Самарадорлик паст, энди масъулият оширилади
Нефт ва газ қазиб чиқариш барқарорлгини таъминлаш учун масъул раҳбарларнинг шахсий жавобгарлиги белгиланди.
Аввал хабар берилганидек, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси томонидан нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармалари раҳбарлари иштирокида жорий йил фаолияти натижалари ҳамда 2026 йил учун белгиланган устувор вазифалар юзасидан тақдимотлар кўриб чиқилмоқда.
Дастлаб, Жамиятнинг йиллик табиий газ қазиб чиқаришда 39 фоиз, нефт қазиб чиқаришда 99 фоиз, конденсат бўйича 16 фоиз улушга эга бўлган Муборак нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси фаолияти кўриб чиқилди.
Маълум қилинишича, 2025 йилда бошқарма томонидан 9,7 млрд куб метр табиий газ қазиб олинган бўлиб, прогноз кўрсаткичлари 98,9 фоизга бажарилган. Шу билан бирга, айрим қудуқларда сувланиш ва босимнинг пасайиши, авариявий тўхташлар ҳамда молиявий камчиликлар аниқланган.
Шўртан нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси раҳбарияти тақдимотида коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш бўйича йўл харитасини ишлаб чиқиш, дебитор қарздорликни ундириш ҳамда омборларда тўпланиб қолган 4,7 млрд сўмлик товар-моддий бойликлардан самарали фойдаланиш ҳисобига янги ресурслар харидини чеклаш вазифалари белгиланди.
Шунингдек, қисқа муддатда ортиқча энергия сарфи сабабларини ўрганиб, самарадорликни ошириш бўйича аниқ таклифлар тақдим этиш ҳамда 7 та янги суюлтирилган газни сақлаш резервуарини ишга тушириш топширилди.
Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармаси фаолияти таҳлилига бағишланган тақдимотда қазиб чиқариш режаларининг тизимли равишда бажарилмагани асосий муаммо сифатида ўртага ташланди.
Ушбу бошқарманинг йиллик табиий газ қазиб чиқаришдаги улуши 13,5 фоизни, конденсат бўйича 2 фоизни ташкил этишига қарамасдан, режа кўрсаткичлари таъминланмагани жиддий эътирозларга сабаб бўлди. Қудуқларни ўз вақтида ишга туширмаслик ва пудратчилар фаолияти устидан етарли назорат ўрнатилмагани танқид қилинди.
Бошқарув раиси шу кунгача пудратчилар билан ишлашда иқтисодий самарадорлик, шартномавий мажбуриятлар ва ижро назорати масалалари очиқ қолганига эътироз билдириб, масъул раҳбарлардан аниқ ва асосли жавоблар талаб қилди.
Йиғилиш якунида Муборак, Шўртан ва Устюрт қазиб чиқариш бошқармалари раҳбариятининг жорий йилда газ қазиб чиқаришда йўл қўйган қолоқликлари сабаб фаолияти қониқарсиз деб баҳоланди. 2026 йилда барча кўрсаткичларни сўзсиз таъминлаш бўйича берилган топшириқлар ижроси учун раҳбарларнинг шахсий жавобгарлиги белгиланди.
Шунингдек, Водий нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси фаолияти ҳам кўриб чиқилди. Тақдимотда жорий йилда табиий газ қазиб чиқариш режаси 107,8 фоизга, нефт қазиб чиқариш эса 162,5 фоизга бажарилгани қайд этилди. Шу билан бирга, Бошқарув раиси мазкур бошқарманинг келгуси истиқболини ўрганиш ва уни янада ривожлантириш бўйича таклифлар киритиш вазифасини белгилаб берди.
Бошқармалар раҳбарлари билан мулоқотларда энг асосий масалалардан бири оддий ишчиларнинг яшаш шароити, ижтимоий мухофазаси бўлди. Хусусан, завод ва конларда ишлаётганлар учун муносиб меҳнат ва яшаш шароитларини яратиш долзарб аҳамият касб этиши таъкидланди.
— Ишчиларнинг конларга хавфсиз қатнови, ижтимоий ҳимояси, турар жойи, озиқ-овқати, махсус кийим-кечаги ҳамда моддий таъминоти белгиланган талаблар даражасида бўлиши шарт, — деди Бошқарув раиси.
Йиғилишда Муборак, Шўртан нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаларида ишлайдиган вахта ишчиларини хавфсиз ташиш учун бугунги кунда яроқсиз ҳолатга келган автобуслар ўрнига замонавийсини сотиб олиш бўйича масъулларга топшириқ берилди.
Тақдимотда Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли эски 60 ўринга мўлжалланган ётоқхонада бугунги кунда 140 нафар ишчи яшаётгани танқид қилиниб, бошқарма ишчи меҳнатчилари учун янги, барча талабларга жавоб берадиган замонавий ётоқхона қуриш вазифаси масъулларга юклатилди.
Қабул қилинган қарорлар ишчилар саломатлиги, меҳнат унумдорлиги ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, қазиб чиқариш ҳажмларини ошириш, хавф-хатарларни камайтириш ва молиявий самарадорликка эришишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.