July 25, 2022

"Ўзбекнефтгаз": Замонавий технологияларни тадбиқ этиш орқали илгари аниқланмаган янги қатламдан углеводород оқими олинди

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғига кўра, конларда табиий газ қазиб чиқаришни кўпайтириш, углеводородлар захирасини ошириш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, қудуқларда капитал таъмирлаш ишларини бажариш баробарида, янги қудуқлар бурғиланиб, тугатилган қудуқлар мажмуасида турганлари эса мураккаб таъмирлаш ишлари олиб борилгандан кейин ишга қўшилмоқда.

Жорий йилнинг июль ойида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Конларни ишлатиш департаменти мутахассислари томонидан геофизик тадқиқотлар йўналишида янги технологияларни жорий этиш мақсадида Устюрт газ қазиб олиш бошқармасига қарашли “Шимолий Бердақ” конининг 42-сонли қудуғида капитал таъмирлаш жараёнида қолиб кетган маҳсулдор қатламларни аниқлаш учун “GIRS GLOBAL” МЧЖ қўшма корхонасининг Электр дивергент каротаж (ЭДК) ускунаси орқали тажриба синов ишлари ўтказилди.

Ушбу қудуқдан олинган янги геофизик маълумотларни ўрганиш жараёнида мутахассислар томонидан олдин газ билан тўйинган, илгари аниқланмаган янги қатламлар топилди. Янги газга тўйинган қатламларни тасдиқлаш мақсадида “Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш” АЖ мутахассислари томонидан тўлиқ сувланган маҳсулдор қатламлар беркитилди ва ЭДК ускунаси орқали 1967-1963м, 1904-1899м, 1861-1858 метр оралиқлари перфорация қилинди

Қудуқни ўзлаштириш натижасида саноат миқёсидаги табиий газ ва газ конденсати оқими олишига эришилди. Ўтказилган тадқиқотлар натижаларига кўра, кунлик 12мм штуцерда табиий газ 133 минг метр куб ва газ конденсати 1,5 тоннани ташкил этди. Мукаммал таъмирлашдан сўнг қудуқ ишга туширилди.

Мазкур маҳсулдор қатламларни аниқлашда “Ўзбекнефтгаз” АЖ, Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармаси ва маҳаллий пудратчи ташкилот мутахассисларининг ҳамкорликдаги иштироки муҳим аҳамият касб этди.

Маълумот учун: “Шимолий Бердақ” газконденсат кони Қорақалпоғистон Республикаси Муйноқ тумани ҳудудида жойлашган бўлиб, 2006 йилда ишлатишга қўшилган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|