“Ўзбекнефтгаз”: Республика тармоқлараро саноат ярмаркасида кооперация алоқаларини кенгайтириш бўйича келишувларга эришилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 11 ноябрдаги 637-ф-сон фармойишига мувофиқ мувофиқ жорий йилнинг 14-18 ноябрь кунлари кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган Республика тармоқлараро саноат ярмаркасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва унинг тизим корхоналари иштирок этмоқда.
Республиканинг 21 та тармоқ ва 14 та ҳудудларидан жами 5000дан зиёд корхона иштирок этаётган ушбу тадбирда Бошқарув Раиси Меҳриддин Абдуллаев топшириғига кўра “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва тизим корхоналари тармоқда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотлари ҳамда импорт намуналари билан қатнашмоқдалар.
Шу жумладан, “Uzbekistan GTL” МЧЖ янги турдаги синтетик ёқилғилари, “Uz-Kor Gas Chemical” МЧЖ ҚК ва “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ юқори сифатли полимер маҳсулотлари, уларни қайта ишлаш натижасида маҳаллийлаштирилган полимер қувурлари, томчилатиб суғориш тизими эҳтиёт қисмлари, композит панеллари, халқ истеъмоли моллари, “Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖ кенг спектрдаги ёқилғи маҳсулотлари, Муборак ГҚИЗ, Муборак, Шўртан, Газли ҳамда Устюрт нефтгаз қазиб чиқариш бошқармалари импортдан харид қилинадиган маҳсулотлари намуналари билан иштирок этишмоқда.
Жорий йилда илк бора нефтгаз қазиб чиқариш бошқармалари ускуналари учун Германия, Италия, Россия, Украина каби хорижий давлатлардан импорт қилинадиган юқори қувватли “НК”, “АИ” маркали газтурбина двигателлари, кучланиш турбиналари, газ агрегатлари, юқори ҳажмли беркитиш-бошқариш қурилмалари ва уларнинг эҳтиёт қисмлари намуналари ҳам намойиш қилинмоқда.
Тадбирнинг биринчи кунида “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти Бошқаруви Раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги мутахассислар гуруҳи ҳамда тизим корхоналари раҳбарлари бир қатор маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналари вакиллари билан музокаралар ўтказишди.
Жумладан, “Chilon Lubricants” МЧЖ билан Муборак НГҚЧБнинг сиқув компрессор станцияларида қўлланиладиган импорт “Pegasus 805” маркали мойларни маҳаллий “SAE 40” мойлар билан алмаштириш имкониятлари кўриб чиқилди. Янги маҳсулотни саноат-тажриба синовларидан ўтказиш ҳамда келгусида ўзлаштириш мақсадида икки томонлама “Йўл харита” ишлаб чиқишга келишилди. Ҳужжат доирасида “Chilon Lubricants” МЧЖ мутахассислари билан Муборак ҳудудида ўрганишлар олиб борилиб, техник кўрсаткичларга эришиш ҳамда сиқув компрессор станциясининг узлуксиз, беталофат ишлатиш, мойни кафолатлигини таъминлаш имкониятлари кўриб чиқилади.
Шунингдек, тизим корхоналари учун диэтиленгликоль, диэтаноламин каби кимёвий реагентлар, шунингдек бурғулаш корхоналари учун кимёвий маҳсулотларни корхона базасида ўзлаштиришга келишиб олинди.
“Карбон полимер” МЧЖ билан “Ўзбекнефтгаз” АЖ тармоқ корхоналарининг 2023 йилги эҳтиёжлари асосида тиқинлар, муфталар ва сальникларни ўзлаштириш, шунингдек корхона томонидан ишлаб чиқариладиган капролан халқаларини тизим корхоналарида саноат-тажриба синовларидан ўтказиш бўйича меморандум имзолашга келишилди.
Фарғона вилоятида жойлашган “Штурвал” МЧЖ билан учрашувда Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи учун активлаштирилган кўмир ҳамда силикагель маҳсулотларини муваффаққиятли ўзлаштирилгани эътироф этилди. Ижобий тажрибани инобатга олиб, 2023 йилда “Ўзбекнефтгаз” АЖ тармоқ корхоналарида қўлланиладиган натрий цеолит кимёвий реагентини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва саноат-тажриба синовларидан ўтказиш бўйича келишувларга эришилди.
“Drill Flot Asia” МЧЖ билан 10 йилдан ортиқ муддатда ишламаётган Шўртан НГҚЧБнинг қудуқларни мукаммал таъмирлашда қўлланиладиган “Кенворд” юқори қувватли насоси ва “Кенворд Колтюбинг” қурилмасини таъмирлаш ва ишлаб чиқариш жараёнида қайта тиклаш, шунингдек тизим газ қудуқларида қўлланиладиган бурғулаш тирсакларини етказиб бериш бўйича келишиб олинди.
“Neo Steklo Plast” МЧЖ билан Муборак ГҚИЗнинг “АВО” қурилмасининг металл парракларини композит материаллардан ишлаб чиқариш, уни саноат-тажриба синовларидан ўтказиш ва бу ишлар натижасида 30 фоиз электр энергиясини тежаш бўйича муҳокамалар ўтказилди.
Бундан ташқари мутахассислар гуруҳи томонидан “Ўзбекнефтгаз” АЖ билан ҳамкорликда “шатакка олиш” механизми асосида ишланаётган Чирчиқ шаҳрида жойлашган “Process and water chemical” МЧЖ билан кимёвий реагентлар, “Узпромарм” МЧЖ билан янги турдаги шарли кранлар, беркитиш-бошқариш қурилмалари, “Дрессер Рэнд” МЧЖ ҚК ҳамда “Махсус энергогаз” АЖ билан янги турдаги саноат хизматларини ўзлаштириш имкониятлари кўриб чиқилди ва келишувларга эришилди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил январь-октябрь ойларида республика ҳудудларида бўлган саноат ярмаркалари ҳамда “Ўзбекнефтгаз” АЖ корхоналарига уюштирилган кооперация турлари доирасида 140 та маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналари билан жами 226 та ўзаро англашув меморандумлари имзоланди. Мазкур меморандумлар бўйича “йўл хариталари” шакллантирилиб, уларни ижроси юзасидан доимий равишда амалий ишлар олиб борилмоқда. Бугунги кунга келиб ушбу ҳужжатлар доирасида қиймати 96,2 млрд. сўмлик 272 та шартномалар имзоланди.
Республика тармоқлараро саноат ярмаркаси ўз ишини давом эттирмоқда.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш
|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|