Ёшлар таклиф ва ташаббуслари тингланди
“Ўзбекнефтгаз” АЖда раҳбарият ва ёшлар ўртасидаги самарали мулоқот анъанага айланган. Бошқарув раиси ўринбосари Б. Анарқулов иштирокида бўлиб ўтган навбатдаги учрашувда ҳам ёш кадрларнинг таклиф ва ташаббуслари тингланди.
Унда интеллектуал ўйинларни кучайтириш, спорт билан шуғулланиш учун шароит яратиш, хорижий тиллар курсларини ташкил этиш, экологияга ҳисса қўшиш учун табиат қўйинида Teambuilding ва plogging ўтказиш, ёшларни дастурлаш курсларига жалб этиш каби қатор амалий таклифлар илгари сурилди.
Бундай учрашувлар ёшларнинг қизиқиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш ҳамда раҳбарият ва ёшлар ўртасида ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шу орқали жамиятда соғлом муҳит ва инновацион ёндашувни шакллантириш имкони яратилади.
Учрашув якунида ёшларнинг таклиф ва ғояларини амалга оширишда раҳбарият ҳамиша қўллаб-қувватлашга тайёр эканлиги алоҳида қайд этилди.