November 12, 2022

“Ўзбекнефтгаз”: Қашқадарёдаги “Денгизкўл” конида 2-сонли сиқув компрессор станцияси ҳамда “Тегирмон-Сомонтепа” газ қувури ишга туширилди (Фото)

Бош саҳифа Русский

Жорий йилнинг 12 ноябрь куни Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли “Денгизқўл” конидаги иккинчи сиқув компрессор станцияси ҳамда “Тегирмон-Сомонтепа” газ қувурининг ишга туширилиши муносабати билан тантанали маросим ўтказилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев мамлакатимиз аҳолисини ва иқтисодиёт тармоқларини, айниқса куз-қиш мавсумида табиий газ билан узлуксиз таъминлаш устувор вазифа эканлиги таъкидлаб, ишга туширилган ушбу объектлар юқоридаги мақсадларга хизмат қилиши муқаррар ҳисобланишини таъкидлади.

Муборак бошқармасининг “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан қазиб чиқарилаётган табиий газдаги улуши деярли 45 фоизни ташкил қилади. 2022 йилда бошқарма конларидан 15,0 млрд. куб метр табиий газ қазиб чиқариши кутилмоқда.

Ҳудудда геология-қидирув ишларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилиб, 2017-2021 йилларда жами 6 та углеводород конлари очилди (“Чордарбаза”, “Дўлтатепа”, “Қуйи Помуқ”, “Янги Олот”, “Ижобат”, “Раззоқбобо”) ва 74,6 млрд куб метр ҳажмда табиий газ ҳамда 3,1 млн тонна ҳажмда суюқ углеводородлар захираси ўстирилди.

Жорий йилнинг январь-октябрь ойларида бажарилган ишлар натижасида 2 та янги кон очилди (“Қуйи Помуқ”, “Янги Олот”) ҳамда 6,2 млрд куб метр ҳажмда табиий газ ва 356 минг тонна ҳажмда суюқ углеводородлар захираси ўстирилди. Йил охирига қадар бу кўрсаткични 12,0 млрд куб метрга етказиш кутилмоқда.

Лойиҳа бош пудратчиси – “Enter Engineering” компанияси томонидан қисқа муддатларда қиймати 87,8 млн. долларлик технологик объект қуриб битказилди. Замонавий газ-турбина ускуналари ва компрессорлар етакчи хорижий компаниялар, яъни “Baker Hughes”, “Акчелик”, “ДенЭйр Энержи”, “ИГНК”, “Шандонг Винтех” ва бошқа компаниялар томонидан етказиб берилди.

Мазкур қурилмани фойдаланишга топшириш натижасида кунлик қўшимча 1 млн. куб метр газ қазиб олиш имкони яратилди. Шу билан бирга, узунлиги 47 километр бўлган “Тегирмон-Сомонтепа” газ қувурининг қурилиши йилига 1 млрд. куб метр газни транспортировка қилиш имконини беради.

Ўтган йили “Алан” ва “Зеварда” сиқув компрессор станцияларининг ишга туширилиши, бугун эса “Денгизкул” сиқув компрессор станциясининг фойдаланишга топширилиши кўзланган мақсадларга эришишга ёрдам беради.

Юқоридаги объектларни қуришга жонбозлик кўрсатган 40 дан ортиқ ишчи ва ходимлар, жумладан технологик ускуналарнинг ишлаб чиқарувларни жамият раҳбариятининг ташаккурномаси ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Маълумот учун. “Денгизкўл” кони 1981 йилда Бухоро-Хива ҳудудида очилган йирик конлардан бири бўлиб, бошланғич захираси 160 млрд. куб метр табиий газни ташкил қилган. Бу ерда газни комплекс тайёрлаш қурилмаси фойдаланишга топширилган, кейинчалик кон қатлам босимининг кескин равишда тушиб боришини ҳисобга олиб 2009 йилда биринчи сиқув компрессор станцияси қуриб ишга туширилган.Кондаги қолдиқ 37 млрд. куб метр газ ва 1,3 млн. тонна конденсат захираларини максимал даражада қазиб олиш мақсадида, иккинчи сиқув компрессор станциясини қуриш қарори қабул қилинган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|