Ҳар бир амалий кўмак ёшларни муносиб ҳаётга чорлайди
Жорий йил март ойида Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда алоҳида ишлаш талаб этиладиган ёшларни мансабдор шахсларга бириктириш орқали қўллаб-қувватлаш масаласи муҳокама қилинди.
Шу ўринда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ёшлар сиёсатида мутлақо янги тизим жорий этилганини қайд этиш зарур. 2023 йилдан бошлаб мамлакатимизда "маҳалладан вазирликкача" тамойили асосида “маҳалла – туман – вилоят – республика” тизими шакллантирилди. “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раисига бириктирилган ёшлар билан ҳам индивидуал тарзда иш олиб бориш амалиёти тизимли равишда йўлга қўйилди.
2024 йилда Жамият Бошқарув раисига номма-ном бириктирилган Тошкент туманида истиқомат қилувчи 28 нафар оғир тоифадаги ёшга манзилли, тизимли кўмак кўрсатилди. Энг аввало, Тошкент туманидаги 4-, 9 ва 27-умумтаълим мактаблари ҳудудларида барча шароитларга эга бўлган замонавий спорт майдончаси, энг сўнгги компютерлар ва дастурий таъминот билан жиҳозланган IT хоналари ҳамда мўжазгина кутубхоналарни ўзида жамлаган Ёшлар марказлари фаолияти йўлга қўйилди. Бу албатта ҳудуд аҳолисининг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, улар имкониятларини тўлалигича рўёбга чиқариш учун янги имкониятлар эшигини очди.
Шунингдек, бириктирилган ёшларнинг 7 нафари бандлиги таъминланди, 10 нафарига психолог ёрдами кўрсатилди, 6 нафарига моддий ёрдам ажратилди. Хулқи ижобий томонга ўзгарган 12 нафар ёш пробация ва 1 нафар ёш профилактика ҳисобидан чиқарилди. 4 нафар ёшга ўзини ўзи банд қилиши учун асбоб анжомлар ажратилди.
Жорий йилда ҳам Комиссия томонидан мамлакатимиздаги мавжуд 9 452 та маҳаллада хонадонма-хонадон ўрганишлар натижасида 14-30 ёш орасидаги 9,2 миллион ёш “ёшлар баланси”га киритилган.
Куни кеча “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси жорий йилда бириктирилган Бекобод туманидаги 5 та маҳаллада яшовчи жами 54 нафар ёш билан учрашди. Мулоқот чоғида уларнинг оилавий, ижтимоий ҳолати, муаммолари, қизиқишлари, орзулари ҳақида суҳбатлашилди.
Энди ушбу ёшларга кўмаклашиш учун амалга оширилиши лозим бўлган вазифа ва тадбирлар ишлаб чиқилади. Вазифаларнинг ижроси келгусида мунтазам равишда ташкил этиб бориладиган учрашувларда назорат қилиб борилади.
Ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётда муносиб ўрин эгаллаши, муаммоларини ҳал этиш ва хулқ-атворини тузатишга қаратилган бу каби тизимли ёндашув, шубҳасиз, мамлакатимиз келажагини барпо этаётган ёш авлодга таянч бўлиб хизмат қилади.