“Ўзбекнефтгаз”: Мутахассисларнинг нефть ва газ қудуқларини аниқлашда замонавий технологиялардан фойдаланиш бўйича билимлари мустаҳкамланди
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2020 йил 5 ноябрда қабул қилинган “Рақамли Ўзбекистон — 2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”Ги Фармонининг ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев топшириғи билан Конларни ишлатиш департаменти таркибида “Моделлаштириш маркази” ташкил қилинди. Моделлаштириш маркази томонидан ҳозирги кунга қадар 120 та геологик, 73 дан ортиқ гидродинамик, 40 та тармоқ ва 2 та интеграл модел ҳамда миллий маълумотлар базаси яратилиб, ишлаб чиқаришга фаол татбиқ этилди.
Марказнинг фаолиятини янада ривожлантириш мақсадида мутахассислар учун сейсмик маълумотларни қайта ишлашда замонавий технологиялардан фойдаланиш бўйича ўқув курси ташкил қилинди.
Ушбу ўқув курси “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Schlumberger” компанияси ҳамкорлигида ташкил қилинди. Унда республикамиз конлари ва янги ҳудудларининг геологик моделларини тузишда геологик ва геофизик маълумотларни таҳлил қилишнинг замонавий технологияларини ишлаб чиқариш жараёнига татбиқ этиш орқали янги излов-қидирув ва ишлатиш қудуқларини жойини аниқлашда ноаниқликлар ва хавфларни камайтириш бўйича мавзуларда маърузалар қилинди.
Ўқув курси амалий машғулотларлар ва тажриба алмашиш билан бирга кенг муҳокамаларга бой тарзда ўтди. Тренинг якунида иштирокчиларга “Schlumbegrer” компаниясининг “Petrel Geophysical Interpretation” йўналишида халқаро стандартларга мос келувчи сертификатлар топширилди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш