April 5, 2023

“Ўзбекнефтгаз”: “Uzbekistan GTL” заводида ишлаб чиқарилаётган дизель нархи яна арзонлаштирилди

O‘zbekcha Ruscha

“Uzbekistan GTL” мажмуасида ўтган йилнинг июнь ойидан бошлаб синтетик суюқ ёнилғи маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган бўлиб, Республика товар хом-ашё биржаси орқали истеъмолчиларга ҳар куни биржа савдолари орқали етказилмоқда.

“Uzbekistan GTL” дизели Европа сифат даражасига жавоб берадиган замонавий ва юқори сифатли ёқилғидир.

“Евро-6 стандарти” талабларига тўлиқ жавоб берадиган “GTL” дизели Ўзбекистон ва МДҲ мамлакатларида мукаммал ишлаш ҳамда экологик хусусиятларга эга биринчи синтетик ёқилғи ҳисобланади.

2022 йилнинг ноябрь ойида “Uzbekistan GTL” заводининг иккинчи навбати ишга туширилиши билан тўлиқ иш режимига ўтказилди ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми янада оширилди. Ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш орқали маҳсулот таннархини пасайишига эришилмоқда. Ишлаб чиқариш жараёнида фойдаланиладиган катализаторлар ва кимёвий реагентларни эксплуатациясида унумдорлиги ошиши, оптималлаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар ва CMMS тизимини жорий этилиши муносабати билан ҳам таъмирлаш харажатларини камайтирилишига, ишларни режа асосида ташкил этилишига ва юқори самарадорликни амалга оширилиши ҳам нарҳ пасайишида катта омил бўлиб хизмат қилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан Республика ички истеъмолчиларига юқори сифатли ва экологик тоза дизель ёнилғисини етказиб беришни таъминлаш мақсадида, “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан жорий йилнинг 5 апрель кунидан бошлаб Товар хом ашё биржаси орқали сотувга қўйиладиган синтетик дизель ёқилғисининг бир тоннасининг бошланғич нархи 10 116 972 сўмгача арзонлаштирилиши белгиланди.

2022 йил июнь ойидан бугунги кунга қадар, яъни,ўтган 9 ой вақт мобайнида 34,9 фоизга арзонлаштирилганлиги эвазига, дастлабки нархи 15,5 млн. сўмни ташкил этган синтетик дизель ёқилғиси 5 апрельдан 10,1 млн. сўмдан сотилади.

GTL дизели “Евро-4” ва ундан юқори бўлган ёнилғида ишлайдиган енгил автомобиллар ва юк машиналари, шунингдек, маҳаллий ва хорижда ишлаб чиқарилган габарит ва махсус дизель ёнилғили транспорт воситалари учун идеал тарзда мос келади.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг 29 августдан синтетик дизелнинг 1 тоннаси учун бошланғич нархи 15 550 500 сўмдан 14 504 378 сўмга, 13 сентябрдан 14 504 378 сўмдан 13 897 110 сўмга, 31 октябрдан 13 897 110 сўмдан 12 998 420 сўмга, жорий йилнинг 13 феврал куни 12 998 420 сўмдан 11 855 380 сўмгача арзонлаштирилган эди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|