September 15, 2023

“АБАДИЙ ЗАМОНДОШ” КАШФИЁТЧИСИ КИМ?  

Ижодда айрим иборалар баъзан кашфиёт хусусиятига эга бўлади. “Абадий замондош” – шундай иборалардан. “Шарқ юлдузи” журналининг 2023 йил, 7-сонида Менгнор Олло­муроднинг “Нур нурга интилади” сарлавҳали мақоласини ўқиб қолдим.

Мақола Олим Тошбоевнинг “Абадий замондош” номли китоби тўғрисида экан. Бу ибора менга таниш ва унинг вужудга келиш тарихини яхши биламан. О.Тошбоев ўз китобига шу номни қўйганига ажаб­лансам-да, ҳозирги адабий жараёнда такрорлар кўплигини инобатга олиб, мақолани сабр-тоқат билан ўқишда давом этдим. Лекин бу ажойиб ном О.Тошбоевнинг топилмаси эканлиги ҳақидаги жумлаларни ўқиб, чидай олмадим. М.Олломурод бундай ёзган: “Биринчи ҳайрат шундаки, “Абадий” сўзи “замондош”га янги фалсафа, янги руҳ берган, энг муҳими, “Абадий замондош” ибораси Шукур Холмирзаев руҳияти, фалсафаси даражасига етиб борган. Ҳатто, ўйладим, Шукур Холмирзаев “Абадий замондош” деган ёмби номни бирон жойда ишлатганмиканлар, деб... “Абадий замондош” бу – кучли топилма” (“Шарқ юлдузи”, 2023 йил, 7-сон, 163-бет). Наҳотки, бу ҳурматли ижодкорларимиз “Абадий замондош” сарлавҳаси қайси мутафаккиримизга мансуб эканлигини билмасалар?!

Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари ўрталари эди. Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт инс­титутида ҳар йили Алишер Навоий таваллуди кунлари­га бағишланган илмий анжуман ўтказилар ва унда навоийшуносликнинг янги, ўрганилмаган муаммоларига бағиш­ланган кўплаб маърузалар қилинарди. Бирор янги фикр айтилмаган маъруза деяр­ли бўлмасди. Мамлакатдаги Навоийга бағишланган энг нуфузли илмий анжуман бўлганлиги учун, унинг натижаларини ҳар йили, айниқса, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ҳафтаномаси ва бошқа газеталар, радио ва телевидение кенг ёритарди. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ҳафтаномаси анжумандаги энг яхши маърузаларни танлаб, албатта, эълон қиларди. Бунинг учун “Адабиётшунослик” бўлими мудири Маҳмуд Саъдий шахсан ўзи бориб, қўлида блокноти ва ручкаси билан ўтириб, ҳамма маърузаларни диққат билан тинг­ларди. Янгиликка бой маърузалар муаллифлари билан анжумандан сўнг узоқ суҳбатлашар, маърузалар матнини ўзи билан олиб кетарди. Шундай илмий анжуманларнинг бирида академик Иззат Отахонович Султонов “Навоий – абадий замондошимиз” сарлавҳали маъруза қилдилар. Анжумандан кейинги муҳокамаларда шу маъруза энг янгиликларга бой, юксак пафос билан ёзилган илмий асар сифатида баҳоланди. Айниқса, сарлавҳадаги “абадий замондош” ибораси кашфиёт сифатида сенсация бўлиб кетди. Орадан бир ҳафта-ўн кун вақт ўтиб, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ҳафтаномасида Иззат Султон ва Маҳмуд Саъдий ҳаммуаллифлигида “Абадий замондош” сарлавҳали илмий-адабий суҳбат эълон қилинди. Унда мазкур маърузанинг мазмуни ёритилган эди.

Ёзилган ижодий асарга муносиб ном топиш ҳам катта билим, илм ва маҳорат маҳсулидир. Зўр сарлавҳа топиш маҳоратига ҳар ким ҳам эга бўлавермайди. Топқирлик билан кашф этилган сарлавҳалар ўзида ғоя ташийди. Кучли сарлавҳа ижодий асар моҳияти ва мазмунини томчида қуёшдек акс эттиради. Кўп ижодкорларни ёзган асарига ном ёки сарлавҳа топиш машаққати қийнайди. Кўпчилик муносиб сарлавҳа топа олмайди ҳам. Баъзи ижодкорлар сарлавҳа топишга жуда уста бўлади. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Маҳмуд Саъдий сарлавҳа масаласида жуда талабчан эди. Унинг қўлига етиб борган мақолаларни муаллиф билан бирга ўқиб чиқар экан, кўпинча, биринчи айтадиган фикри – “сарлавҳа йўқ” деган гап бўларди. Нодир сарлавҳалар ижод маҳсули деб қаралади ва ижодкорлар уларни такрорламасликка ҳаракат қилади. Ҳарқалай, маданиятли ижодкорлар шундай ёзилмаган қоидага риоя этадилар.

Тўғри, ҳозир китоб кўп ёзилмоқда ва чоп этилмоқда. Мазкур мақола муаллифи ёзганидай, китоб одамдан ҳам кўпайиб кетди. Ҳаммасига чиройли ва мазмундор ном керак. Китоб ва мақола муаллифлари Иззат Султоннинг “Абадий замондош” сарлавҳали адабий суҳбатини кўрмаган бўлишлари қийин. Чунки улар ёши катта ижодкорлар. 80-йилларнинг шов-шувларга бой қизғин адабий жараёнлари уларнинг кўз олдида кечган. Агар шу “ёмби ном”ни улар кўрмаган бўлсалар, демак, адабий жараённи яхши кузатмаган бўлиб чиқадилар. Э, битта ном қайтарилса қайтарилибди-да, дегувчилар ҳам топилиши эҳтимолдан холи эмас. Ҳозирги олатасир замонда ҳар нарсани кутиш мумкин. Лекин бир ижодкорнинг топилмасини бошқа ижодкорга мансуб қилиб мақташ яхши эмас. Бир ижодкорнинг қўллаган номи, усули ва ҳоказо ижодий кашфиётига бош­қа ижодкорнинг ҳаваси келиши мумкин. Бунинг айби йўқ. Шунда: “Фалон адибнинг мана бу топилмаси менга маъқул бўлди, мен асаримни шу ном билан аташни ният қилдим”, дея ҳаволада келтирилса, бу – юқори маданиятдан бўларди. Навоийга нисбат берилган “Абадий замондош” ибораси Шукур Холмирзаевга ҳам мос келиш-келмаслигини ўйлаб кўриш керак. Шукур Холмирзаев ҳам, шубҳасиз, буюк ёзувчи. Лекин уни Навоий билан баробар қўйиб бўлармикин?

Нусратулло ЖУМАХЎЖА,

филология фанлари доктори, профессор