Ёш мутахассислар Европада малака ошириб қайтди
“Uzbekistan GTL” МЧЖ заводининг 8 нафар ёш мутахассиси Германия ва Нидерландияда жойлашган “Flowserve” компанияси заводларида халқаро тренингларда иштирок этиб, ўз малакасини оширдилар.
Ўқув жараёнида насос, компрессор, қувурлар конструкцияси, уларни лойиҳалаш, техник чизмалар ҳамда ёрдамчи тизимлар билан атрофлича танишилди.
Амалиёт машғулотларида ускуналардаги носозликларни аниқлаш ва бартараф этиш, профилактика ишларини самарали олиб бориш, шунингдек, қурилмаларни монтаж ва демонтаж қилиш жараёнлари ўргатилди.
Тренингнинг муҳим қисми сифатида сифат назорати, газ муҳрлаш тизимлари ва саноат хавфсизлигида замонавий ёндашувларга алоҳида эътибор қаратилди. “Flowserve” ишлаб чиқариш бўлинмаларига ташрифлар эса мутахассисларга “Uzbekistan GTL” заводида қўлланилаётган илғор технологияларнинг жонли жараёнларини кўриш имкониятини берди.
Маълумот учун: 1790 йилда ташкил топган ва АҚШнинг Техас штатидаги Ирвинг шаҳрида жойлашган “Flowserve” дунёдаги энг йирик насос, клапан ва зичлагич ишлаб чиқарувчилардан бири ҳисобланади. Компания 55 дан зиёд давлатга нефт-газ, кимё, энергетика ва бошқа тармоқларга юқори технологияли ускуналарни етказиб беради.