“Ўзбекнефтгаз”: Эътиборсизлик сабаб турли тушунмовчиликларни келтириб чиқарган “УНГ ПЕТРО” МЧЖ раҳбариятига нисбатан тегишли чоралар кўрилди
“UNG Petro” МЧЖ ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғи телеграм каналида “Наврўз” байрами арафасида эълон қилинган АИ-92 русумли автобензини учун чегирма 1 майдан бошлаб тўхтатилиши ҳақидаги хабар раҳбарият билан келишмасдан жойлаштирилгани ва бу ҳолат бўйича масъулларга нисбатан тегишли чоралар кўрилиши маълум қилинган эди.
Аввал хабар берилганидек, “Ўзбекнефтгаз” АЖ тассаруфидаги “UNG PETRO” МЧЖ томонидан жорий йилнинг 13 март куни “Наврўз” байрами муносабати билан импорт қилинадиган АИ-92 русумли автобензиннинг нархини пасайтириш бўйича баҳорги акция эълон қилинган эди.
Ушбу акциянинг тахминий тугаш муддати ҳақидаги эълон масъуллар томонидан аввалдан тайёрланиб, “UNG PETRO” МЧЖ телеграм канали мессенжерининг хабарларни режалаштириш функциясидан фойдаланган ҳолда автомат эълон қилиниши учун 30 апрель куни чоп этиш режимига қўйилганлиги аниқланди.
АИ-92 русумли автобензин нархларини арзонлаштириш ва аҳолига етказиш бўйича кўрилаётган чоралар натижасидан бехабар бўлган масъулар томонидан назоратсиз қолдирилган акциянинг тахминий тугаши билан боғлиқ бўлган эълон “Ўзбекнефтгаз” АЖ раҳбарияти билан келишилмаган ҳолда “UNG PETRO” МЧЖнинг расмий телеграм каналида автоматик тарзда чоп этилган.
“UNG PETRO” МЧЖ масъулларининг бу ҳатти-ҳаракати ички низом қоида ва талабларини бузилиши деб баҳоланди ҳамда раҳбариятига интизомий жазо қўлланилди.
Ушбу ҳолат, “Ўзбекнефтгаз” АЖ таркибий тузилмалари раҳбарлари ҳамда масъуллари иштирокида ўтказилган йиғилишда муҳокама қилинди. Унда юқоридаги салбий ҳолатга алоҳида урғу қаратилиб, бунда ҳолатлар такрорланмаслиги бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, жаҳон бозорида нефть маҳсулотларини етказиб бериш географияси ва йўналишлари ўзгараётган бир пайтда АИ-92 К5 русумидаги автобензин маҳсулотини тўғридан-тўғри ишлаб чиқарувчидан сотиб олиш ҳисобига йирик компаниялар заводларидан чегирмалар олиш, логистика ҳаражатларини қисқартириш, нефть база ва АЁҚШлардаги устамаларни чегаралаш, импорт хажимларини ошириш ва бошқа тадбирлар эвазига нархларни барқарорлаштириш бўйича қатор чора-тадбирлар давом эттирилмоқда.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ автобензин бўйича эълон қилинган нотўғри хабар туфайли ташвишга тушган кенг жамоатчилик фаоллари ҳамда харидорлардан узр сўрайди.