April 21, 2023

НАФОСАТ ВА ГЎЗАЛЛИК ФЕСТИВАЛИ

Шу кунларда юртимиз бўйлаб Халқаро анъанавий Тасвирий ва амалий санъат фестивали бўлиб ўтмоқда. 2023 йил – “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”га бағишланган мазкур Халқаро фестиваль муносабати билан Ўзбекистон Бадиий академия­сида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда сўзга чиққан Бадиий академия раиси Акмал Нуриддинов йиғилганларга фестивалнинг мақсад ва вазифалари ҳақида сўзлаб, жумладан, шундай деди:

– Аввало, ушбу фестивални ўтказишда биз билан ҳамкорлик қилаётган Ўзбекис­тон Республикаси Касаба уюшмалари федерацияси, Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлигига миннатдорлик билдираман.

Шуни айтиш жоизки, мазкур фестиваль авлоддан авлодга ўтиб келаётган бой миллий санъатимизни тарғиб қилиш, ўзбек тасвирий ва амалий санъатини кенг танитиш, ижодкорлар ўртасида тажриба алмашиш, янги истеъдодларни юзага чиқариш, устоз-шогирд анъаналарини муносиб давом эттириш, халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиб келмоқда. Бу йилги фестиваль доирасида ТУРКСОЙ ташкилоти билан ҳамкорликда турк давлатлари рассомларининг кўргазмаси бўлиб ўтди. Ушбу тадбирни фестиваль кун тартибига киритишдан асосий мақсадимиз туркий халқлар нафис санъат академиясини ташкил этиш. Анжуман доирасида шу мавзуда давра суҳбати ташкил этилади. Бадиий академиянинг туркий давлатлар рассомлари кўргазмасини ўтказиш ҳақидаги таклифини Турксой ташкилоти қўллаб-қувватлади. Хуллас, фестиваль доирасида кўплаб қизиқарли тадбирлар ўтказилиши кўзда тутилган. Давлатимиз ушбу фестивални иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаётгани юртимизда маданият ва санъатга берилаётган юксак эътиборнинг намунасидир.

Айтиш жоизки, беш кун давомида нафақат Тошкент шаҳри, балки вилоятлар марказлари ҳамда Қорақалпоғистон Рес­публикаси кўргазма залларида, таниқли ижодкорларнинг, усталарнинг сара асарлари асосида кўргазмалар, маҳорат дарс­лари, бадиий дастурлар намойишлари, илмий анжуманлар, ёш ижодкорларнинг ижодий лойиҳалари намойиш этилади. ТУРКСОЙ ташкил этилганининг 30 йиллигига бағишланган “Турк дунёси рассомларининг учрашуви” номли кўргазмадан Озарбайжон, Туркия, Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ҳамда Венгрия рассомларининг ишлари ўрин олган.

* * *

Душанба куни Марказий Кўргазмалар залининг кириш қисми байрамона тус олди. Фестивалнинг илк куни буюк мусаввир Камолиддин Беҳзод ҳайкали пойига гул қўйиш маросими билан бош­ланди. Фестивалнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Ўзбекис­тон Бадиий академияси раиси Акмал Нуриддинов барча қатнашчиларни табрик­лаб, мўйқалам соҳибларига, қатнашчиларга омад ёр бўлишини тилади. Очилиш маросими доирасида П.Беньков номидаги Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактаби ўқувчиларининг тарихий либослари намойиш этилди. Ўзбекистон Бадиий академияси тасарруфидаги Бухоро ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати оркестр-ансамбли ва доирачилар жамоасининг чиқиш­лари тадбирга файз бағиш­лади.

“Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” билан ҳамоҳанг ўтаётган ҳафталик давомида Марказий кўргазмалар залида ўтган йилги фестиваль доирасида илк кўргазмалари бўлиб ўтган Кемён университети профессор-ўқитувчилари ва талабаларининг кенгроқ таркибдаги кўргазмаси очилди. Фестивалда Кемён университетидан ташқари, бошқа кўплаб хорижий таълим муассасалари, жумладан, “Климович болалар тасвирий санъат мактаби” давлат таълим муассасаси (Беларусь), Тулун шаҳрининг “Болалар бадиий мактаби” Муниципал автоном муассасаси (Россия); Загира Исмагилова номида Уфа давлат санъат институти (Россия), академик Э.А.Букетов номидаги Қарағанда университети (Қозоғистон) вакиллари иштирок этмоқда. Шунинг­дек, Марказий кўргазмалар залида Беларусь, Россия, Қозоғистон, Исроил ва Корея Республикасидан 24 нафар рассом асарлари намойиш этилмоқда. Ушбу залнинг биринчи қаватида очилган экспозицияда Рес­публика ихтисослаштирилган дизайн мактабининг амалий санъат бўлими ўқитувчилари Гўзал Нуриддинова ва Гулнора Азимованинг каштадўзлик намуналари намойиш этилмоқда. Иккинчи қаватда очилган кўргазмада театр, кино ва анимация шўъбаси рассомлари “Макон ва вақт ташқарисида” деб номланган лойиҳани намойиш этмоқдалар. Мазкур лойиҳадан кўзланган мақсад кенг жамоатчиликка шу соҳадаги янги номларни таништириш, шунингдек, ёш ижодкор ва талабалар авлодининг интилишларини қўллаб-қувватлашдан иборат. Ушбу лойи­ҳа ёшлар орасида турли фикр мулоҳазаларга сабаб бўлмоқда. Жумладан, Бобур Исмоилов, Татьяна Федева, Жамол Усмонов, В.Хапов, В.Гребнюк, С.Юлдашев каби ижодкорларнинг асарлари иштирокчилар эътиборини тортди. Меҳрнигор Абдуллаева яратган “Саҳродаги ишқ тафаккури” деб номланган инс­талляция фестиваль қатнашчилари ва мухлисларни мафтун этди. Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, таниқли рассом Тимур Раҳметовнинг тадбир иштирокчилари учун ўтказган маҳорат дарси ҳам қизиқарли бўлди.

