August 20, 2022

“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси бошчилигида 2022 йил учун белгиланган кўрсаткичлар ижроси ва режалаштирилаётган устувор вазифаларга доир йиғилиш ўтказилди (Фото)

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида Бошқарув раисининг ўринбосарлари, Жамият марказий аппаратининг департаментлари, Бошқарма, завод ва бошқа тизим корхоналари раҳбарлари иштирокида 2022 йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ишлар сарҳисоби, белгиланган кўрсаткичларнинг бажарилишига доир видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Бошқарув раиси йиғилиш аввалида тизим корхоналарида трансформация жараёнининг ҳозирги ҳолати, ишчи-ходимлар учун яратилган шароитлар ҳақида ўз фикрларини билдириб, ҳар қайси жамоада аввало тартиб-интизом бўлиши, қилинаётган ишларнинг натижадорлигини таъминлаш кераклигини таъкидлаб ўтди.

Ҳар бир раҳбар Бошқарув раисига ҳар ҳафтада ходимлари билан ўзаро муносабатлари ҳамда уларнинг мурожаатлари ўрганилгани, сафар давомида қилинган ишларга оид оператив тарзда ҳисобот бериб бориши шарт эканлигини таъкидлади.

Раҳбар нафақат коррупциядан холи бўлиши балки шу билан бир қаторда қўл остидаги ишчи-ходимлар учун барча шароитларни яратиши, уларнинг шароитларини яхшилашга мажбур экани билдирилди.

Бошқарув раиси ўринбосарлари ҳамда департамент раҳбарларига ҳар ҳафта ҳудудларга чиқиш ҳамда у ердаги мавжуд муаммолар мониторингини олиб бориш, аниқланган муаммоларни бартараф этиш учун кечиктириб бўлмас чора-тадбирларни амалга ошириш кераклиги қайд этилди.

Йиғилишда шунингдек, 2022 йилнинг ортда қолган даврида табиий газ қазиб чиқариш, газни қайта ишлаш ҳамда нефть маҳсулотлари ишлаб чиқаришга доир белгиланган кўрсаткичларнинг бажарилиши, режалаштирилган ишлар ҳамда бошқа қатор масалалар муҳокама қилинди.

Корхона ва заводларда рўй берадиган авария ҳолатларининг олдини олиш чораларини кўриш кераклигини таъкидлаб, тўхталишлар бўлмаслиги учун барча зарурий чоралар белгилаб берилди.

Бошқарув раиси Бухоро нефтни қайта ишлаши заводи томонидан биржа савдоларига қўйилаётган автобензин ҳамда дизель маҳсулотлари ҳажмини ошириш бўйича масъулларга топшириқ берди.

Бундан ташқари Товар-хом ашё биржаси ва Ўзнефтгазинспекция ташкилотлари билан ҳамкорликда иш олиб борган ҳолда, автобензиннинг истеъмолчиларга етказилишини доимий мониторинг қилиш ҳамда ҳар бир АЁҚШ кесимида автобензин сотилишини ўрганиш белгилаб олинди.

Видеоселектор йиғилишида суюлтирилган газ ишлаб чиқариш масаласига ҳам алоҳида ўрин берилди ва Муборак газни қайта ишлаш заводи, Шўртан газ кимё мажмуаси, Шўртан нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси, Газли нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси раҳбарларига 52 минг тонна ҳар ойда суюлтирилган газ ишлаб чиқариш бўйича топшириқ берилди.

Энг аввало “Ҳудудгазтаъминот” АЖ билан ҳамкорликда энг аввало аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш чораларини кўриш, тақчиллик ва узилишлар бўлмаслиги, захира яратишга доир вазифалар белгилаб олинди ҳамда 2022 йилда 666,1 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқаришни таъминлаш вазифаси топширилди.

Йиғилишда қатнашган тизим корхоналари раҳбарларининг ҳам ҳисоботи ва куз-қиш мавсумига кўрилаётган тайёргарлик жараёнлари бўйича ахборотлари тингланди.

Бундан ташқари, маҳаллий тадбиркорлар учун кенг имкониятлар яратиш ҳамда улар билан доимий алоқаларни ўрнатиш бўйича топшириқлар берилди ҳамда сентябрь, октябрь, ноябрь ойларида ўзаро учрашувлар, кўргазмалар ташкил қилиш орқали мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатиш бўйича вазифалар белгилаб берилди.

Шунингдек, Бошқарув раиси томонидан Молиявий комплаенс назорат департаменти раҳбарига ноқонуний хатти-ҳаракатларига барҳам бериш борасида алоҳида топшириқлар бериб, аниқланаётган камчиликлар, талон-тарож ҳолатларини ОАВ орқали эълон қилиб бориш кераклиги таъкидланди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|