July 15, 2022

“Ўзбекнефтгаз”: “ИННОПРОМ-2022” кўргазмасида хорижий ҳамкорлар билан кооперация алоқалари мустаҳкамланди

Бош саҳифа Русский

Жорий йилнинг 4-7 июль кунлари Россия Федерациясининг Екатеринбург шаҳрида “ИННОПРОМ” халқаро кўргазма ўтказилди. “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғига биноан ушбу кўргазмада акциядорлик жамияти вакиллари ҳам иштирок этишди.

Мазкур тадбир Россия Федерацияси Саноат ва савдо вазирлиги ташаббуси билан ҳар йили ўтказилиб келинади. Жорий йилда ушбу кўргазмада дунёнинг 25 та давлатидан 600 дан ортиқ компаниялар ёқилғи-энергетика, машинасозлик, металлургия, енгил саноат, автомобилсозлик, авиация, қурилиш ва темирйўл муҳандислиги каби соҳаларда энг сўнгги саноат ишланмалари билан иштирок этишди.

Форумнинг очилиш маросимида Россия Федерацияси Бош вазири М.Мишустин, Қозоғистон Республикаи Бош вазири А.Смаилов, Свердловск вилояти губернатори Е.Куйвашевлар иштирок этишди. “ИННОПРОМ-2022” 12-халқаро саноат кўргазмаси “Саноатга ўтиш: муаммолардан янги имкониятларга” шиори остида ўз ишини олиб борди.

2021 йилда кўргазма доирасида ўтказилган форумда асосий мавзу COVID-2019 эпидемияси ва коронавирус чекловлари остида саноатни ривожлантириш учун янги имкониятлар излаш бўлган бўлса, жорий йилда янги таъминот занжирларини излаш ва давлатларнинг технологик суверенитетини таъминлаш масаласи кун тартибида бўлди. Қозоғистон Республикаси ушбу йилда кўргазманинг асосий ҳамкор давлати сифатида иштирок этди.

МДҲнинг бошқа бир қатор давлатлари Беларусь, Арманистон, Қозоғистон сингари Ўзбекистон Республикаси ҳам ушбу форумда “Made in Uzbekistan” дастури асосида ягона умумлаштирилган стенд билан иштирок этди. Ушбу стенд орқали “Ўзбекнефтгаз” АЖ бўйича ҳам атрофлича маълумотлар тақдим этилди (буклетлар, каталоглар, видео материаллар).

“Ўзбекнефтгаз" АЖ мутахассислари халқаро кўргазманинг асосий тадбирларида, жумладан, ялпи ва секция мажлисларида иштирок этишди. Ишбилармон доира вакилларининг “В2В” ва “B2G” форматларида ҳамкорлик ва кооперация алоқаларини ўрнатиш масалалари бўйича ўтказилган учрашувларида кўпгина масалалар бўйича келишувларга эришилди.

Хусусан, Татаристон Республикасининг “Татнефть” АЖ вакиллари билан учрашувда биргаликда олиб борилаётган лойиҳалар ҳолати кўриб чиқилди, компаниялар ўртасида кооперация алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.

Шунингдек “Трубная Металлургическая Компания” АЖ компанияси вакиллари билан учрашувда амалдаги мавжуд шартномалар ҳолати кўриб чиқилди. “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг қувур маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи бўйича қўшимча маълумотлар тақдим этилди, янги ўзлаштирилаётган қувурларни “Ўзбекнефтгаз” АЖ объектларида қўллаш имкониятлари муҳокама қилинди.

Бундан ташқари “ПромПерлит” МЧЖ корхонаси вакиллари томонидан маҳсулотлар ва ишлаб чиқариш намуналари тақдимоти ўтказилди. Маҳаллий “Навкар перлит” МЧЖ негизида ишлаб чиқариш имкониятларини ўрганиш мақсадида янги маҳсулот намуналари тақдим этилди.

Кўргазмада нефть ва газ тармоғидаги янги инновацион ишланмалар билан қатнашган ишлаб чиқариш корхоналари маҳсулотлари бўйича маълумотлар базаси шакллантирилди. Хусусан, “ЭРИС” (газоанализатор), “ЭлектроАвтомат” (автомат, модул), “БСК” (кимёвиий маҳсуотлар), “SILUMIN-VOSTOK” (электротехника), ПРОМСИТЕХ” (ўлчов назорат ускуналари),
“ЛГ автоматика” (пневматик клапанлар) ва бошқалар шулар жумласидандир.

Учрашувлар давомида хорижий компанияларга "Ўзбекнефтгаз" АЖ корхоналарининг тайёр маҳсулотлари, шунингдек, уларни ишлаб чиқариш учун зарур бўлган ҳомашё, бутловчи буюмлар ва материаллар шунингдек виртуал кўргазмаси ҳақида маълумот берилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|