Самарқандда минтақада нефт-газ саноати ҳамкорлиги муҳокама қилинмоқда
Жорий йил 9–11 сентябр кунлари Самарқанд шаҳрида “Марказий Осиё ва Каспий нефт-газ кимёси ва нефтни қайта ишлаш” мавзусида нуфузли бизнес-саммит бўлиб ўтмоқда.
Анжуманда 350 дан ортиқ мутахассис, жумладан давлат органлари вакиллари ҳамда минтақа ва дунёдаги етакчи компаниялар – “O‘zbekneftgaz”, “KazMunayGaz”, SOCAR, “KMG PetroChem”, “Honeywell”, “Worley Consulting” ва бошқалар иштирок этмоқда.
Саммит маҳаллий ва халқаро экспертлар ўртасида тажриба алмашиш, инновацион технологияларни намойиш қилиш ва минтақанинг энг йирик энергетика лойиҳаларини муҳокама этиш учун муҳим платформа ҳисобланади.
Тадбирнинг дастлабки куни “Янги босқич – Марказий Осиё ва Каспийда нефтни қайта ишлаш ва нефтгазкимё трансформацияси” мавзусидаги пленар сессия билан бошланди.
Унда модернизация жараёнлари, инвестицияларни жалб этиш, хомашёни диверсификация қилиш, импорт ўрнини босиш ҳамда минтақавий энергетик ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди.
Ушбу сессияда “Ўзбекнефтгаз” АЖ департамент бошлиғи Аброржон Худойберганов ҳамда “Uzbekistan GTL” МЧЖ бош директори Алишер Баҳодиров ўз фикр ва таклифлари билан қатнашдилар.