December 1

Ёшлар учун “Uzbekistan GTL” заводига экскурсия ташкил этилди

Тизимдаги ёш кадрларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг амалий тажрибасини ошириш ҳамда корхона ва заводлар фаолияти билан яқиндан таништириш мақсадида мунтазам равишда ишлаб чиқариш обектларига экскурсиялар ташкил этиб келинмоқда.

“Uzbekistan GTL” МЧЖ заводида ўтказилган навбатдаги экскурсияда ҳам тизим тасарруфидаги корхоналар ёш ходимлари иштирок этди.

Ёшлар хавфсизлик техникаси бўйича кириш йўриқномаси билан таништирилгач, заводнинг лойиҳаланиш босқичидан тортиб бугунги кунгача бўлган ривожланиш босқичлари ҳақида батафсил тақдимот намойиш этилди.

Шундан кейин иштирокчилар масъул мутахассислар ҳамроҳлигида асосий ишлаб чиқариш майдонлари, технологик жараёнлар ва Бошқарув маркази фаолияти билан ҳам танишиш имконига эга бўлдилар.

Арктик дизел ёқилғисининг –40°C ҳароратда ҳам ўз физик-кимёвий хусусиятларини сақлаб қолиши Марказий лабораторияда амалий мисолда намойиш қилинди.

Тадбир якунида очиқ мулоқот ва давра суҳбати ташкил этилиб, унда ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олдилар.

Бундай экскурсиялар ёш мутахассисларнинг касбий салоҳиятини ошириш, ўзаро тажриба алмашиш ва нефт-газ саноати ривожига муносиб ҳисса қўшишлари учун муҳим имконият яратади.

“Uzbekistan GTL” МЧЖ Ахборот хизмати