним, Ватан!

Гулшанинг жаннат боғининг тарҳидан олганми рамз,

Бунча хушбўй! Бунча хушрўй! Оҳ, гулистоним, Ватан!

Мадҳингга байт битди бу он, завқ ила ўғлинг Зиё,

Кел, қабул айла уни, ҳур, Ўзбекистоним, Ватан!

СЎЗЛАСА

Бу жаҳон кулгай, кулиб, ёнимда дилдор сўзласа,

Жилва қилғай, жилва-ю ноз бирла ул ёр сўзласа.

Боғ аро эсмас сабо, барглар чиқармас сас-садо,

Андалиб этмас нидо, ул кўзи хуммор сўзласа.

Бу жаҳон гунг гуллари тўзгай хижолатдан ўзин,

Лабларидан бол томиб, ул гули рухсор сўзласа.

Рашкдан кўксини пора айлагай ширин анор,

Ёнида ял-ял ёниб, ул юзлари нор сўзласа.

Не учун куймай муҳаббат ўтида, аҳбоблар,

Ҳар замон ёрнинг кўзи ишқини такрор сўзласа.

Чирмашур жон риштаси тандан чиқиб ёр сочига,

Тарқатиб хуш бўйларин ул зулфи тор-тор сўзласа.

Бу Зиё қалби нечун мавжланмасин денгиз каби,

Силкитиб бошин малак аҳлига сардор сўзласа.

КЎЗИНГ ҚАРОСИМУ, Ё...

Чўғлармикин ёнувчи, кўзинг қаросиму, ё...

Манқалмикин макони, киприк аросиму, ё...

Ташлаб нигоҳ дилимга, ишқинг ўтини ёқдинг,

Ишқим керакму сенга, дилим яросиму, ё...

Банд айлаган вужудим зулфинг ўрамлариму,

Ширин каломму, дилбар, кўзнинг ибосиму, ё...

Алвонланиб қуёшда товлангучи юзингму,

Мафтун қуёш юзингда берган жилосиму, ё...

Шотут мисоли лаблар, ушшоқни қон қилурми?

Ғамгин кунига боис, холинг чаросиму, ё...

Афсонавий париму, инсонмисан, билолмам,

Фарҳоднинг Шириниму, Вомиқ Узросиму, ё...

Зиё, ақлингни олган, не бўлди, сўйла ошкор,

Ёр ҳусниму, одоби, ширин ҳаёсиму, ё...

Зиё НАЖМИЙ