Қурилиш ишлари
June 27, 2020

“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” томонидан Uzbekistan GTL заводидаги қурилиш ишлари ҳолати ўрганилди (Фото)

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йилнинг 4 май куни ёқилғи-энергетика тармоғида самарадорликни ошириш, энергия сарфини оптималлаштириш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди.

Ушбу йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевга авиакеросин ва дизель импортини тўлиқ қоплаш, 3 та пропан-бутан аралашмаси ҳамда Шўртан газ кимё комплексининг тозаланган метани негизида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш (GTL) заводи ишга туширилиши бўйича топшириқлар берилди.

Ушбу топшириқларни бажарилиши юзасидан “Ўзбекнефтгаз” АЖда Бошқаруви раиси бошчилигида “Ишчи гуруҳи” тузилди ва ҳозирда GTL заводида электр энергияси, хомашё сув, ёқилғи газ етказиш ишлари, ёнғинга қарши тизим ва лойиҳа доирасидаги энг оғир вазифаларидан бири, умумий оғирлиги 8 минг тоннадан зиёд бўлган Фишер-Тропш реакторларини йиғиш ишлари ҳолати ўрганилмоқда.

GTL заводида бўлиб турган “Ишчи гуруҳ” аъзолари асосий технологик қурилмаларнинг тасдиқланган режага асосан қурилиш жараёни ва ишга тушириш созлаш олди ишларини ҳамда қурилиш майдонида фаолият олиб бораётган мутахассис ва ишчи-ходимларнинг меҳнат шароитлари билан танишиб чиқмоқда.

GTL заводини ишга тушириш ва созлаш ишларини сифатли бажарилишини таъминлаш, шу ишларни бажарадиган ва заводни кейинчалик эксплуатациясини амалга оширадиган мутахассисларнинг билим савияси, кўникма ва малакаларини доимий равишда ошириб борилиши назоратга олинди.

Бошқарув раиси Ўзбекистонда ва бутун дунёда вужудга келган эпидемиологик вазиятга қарамасдан, синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш бўйича минтақадаги энг йирик бўлган завод қурилиши давом этаётгани ва унда меҳнат қилаётган ишчи-ходимлар билан, мутахассислар билан суҳбат қилди.

Уларга яратиб берилган шароит ва муаммолар борасида фикрлари билан қизиқди. Ушбу стратегик муҳим лойиҳани амалга оширишда иштирок этаётган ҳар бир ходимнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш бўйича GTL заводи раҳбарига аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Таъкидлаш керакки, завод қурилишида иштирок этаётган хорижий ва маҳаллий мутахассислар учун тўлиқ карантин талабларига жавоб берадиган яшаш ва иш шароитлари яратилди. Эпидемиологик вазият оғир бўлган айрим давлатлардаги чет эллик мутахассислар билан эса онлайн ишлаш имкониятлари яратилди.

Ҳозирда қурилиш майдончасидаги ишчилар сони 10,3 минг нафарни ташкил этиб, шундан 1 600 дан кўпроқ ишчи чет эллик мутахассислар ҳисобланади. Ҳукумат кўмаги билан, яқинда қўшни Қозоғистон, Россия, Корея давлатларидан 200 дан ортиқ малакали мутахассисларнинг Ўзбекистонга чартер рейслари орқали олиб келиниши ташкил этилди. Шунингдек, яна 100 га яқин мутахассисларнинг келиши учун чартер рейсларини ташкил этиш кўзда тутилган.

Бугунги кунда лойиҳа бажарилиши 88,8 фоизга етди. Эслатиб ўтамиз, ушбу лойиҳа орқали йилига 3,6 миллиард кубометр тозаланган табиий газ (метан) қайта ишланади ва 1,5 миллион тонна юқори сифатли синтетик суюқ ёқилғи, жумладан, 307 минг тоннадан ортиқ авиакеросин, 724 минг тонна дизел ёқилғиси, 437 минг тонна нефткимё соҳаси учун хом-ашё бўлган нафта ва 53 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқарилади.

Айни пайтда қурилиш майдончасига 1 045 дона ускунадан 964 та (жами 92,4%) ускуналар етказилган, шундан 750 га яқин ускуналар технологик зонада ўрнатилган. Шунингдек, Фишер-Тропш реакторлари бўйича 100,0% ишлар бажарилди ва ҳозирги вақтда қурилиш майдончасига жами 930 техника жалб қилинган.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Матбуот хизмати

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|linkedin|