September 11, 2024

Муборак газни қайта ишлаш заводида мавсумга тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда

O‘zbekcha Ruscha

"Ўзбекнефтгаз" АЖ томонидан 2024/2025 йиллар куз-қиш мавсумида аҳолининг табиий ва суюлтирилган газ ҳамда ёқилғи мойлаш маҳсулотларига бўлган талабини қондириш мақсадида тизимли чора-тадбирлар олиб борилмоқда.

Бу тадбирлар асосий муҳандислик коммуникациялари ва технологик асбоб-ускуналарнинг барқарор ишлашини таъминлаш, углеводородларни қазиб чиқариш ва қайта ишлаш жараёнларида сифатли режали таъмирлаш ишларини ўз вақтида бажаришга қаратилган.

Хусусан, Муборак газни қайта ишлаш заводида 36 та технологик қурилма, 10 та қозон, 1 та сиғим, 45 та трансформатор подстанцияси, 5 290 метр сув тармоғи ва 22 та заҳирани автоматик улаш қурилмасида таъмирлаш ишлари муваффақиятли якунланди.

Асосий муҳандислик коммуникацияларида қуйидаги ишлар амалга оширилди:

• 9 та газни олтингугуртдан тозалаш қурилмаси;
• 2 та паст ҳароратли сепарациялаш қурилмаси;
• 5 та олтингугурт олиш қурилмаси;
• 5 та пропан-бутан аралашмасини ажратиш қурилмаси;
• 3 та сиқув компрессор станциясидаги газ ҳайдаш агрегатси.

Бундан ташқари, ҳозирги кунда 9 та қурилмада таъмирлаш ишлари давом этмоқда. Завод ва тегишли департаментлар мутахассисларидан иборат гуруҳлар томонидан барқарор ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва кўрсаткичлар бажарилишини таъминлаш мақсадида режали таъмирлаш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Бу тадбирлар заводнинг куз-қиш мавсумида ишончли фаолиятини таъминлашга қаратилган бўлиб, аҳолининг энергия ва ёқилғи таъминоти барқарорлигини кафолатлайди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Ахборот хизмати

web-sayt | instagram | telegram | youtube | facebook