“Ўзбекнефтгаз”: Саноат кооперациясини ривожлантириш мақсадида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик қилинмоқда (Фото)
Бош саҳифа
Русский
Жорий йилнинг ноябрь ойида Қарши шаҳрида ташкил этилган “Ўзбекнефтгаз” АЖ Маҳаллийлаштириш ва кооперация павильонига ташрифи давомида Давлатимиз раҳбари томонидан тармоқда кооперация алоқаларини жадаллаштириш ҳамда маҳаллийлаштириш даражасини кенгайтириш юзасидан бир қатор топшириқлар берилган эди.
Шундан келиб чиқиб, тизимда тадбиркорлик субъектлари билан кооперация алоқаларини ривожлантириш ҳамда импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар кўламини кенгайтириш мақсадида амалий ишлар ташкил этилмоқда.
Тармоқ импорти ҳажмида сезиларли улушга эга бўлган кимёвий реагентларни маҳаллийлаштириш мақсадида “Нефтгазминерал” МЧЖ вакиллари билан учрашув ўтказилди. Учрашув давомида “Нефтгазминерал” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳаллий “КБ-3” маркали барит концентрати сифатини янада ошириб, уни тармоқ корхоналари талаби даражасига келтириш бўйича амалга ошириладиган ишлар муҳокама қилинди.
Тайёр маҳсулотни дастлабки лаборатория синовларидан ўтказиш, кейинги босқичда углеводородларни қазиб чиқариш объектларида саноат тажриба синовларидан ўтказиш ва ижобий натижалар асосида келажакда харидга қаратиш бўйича йўл харитаси ишлаб чиқишга келишилди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур тадбирнинг муваффақиятли амалга оширилиши, келгусида тармоқ эҳтиёжи учун импортдан харид қилинаётган 6 минг тонна барит концентратини маҳаллийлаштириб, қарийб 1,4 млн долларга тенг валюта маблағларини тежаш имкониятини беради.
Бундан ташқари, жорий йилнинг 26 ноябрь куни Маҳаллийлаштириш ва кооперация алоқаларини кенгайтириш департаменти ходимлари томонидан Юнусобод кичик саноат зонасида жойлашган “RADIATOR” МЧЖ ишлаб чиқариш объектлари дастлаб техник аудитдан ўтказилди. Ўрганиш мобайнида корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган қуйма иситиш радиаторлари, фланецлар, калитлар ва тиқинлар атрофлича кўздан кечирилди.
Бугунги кунда “RADIATOR” МЧЖ ихтиёрида Хитой Халқ Республикаси ва Россия Федерациясидан келтирилган 250 килограммгача бўлган ҳар хил турдаги қуйма маҳсулотларни ишлаб чиқариш имкониятини ўз ичига олган технологик линия мавжуд.
Учрашув якуни бўйича “Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳамда “RADIATOR” МЧЖ вакиллари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш юзасидан баённома имзоланди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш
|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|