Аҳоли бандлигини таъминлашда ҳам муҳим қадамлар ташланмоқда
“Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ нафақат мамлакатимиз энергетика соҳасида, балки ижтимоий йўналишдаги лойиҳаларда ҳам фаол иштирок этиб келмоқда.
Хусусан, мажмуа Миграция агентлиги, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳамда Германиянинг “Avestos” компанияси билан ҳамкорликда қашқадарёлик фуқароларни Германияда кафолатланган иш ўринлари билан таъминлашга қаратилган лойиҳани амалга оширмоқда.
Ҳозирда мазкур ҳамкорлик доирасида Қарши шаҳрида жойлашган Касбий кўникмалар марказида ишчи гуруҳ ташкил этилган бўлиб, лойиҳа доирасида 25 та касб тури бўйича Германияда ишлаш имкониятини яратиш, бепул немис тили курслари ва касбий тайёргарлик дастурларини амалга ошириш, шунингдек, таълимни муваффақиятли якунлаган фуқароларни Германияда кафолатланган ва қонуний меҳнат шартномалари асосида ишга жойлаштириш масалалари юзасидан ишлар олиб борилмоқда.
Германиянинг Немис корхоналари ассоциацияси вакилларидан иборат делегация аъзолари Ўзбекистонга ташрифи доирасида “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖда ҳам бўлишди. Мажмуанинг технологик ҳудуди, ишлаб чиқариш салоҳияти ҳамда мавжуд хавфсизлик инфратузилмаси билан танишдилар.
Шундан сўнг томонлар ҳамкорлик доирасида амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳаларни муҳокама қилиш мақсадида музокаралар ўтказишди.