Углеводородлар захираси
February 28, 2021

“Ўзбекнефтгаз”: Қашқадарёдаги “Алан” конида Сиқув компрессор станцияси ишга туширилди (Фото+видео)

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли “Алан” конида сиқув компрессор станцияси ишга туширилди.

Қашқадарё вилояти, Муборак тумани ҳудудидаги “Алан” конида янги қурилган паст босимли сиқув компрессор станциясининг тантанали очилиш маросими ўтказилди ва унда “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев иштирок этди.

“Алан” конида табиий газ қазиб чиқарилишини назорат қилиш тўла автоматлаштирилган бўлиб, сиқув компрессор станциясини ишга қўшиш ишлари айнан диспетчерлик хизматида амалга оширилди.

Дастлаб ташриф буюрганларга ушбу инвестицион лойиҳа борасида маълумот берилди, сўнгра қурилмани ишга қўшиш учун Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев томонидан расман рухсат берилди.

“Алан” конидаги ушбу қурилма ишга қўшилди ва шундан сўнг меҳмонлар сиқув компрессор станцияси жойлашган майдонда бўлишди. Бу ерда йиғилган барчага батафсил маълумот берилди.

Маросимда сўзга чиққан Бошқарув раиси қуйидагиларни айтиб ўтди – Кондаги қолдиқ газ захирасини (25 млрд куб метр) максимал даражада қазиб олиш мақсадида, иккинчи сиқув компрессор станциясини қуришга қарор қилдик. Лойиҳа бош пудратчиси – ҳамкоримиз “ENTER Engineering” компанияси томонидан қисқа муддатда қиймати 75 млн долларлик технологик объект қуриб битказилди. Замонавий газ-турбина ускуналари ва компрессорлар етакчи хорижий компаниялар, яъни Американинг “Baker Hughes General Electric”, Украинанинг “Моторсич”, Туркиянинг “Akcelik”, Хитойнинг “Denair Energy” ва бошқа компаниялар томонидан етказиб берилди. Биз уларнинг ҳаммасига миннатдорчилик билдириб, айтишим керакки, мазкур қурилмани фойдаланишга топшириш натижасида кунлик қўшимча 1,0 млн куб метр газ қазиб олиш имкони яратилди.

Эслатиб ўтамиз, “Алан” кони паст босимли сиқув компрессор станцияси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “2017 йилда Республикада нефть, нефть маҳсулотлари, табиий газ ва суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ҳамда истеъмол қилиш тўғрисида” ва “2017–2021 йилларда углеводород хомашёсини қазиб олишни кўпайтириш дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарорларига мувофиқ, “Ўзбекнефтгаз” АЖ, “Natural Gaz-Stream” қўшма корхонаси, “ERIELL OILFIELD SERVICES MIDDLE EAST DMCC” компаниялари хамкорлигида амалга оширилган бўлиб, умумий қиймати 75,12 млн долларни ташкил этади.

Тантанали очилиш маросимида Бошқарув раиси қурилишда иштирок этган барчага яна бир бор ўз миннатдорчилигини билдириб, фаоллик кўрсатган ишчи-ходимларга эсдалик совғалари топширилди.

Хорижий мутахассисларга ўзбекона меҳмондўстлик кўрсатилиб, миллий либосларимиз совға қилинди ҳамда улар билан ҳамкорлик бундан ҳам мустаҳкам бўлиши билдирилди.

Хориждан ташриф буюрган мутахассислар ҳам ўз навбатида билдирилган ишончни оқлаш учун ҳаракат қилишларини айтиб ўтишди.

Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасининг “Алан” сиқув компрессор станцияси кунлик 9,137 млн куб метргача саноат газини утилизация қилиш қобилиятига эга бўлиб, “Алан” паст босимли 2-сиқув компрессор станцияси (2-СКС) лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилди ва қурилиш-монтаж ишлари якунига етказилиб ишлаб чиқаришга жорий этилди.

2021 йилда ушбу кондан 2,771 млрд куб метр табиий газ ва 69,6 минг тонна газ конденсати қазиб олиш режалаштирилган.

Конда олиб борилган геология-қидирув ишлари натижасида жами 234,9 млрд куб метр табиий газ ҳамда 8,964 млн тонна газ конденсати захиралари мавжудлиги аниқланган.

2021 йил якунига қадар “Алан” конида 14 та янги қудуқларни бурғилаб ишга тушириш ва натижада, қўшимча 164,7 млн куб метр табиий газ ҳамда 3,6 минг тонна газ конденсати қазиб чиқариш мўлжалланмоқда.

Бундан ташқари, 36 та қудуқда капитал таъмирлаш ва интенсификация ишларини бажариш орқали қўшимча 63,7 млн куб метр табиий газ ва 1,2 минг тонна газ конденсати қазиб чиқариш режалаштирилган.

“Алан” паст босимли 2-сиқув компрессор станциясининг умумий қуввати кунлик 4,569 млн куб метр бўлган 2 та агрегат орқали “Алан” кони паст босимли қудуқларининг саноат миқёсидаги табиий газ босимини кўтариб, “Алан” сиқув компрессор станциясига ҳайдайди.

“Алан” конида паст босимли 2-сиқув компрессор станцияси ишга тушириш орқали йилига 3,3 млрд куб метр табиий газ босимини ошириш натижасида, кунлик табиий газ қазиб чиқариш кўрсаткичларини 1 млн куб метрга кўпайтиришга эришилади.

Кондаги мавжуд газ захирасини максимал даражада қазиб олиш мақсадида, “2017–2021 йилларда углеводород хомашёсини қазиб олишни кўпайтириш Дастури” доирасида жорий йил 26 февралда умумий қиймати 75,1 млн долларлик сиқув компрессор станцияси (СКС) қурилиб, фойдаланишга топширилди.

СКС йилига 3,3 млрд куб метр табиий газ босимини оширишга ҳамда газ таркибидаги суюқ компонентларни ажратиб олиш учун газни комплекс тайёрлаш қурилмасига етказиб беришга хизмат қилади ва кунлик қўшимча 1,0 млн куб метр газ қазиб олиш имконини беради.

Қурилиш ишлари “Enter Engineering” (Сингапур) компанияси томонидан амалга оширилди. Замонавий газ-турбина ускуналари ва компрессорлар “Baker Hughes General Electric” (АҚШ), “Моторсич” (Украина), “Akcelik” (Туркия), “Denair Energy” (ХХР) компаниялари томонидан етказиб берилди.

СКСнинг барқарор ишлашини таъминлаш учун 2021 йилда “Алан” конида қўшимча 11 та янги қудуқни бурғилаш, узунлиги 7,9 км бўлган газ коллекторини қуриб ишга тушириш кўзда тутилмоқда, натижада, кондан йилига 2,7 млрд куб метр табиий газ қазиб олинади.

Маълумот учун: Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси тасарруфидаги жами 33 та нефть ва газ конденсат конларида 11 та СКС ва 14 та газни тайёрлаш қурилмалари мавжуд. “Алан” конининг қолдиқ захираси – 25,5 млрд куб метр табиий газ ва 1,1 млн тонна конденсат.

Эслатиб ўтамиз, Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида яна иккита – “Зеварда” ва “Денгизкўл” конларида ҳам сиқув компрессор станциялари қурилмоқда ва бу табиий газ қазиб чиқариш ҳажмининг сезиларли даражада ошишига хизмат қилади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|