July 26, 2022

“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси бошчилигида жорий йил иккинчи ярим йиллигининг устувор вазифалари ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ишларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди

Бош саҳифа Русский

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан берилган, яъни аҳолини нефть ва газ маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, ички бозорда юзага келиши мумкин бўлган тақчилликка йўл қўймаслик борасидаги топшириқлар сўзсиз бажариш мақсадида, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида департамент бошлиқлари, Жамият тасарруфидаги қазиб чиқариш ва қайта ишлаш корхоналари раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказилди.

Видеоселектор йиғилишдаги асосий масала табиий газ қазиб чиқарилиши ва углеводородлар захирасини ошириш, истеъмолчиларга автобензин, дизель ёқилғиси ва суюлтирилган газ етказиб берилишини таъминлаш ҳамда бу борада қилинаётган ишлар бўлди.

Бошқарув раиси Бухоро нефтни қайта ишлаши заводи томонидан биржа савдоларига қўйилаётган автобензин ҳамда дизель маҳсулотлари ҳажмини ошириш, Аи-80 маркали автобензин маҳсулотларини камида 2500 тонна миқдорда биржа савдоларига қўйлишини таъминлаш бўйича масъулларга топшириқ берди. Шунингдек, барча нефт базалар ҳамда “UNG Petro” корхонаси томонидан истеъмолчиларга етказилишида тўлиқ назоратни ўрнатиш лозимлиги таъкидланиб, “Ишчи гуруҳ” узлуксиз иш олиб бориши бўйича вазифаларни белгиланди.

Бундан ташқари Товар-хом ашё биржаси ва Ўзнефтгазинспекция ташкилотлари билан ҳамкорликда иш олиб борган ҳолда, автобензиннинг истеъмолчиларга етказилишини доимий мониторинг қилиш ҳамда ҳар бир АЁҚШ кесимида автобензин сотилишини ўрганиш белгилаб олинди.

Ушбу йиғилишда айни пайтда истеъмолчиларнинг нефт маҳсулотларига бўлган талабини қондириш баробарида, захира масаласида ҳам алоҳида чора-тадбирларни амалга ошириш зарурлиги, мавжуд 28 минг тонна захира ҳажмини купайтириш ва куз-қиш мавсумига тайёр бўлиш лозимлиги таъкидланди.

Ўз навбатида, юқори октанли автобензин импортига ҳам эътибор қаратиш ва Туркманистон ҳамда Қозоғистон Республикаларидаги ҳамкорлар билан ҳамкорлик масалаларини давом эттириш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.

Пахта йиғим терим мавсуми ва шудгор ишлари олиб борилишини инобатга олган ҳолда истеъмолчилар талабларини қондириш учун мавжуд захирага эга бўлиш бўйича Бошқарув раисининг тегишли ўринбосарлари ва департамент бошлиқларига топшириқлар берилди.

Бунинг учун Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, узлуксиз иш ташкил этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Заводда юқори октанли бензин (AИ-80, AИ-91, AИ-92, AИ-95, AИ-98), дизель ёқилғиси (ЭКО, Евро-4, 5), авиакеросин (Джет A-1), мазут, суюлтирилган газ, олтингугурт, пиролизли газолин, углеводород эритгичи каби нефть маҳсулотлари ишлаб чиқаришда янги натижаларга эришиш ва бу борада амалга оширилиши керак бўлган чораларни кўриш бўйича вазифалар белгиланди.

Шу сабабли, 50 минг тонна хом ашё олиб келиш ҳамда қайта ишлаш ишларида самарали натижага эришиш белгиланди. Шу билан бир қаторда икки ой мобайнида 100 минг тонна захира яратиш масаласи кўриб чиқилди.

Видеоселектор йиғилишида суюлтирилган газ ишлаб чиқариш масаласига ҳам алоҳида ўрин берилди ва Муборак газни қайта ишлаш заводи, Шўртан газ кимё мажмуаси, Шўртан нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси, Газли нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси раҳбарларига 52 минг тонна ҳар ойда суюлтирилган газ ишлаб чиқариш бўйича топшириқ берилди.

Энг аввало “Ҳудудгазтаъминот” АЖ билан ҳамкорликда энг аввало аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш чораларини кўриш, тақчиллик ва узилишлар бўлмаслиги, захира яратишга доир вазифалар белгилаб олинди ҳамда 2022 йилда 666,1 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқаришни таъминлаш вазифаси топширилди.

Ушбу натижаларга эришиш учун энг аввало углеводород хом ашёси захирасини ўстириш яъни табиий газ, газ конденсати қазиб чиқариш ҳажмини сезиларли даражада ошириш лозимлиги қайд этилди.

Бунинг учун эса, геологик-техник тадбирларни, яъни 105 та қудуқни қурилиш билан тугатиш ва ишга тушириш, 594 та қудуқни мукаммал таъмирлаш, 27 та технологик объектларни қуриб ишга тушириш шарт қилиб белгиланди.

Бошқарув раиси нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармалари ҳамда қайта ишлаш заводлари раҳбарларига сўз бериб, уларнинг мавжуд муаммоларини ўрганди ҳамда қисқа фурсатда бартараф этиш учун масъуллар бириктирилди. Йиғилиш давомида молиявий институтлар билан ҳамкорликни кучайтириш ҳамда харидлар бўйича 2023 йилги режани шакллантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|