January 30, 2023

“Ўзбекнефтгаз”: Нефть ва газ геология-қидирув ишлари маълумотларининг электрон базаси кенгайтирилмоқда

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғи билан кўп йиллик нефть ва газ геология-қидирув ишлари маълумотларини қоғоз нусхалардан электрон нусхаларга ўтказиш орқали геологик маълумотларнинг электрон базаси кенгайтирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 18 ноябрдаги “Нефть ва газ геология-қидирув ишларини ташкил этиш ва олиб бориш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан замонавий дастурий таъминот тўплами, юқори сифат даражасига эга бўлган катта сиғимли компьютер техникалари, катта форматли сканерлар, рангли принтерлар ҳамда интерактив панеллар ҳарид қилиниб, геология-қидирув ишлари жараёнига татбиқ этилди.

Бугунги кунда, катта форматли сканер ускунаси ёрдамида жами 460 тага яқин қудуқ бўйича 17 мингдан ортиқ каротаж диаграммалари, 100 та майдоннинг геофизик паспорт маълумоти, 130 дан ортиқ қудуқнинг геологик маълумотлари, кон ва майдонларнинг геологик ҳамда заҳиралар ҳисоботлари қоғоз нусхалардан электрон нусхаларга ўтказилди.

Бу билан “Ўзбекнефтгаз” АЖда нефть ва газ геология-қидирув ишлари маълумотларининг электрон базасини ривожлантириш бўйича дастлабки ишлар йўлга қўйилди.

Келгусида, барча геологик маълумотлар қоғоз нусхалардан электрон нусхаларга тўлиқ ўтказилади ҳамда замонавий ахборот дастурлари ва ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ қилиш орқали геологик маълумотларнинг босқичма-босқич рақамлаштирилиши амалга оширилади.

Бу ўз навбатида, республикада нефть ва газга геология қидирув ишларини тезкор ва самарали ташкил қилинишига замин яратади ҳамда ер қаъри участкаларини геологик ўрганиш бўйича мавжуд геологик маълумотларнинг асрлар мобайнида сифатли сақланиб борилишини таъминлайди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|