Мутахассислар АҚШнинг “Schlumberger” компаниясида малака оширишди
“Schlumberger” (АҚШ) компаниясининг Олмаота шаҳридаги ўқув марказида “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг Конларни ишлатиш департаменти Моделлаштириш маркази ходимлари учун “Integrated Field Management workflows – Network Coupling” дастурий таъминоти бўйича малака ошириш курси ташкил этилди.
Ушбу курснинг асосий мақсади Ўзбекистондаги нефт ва газ конларида интеграциялашган моделларни яратиш ва уларни ишлаб чиқариш жараёнларига татбиқ этишнинг янги йўналишини чуқур ўзлаштиришдан иборат. Интеграциялашган моделлар қудуқлар унумдорлигини аниқлаш ва углеводородларни қазиб чиқариш ҳажмларини шакллантириш, уларни йиғиш ва тарқатиш тармоғидаги тўсиқларни аниқлашга ёрдам беради.
Амалий машғулотлар ва тажриба алмашиш билан биргаликда муҳокама тарзида ўтказилган тренинг якунида қатнашчиларга халқаро стандартлар бўйича сертификатлар топширилди.
Курс битирувчилари мутахассисларга ўз билим ва тажрибаларини онлайн форматда тақдим этдилар. Бу тажрибалар корхонада иш самарадорлиги ва жараёнларини яхшилашга хизмат қилади.
Маълумот учун қайд этиш жоизки, Ўзбекистон нефт ва газ саноати тарихида илк маротаба “Ўзбекнефтгаз” АЖ қошида “Моделлаштириш маркази” ташкил этилган. Моделлаштириш маркази геологик-техник тадбирларни ишлаб чиқиш, бажарилишини назорат қилиш, конларни режалаштириш ва бошқаришда интеграл моделларни тузишга масъулдир.