March 29, 2024

Коррупцияга қарши курашишда “Ўзбекнефтгаз” АЖ кўрсаткичлари “яхши” дея баҳоланди

Коррупцияга қарши курашиш агенлиги томонидан давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлиги бўйича рейтинг натижалари эълон қилинди.

2023 йил якуни бўйича натижаларда 95 та давлат ташкилоти, жумладан, 36 та давлат ташкилоти илк маротаба, қолган 59 таси эса такроран баҳолашдан ўтказилган бўлиб, коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлиги 0 баллдан 100 баллгача рейтингда баҳоланиб, 42 та ташкилот фаолияти самарадорлиги “яхши” (81−100 балл), 38 та ташкилот “қониқарли” (55−80 балл) ва 15 та ташкилот “қониқарсиз” (55 баллдан паст) дея ажратилди.

Баҳолаш натижаларига кўра, “Ўзбекнефтгаз” АЖ “яхши” деб топилган 42 та давлат ташкилоти рўйхатида бешинчи ўринни эгаллади.

Агентлик хулосасида ушбу ташкилотлар фаолиятида коррупцияга қарши курашиш бўйича белгиланган чоралар тизимли равишда амалга оширилгани таъкидланган. Жумладан, коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш, натижаларига асосан манзилли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, улар самарали амалга ошириб келинган.

Шунингдек, манфаатлар тўқнашувини бошқариш, мониторинг ва назорат тадбирларини амалга ошириш, турли танловлар жараёнида коррупция омилини истисно қилиш, ходимлар ва аҳолини коррупцияга қарши муросасиз руҳда тарбиялашга оид тизимли чоралар кўрилган.

Рейтинг баҳолаш тизими коррупцияга қарши курашиш соҳасида белгиланган вазифаларни самарали мониторинг қилиш билан бирга аниқланган камчиликларни бартараф этиш, соҳада соғлом рақобат муҳитини кучайтириш ҳамда ташкилот раҳбарларининг масъулиятини янада ошириш имконини беради.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Ахборот хизмати