Шунингдек, Жанубий Кореянинг Кемён университети ўқитувчилари ва талабаларининг кўргазмаси ҳам иштирокчилар эътиборини тортди. Янг Южиннинг “Гулбоғ”, Жанг Таемокснинг “Гуллаш. Мингта гулбарг” каби тасвирий ва амалий санъат намуналарида Корея халқининг азалий анъаналари мужассам. Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда “Франция ва унинг ўзига хос мероси” номли фотокўргазма Ўзбекистон Бадиий академияси галереясида очилди. Кўргазмадан Франциянинг тарихий ва замонавий ҳаётига доир фотосуратлар ўрин олган. Фестивалнинг илк куни Тошкент фотосуратлар уйида С.Сабирбаевнинг “Сердолик” номли кўргазмаси намойиши билан якунланди.

* * *

Марказий кўргазма зали олди ва атроф­ларида ёшлар ижодидан таркиб топган экспозиция ажиб манзара касб этган. Рес­публика ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати ўқувчилари акварелда турли гуллар, манзаралар чизишмоқда. Ёш рассом мольбертни қулай ўрнатиб, дўстининг портретини иштиёқ билан тасвирламоқда. Ёш кулол чарх айлантиради. Гўё унинг қўлларида чарх билан бирга дунё айланаётгандек... Бу манзарани тенгдош­лари қизиқиш ва меҳр билан кузатиб турадилар. Респуб­лика ихтисос­лаштирилган дизайн мактабининг амалий санъат бўлими ўқувчи қизлари эса кашта тикиш билан банд.

Ҳайкалтарошлар орасида ҳам қизғин ижод жараёни давом этмоқда. Устозлар шогирдлари ишини кузатадилар. Таниқли ҳайкалтарош, рассом Азамат Ҳотамов: “Бу каби фестиваллар, аввало, ёшлар ва мураб­бийлар учун жуда муҳим. Фестиваль давомида янги истеъдодлар кашф этилади, уларнинг ижодига яқиндан назар солиш имкони туғилади. Таниқли рассомлар таж­рибаларини ёш ижодкорларга меҳр-муҳаб­бат билан ўргатишларига умид қиламан. Зеро, устоз-шогирд анъаналари бардавом экан, тасвирий санъат гуллаб-яшнайверади”, деди фахр билан.

Мазкур санъат фестивали ҳақида қозоғистонлик профессор, санъатшунос, дизайнер Жанарбек Бешкенов шундай деди: “Тошкентга биринчи марта келишим. Санъат байрами менга жуда ёқди. Фестиваль жуда юқори даражада ўтяпти. Келаси йили бу ерга имкон қадар кўпроқ ёш рассом ва дизайнерларни юборишга ҳаракат қиламиз. Ўзбек ижодкорлари юқори профессионал даражада ижод қилаётганини мамнуният билан қайд этаман”.

* * *

Фестивалнинг иккинчи куни Марказий кўргазмалар залида Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси амалий санъат шўъбаси аъзоларининг маҳорат дарслари билан бошланди. Унда ганч усталари Баҳодир Султонов, Носир Маликов, нақш усталари Ғайрат Шокиров, Бурҳонхўжа Мансурхўжаев, Дилшод Комилов, ёғоч ўймакорлиги усталари Шуҳрат Аҳмедназаров, Абдумажид Абдураҳмонов маҳорат дарсларини ўтдилар.

Тадбир Ўзбекистон тас­вирий санъат галереясида давом этди. Бу ерда “Турк дунёси рассомларининг учрашуви” номли кўргазма очилди. Экспозициядан Озарбайжон, Туркия, Туркманистон, Қозоғис­тон, Қирғизистон каби давлатлардан ташриф буюрган рассомлар билан бирга, Шаҳноза Абдуллаева, Собир Рахметов, Бахтиёр Маҳкамов, Акмал Нур, Алишер Алиқулов, Хуршид Зиёхонов, Эрик Кулманов, Мирвоҳид Мирсаидов, Иброҳим Валихўжаев, Фаррух Аҳмадалиев, Ғайрат Ибрагимов, Мурод Қорабоев, Файзулла Аҳмадалиев, Ғофур Қодиров, Мухтор Исанов сингари юртимиз ижодкорлари асарлари ҳам ўрин олган.

– “Турк дунёси рассомларининг учрашуви” кўргазмасида иштирок этиш насиб қилганидан мамнунман, – дейди туркманистонлик рассом Гахриман Гочмурадов. – Биз туркий халқлармиз. Меҳмонларни эъзозлаб кутиб олган ўзбек халқига раҳмат. Шаҳар янада гўзаллашибди. Тинчлиги, одамларнинг хотиржамлиги эътиборимни тортди. Ўзбек рассомлари ижодини кузатиб бораман. Уларнинг ишларида миллий анъаналарга кенг ўрин берилган. Бир қараганда асарларидан мусиқа таралаётгандек таассурот қолдиради. Бу ерда анъаналар ўзаро ўхшашлигини, бир-бирини тўлдиришини ҳис қилдим.

– Ўзбекистон бизнинг ота юртимиз, дейди туркиялик рассом Азиз Рефик. – Юртингизда илк бор бўлишим, жуда ҳая­жондаман. Аждодларим изи бор-да, бу йўлларда. Жуда сўлим ўлка, одамлари меҳмондўст, рассомлари ҳам ниҳоятда маҳоратли. Нуфузли кўргазмада иштирок этиб, муҳташам санъат масканида асарларим намойиш этилаётганидан бахтиёрман.

Марказий кўргазмалар залида ўтган Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн инс­титути талабаларининг замонавий ва анъанавий либослар намо­йиши йиғилганларга манзур бўлди. Дмитрий Ахунбабаевнинг “Nevskaya palitra” билан ҳамкорликдаги маҳорат дарси Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида бўлиб ўтди. Тошкент Фотосуратлар уйида Саидбек Сабирбаевнинг маҳорат дарси ташкил этилди. Бадиий академиянинг Анжуманлар залида “ТУРКСОЙ ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар рассомларининг санъат ва маданият соҳасидаги кўпқиррали ҳамкорлик­ларини ривожлантириш” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Пойтахтимиздаги Халқаро маданият карвонсаройида Миллий рассомлик ва дизайн институти дастгоҳли рангтас­вир кафедрасининг кўргазмаси очилди. Унда устоз ва шогирдларнинг турли мавзулардаги асарлари намойиш этилди. Тадбирлар россиялик ижодкор, Дизайн ва декоратив санъат коллежи ўқитувчиси Мария Третьякованинг рангтасвир бўйича маҳорат дарси билан якунланди.

* * *

Тошкент Фотосуратлар уйида кулол Юрий Ким кўргазмаси билан фестивалнинг учинчи куни очилди. Кулолнинг ишларида миллий анъаналар пишиқ деталлар ва бироз юмор билан бойитилган. Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида Алишер Ҳамдамовнинг акрил бўйича маҳорат дарси тингланди. Республика ихтисослаштирилган дизайн мактаби ўқитувчиларининг замонавий ва анъанавий либослар намойиши, “Музей дизайни: амалиёт ва тажриба” мавзуидаги давра суҳбати, Eлена Лабецкая­нинг, Гахраман Гочмурадов ва Тойли Чапановаларнинг маҳорат дарслари қизиқарли ўтди. “Камолиддин Беҳзод издошлари” танлови ғолибларининг миниатюра ва халқ санъати асарлари, Тошкент Архитектура қурилиш университети талабаларининг кўргазмаларида ўқувчи-талабаларнинг орзу-умидлари ифода этилган асарлар намойиш этилди. Кун сўнгида кинорассом Анастасия Рейимованинг кўргазмаси очилди.

* * *

Фестивалнинг тўртинчи куни ҳам воқеаларга бой ўтди. Маҳорат дарс­лари, турли анжуманлар иштирокчиларга унутилмас таассуротлар тақдим этди. Рес­пуб­лика ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати ўқувчиларининг концерт дастури фестиваль иштирокчиларига хуш кайфият бағиш­лади.

Бугун Бадиий академиянинг кўргазмалар залида фестивалнинг фаол иштирокчиларига соврин ва дипломларни тантанали топшириш маросими бўлиб ўтади. Шу билан мухлисларга хуш кайфият улашган баҳорий фестиваль ўз ишини якунлайди.

Гулчеҳра УМАРОВА,

Сарвара ҚОСИМОВА